Франция Сенати Тоғли Қорабоғ ҳудудида Арманистон томонидан яратилган қўғирчоқ режимнинг мустақиллиги тўғрисида қарор қабул қилди.
25 ноябрь куни Франция сенатида "Тоғли Қорабоғ Республикасини тан олиш зарурлиги тўғрисида"ги 145-сонли қарор лойиҳаси муҳокама қилиниб қабул қилинган. 306 сенатордан 305 нафари қонун лойиҳасини маъқуллаб овоз берди. Ушбу қарор лойиҳасига қарши овоз берган ягона сенатор Силвия Гуа-Шавендир.
Силвия Гуа-Шавен 1963 йил 23 майда Дюнкеркда туғилган. 57 ёшли француз сиёсатчи, Франция Сенати ва Радикал партиянинг аъзоси ва Кердон шаҳрининг мэридир.
Гуа-Шавен Франция-Туркия Сенати дўстлик гуруҳининг аъзоси ва Франция-Озарбайжон дўстлик гуруҳи раисининг ўринбосаридир. У Франциянинг Озарбайжон ва Туркия билан муносабатларини ривожлантириш тарафдоридир. 2012 йил феврал ойида у биринчи марта Озарбайжонга келган ва 2013 йил октябр ойида ҳам, президент сайловлари пайтида Озарбайжонга кузатувчи сифатида ташриф буюрган.
2012 йилда Гуа-Шавен парламент делегацияси таркибида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қабулида бўлган. Кейин давлат раҳбари унга Франциянинг Сенатидаги "арман геноцидини" рад этганлик учун жазо беришни назарда тутувчи қонунга нисбатан адолатли позицияси учун миннатдорчилик билдирган.
2016 йил апрел ойида Гуа-Шавен хоним Арманистоннинг провокациялари тўғрисида қатъий баёнот бериб, Арманистоннинг Озарбайжон Республикаси тинч аҳолиси ва ҳудудларига нисбатан тажовузини қатъиян қоралаганлигини ва арман кучлари Тоғли Қорабоғ ва унга қўшни етти туманни ноқонуний босиб олганлигини эслатди. Кейин у Арманистонни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қуролли кучларини олиб чиқиш тўғрисидаги қарорларини бажариб, провокацияларини тўхтатишга ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирган эди.
"Арманистон қўшинлари ишғол қилинган ҳудудларда озарбайжонлик тинч аҳолини йўқ қилишдан тортинмай, аёлларни ҳам, болаларни ҳам аямаяпти, ваҳоланки, Тоғли Қорабоғ ва унга туташган худудлари Франциянинг иқтисодий ҳамкори ва терроризмга қарши курашдаги доимий ва ўзгармас иттифоқдоши – Озарбайжон Республикасига тегишлидир” деган фикрлари билан сенатор Гуа-Шавен хоним ўзининг принципиал позицияси ва Озарбайжонни қўллаб-қувватлаган 306 кишидан ягона француз сенатори сифатида ҳурматга лойиқдир.