Франция компанияси ИШИД билан ҳамкорлик қилганми?

18:00 20.03.2019 1092

Франциянинг шакар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик Tereos компаниясининг бир нечта савдо ҳамкори унга қарши даъво очди. Agence France-Presse хабарида айтилишича, улар компанияни Сурияга ИШИД ишлатган моддани етказиб беришга айбламоқда.  

Маълум бўлишича, гап сорбитол ҳақида бормоқда. Уни осон топиладиган баъзи моддалар билан аралашштирган ҳолда қўлбола ракета снарядлари учун ёқилғи сифатида ишлатиш мумкин. 

2016 йилда Мосул озод қилинганидан кейин Европа Иттифоқининг мандати бўйича ишлаган Conflict Armament Research (CAR) ноҳукумат ташкилоти вакиллари ИШИДнинг омборларидан бирида сорбитол топган. Қопларга эса Tereos компаниясининг эмблемаси туширилган эди. Шунинг учун ҳам компания терактлар уюштириш ва терактлар уюштиришга ёрдамлашишда гумон қилинмоқда.    

CAR Ироқда сорбитол топилганини маълум қилгач, компания чиндан ҳам бу маҳсулот 2015 йилнинг майида ишлаб чиқарилганини тан олди. Қирқ беш тонна маҳсулот Туркияга олиб борилган, кейин эса йўқолиб қолган. Айнан шу сорбитол кейинроқ Сурияда ИШИДчилар босиб олган уйларнинг ертўлаларидан чиққан. 

Бу хабарлардан кейин Tereos компанияси 2017 йилда хавфли ҳудудларга маҳсулот етказмасликка қарор қилганини билдирди. Бироқ даъвогарлар ички текширув натижасида қўлга киритган маълумотларга қараганда, 2017 йилнинг феврали ва июлида Сурияга йирик миқдорда сорбитол етказиб берилган. Даъвогарларнинг таъкидлашича, компания сорбитол моддаси қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкинлигини билгани ҳолда маҳсулот етказиб беришни тўхтатмаган. 

Tereos компаниясининг Agence France-Presse агентлигига маълум қилишича, барча маҳсулотлар Сурияга қонуний асосда етказиб берилган ва маҳсулот бошқа мақсадларда ишлатилаётгани аниқланганидан кейин етказиб бериш тўхтатилган. Компания раҳбарияти даъвогарларнинг иддаоларидан мақсад компанияни беқарорликка учратиш эканини айтмоқда. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!