Францияда католик черковларида юз берган жинсий тажовузлар ҳақида маълумот йиғиш учун ажратилган телефон рақамига 17 ой ичида 6,5 мингта қўнғироқ бўлган. Бу ҳақда “Евроньюс” хабар бермоқда.
Жинсий тажовуз бўйича шикоятларни ўрганиш учун тузилган мустақил комиссия раиси Жан-Макр Сов 31 октябрга қадар бўлган телефон қўнғироқлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. Унинг билдиришича, қўнғироқ қилганларнинг 62 фоизи эркаклар эди, қўнғироқларнинг 90 фоизи эса вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятлар тўғрисида бўлди.
Қўнғироқ қилганларнинг қарийб учдан бир қисми педофилга дуч келганида 6-10 ёш, учдан бир қисми эса 11-15 ёш орасида бўлганини айтган. Қўнғироқ орқали билдирилган жинсий тажовуз воқеаларининг ярми 1950-1960 йилларда, 5,7 фоизи эса 2010 йилдан кейин юз берган.
Ўтган йили Францияда роҳиблар томонидан зўрланганларга компенсация тўлаш бўйича дастур бошланган эди. Жан-Макр Совнинг таъкидлашича, муаммо фақатгина пул тўлаш билан ҳал бўлиб қолмайди.