Таҳлил

Франциянинг XXI асрдаги мустамлакачилик сиёсати

3283

Франция ҳозирги кунда ҳам 20 га яқин Африка мамлакатларида, бу мамлакатлар мустақил, уларнинг ўз байроғи, мадҳияси ва чегаралари бор бўлса-да, ҳукмронлик қилмоқда. Франция ХХI асрдаги мустамлакачилик сиёсатини ўзгартириб, барча собиқ колонияларига "шартли мустақиллик" тақдим этди. Шартли мустақилликни нима эканлигини қуйида ўрганиб чиқамиз.

Франция Жазоирни тарк этганда, президент де Голл шундай деган эди:

"Биз Жазоирни тарк этамиз, аммо ўз ўрнимизда қолдирган ҳукмрон элита бизнинг манфаатларимизни биздан кўра яхшироқ ҳимоя қилади".

Барча сир шу сўзларда яширинган эди

Франция ўнлаб йиллар давомида Африканинг 20 га яқин давлатини талон-торож қилиб, ўзи фаровон яшади. Улар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин энди ушбу мустамлакаларни ушлаб тура олмасликларини англадилар. Ва улар янги мустамлакачилик услубига ўтишга қарор қилдилар: “шартли мустақиллик”. Бу тўлиқ иллюзия эди.

Франция ўз мустамлакаларини тарк этганида, улардан 3 та нарса талаб қилган:

Расмий тили француз тили бўлиши, Франция таълим тизимини барпо этилиши, кончилик сиёсати, пул тизими ва ҳуқуқий тизим Франция айтганидек бўлиши.

Ҳамма мустамлакалар рози бўлди. Қабул қилмаганлар эса, куч ишлатиш, қотиллик ва шантажга дучор бўлди.

Франция ушбу мамлакатларда француз тилини ёйиш учун жуда кўп ҳаракат қилди. Улар француз тили орқали француз маданияти ва Францияга яқинлик ҳиссини тарқатишди. Ҳатто ейишга нон тополмаган қишлоқлар аҳолисига француз тилини ўрганиш учун китоблар берилди. Тил – манқуртлаштириш учун асосий восита эканлигига эътибор кучайтирилди.

Франция Сенегал, Чад, Нигер, Гвинея, Камерун, Жазоир, Тунис, Конго ва Кот-д’Ивуар сингари давлатларда янги француз радиоканалларини, китобларини, телеканалларини, журналларини ва ўйинларини яратди.

Ушбу мамлакатларда француз тилида мамлакатнинг она тилидан яхшироқ гапиришади. Шундай қилиб, француз тилида гапириш мукаммаллик ва устунлик сифатида қабул қилинади. Ушбу тушунчани Франция сингдирди. Улар мамлакатни бошқариш ва уларни эксплуатация қилиш учун ўзлари яратган таълим тизимида ўқитилган одамларни олиб келишда давом этишди.

Франция томонидан Жазоирга тайинланган француз губернатори шундай деган:

"Биз жазоирликларни токи улар Қуръон ўқир экан ва араб тилида гаплашар экан, уларни мағлуб эта олмаймиз. Уларнинг қўлидан Қуръонни ва араб тилини олиб ташлашимиз керак".

Улар ушбу сиёсатни Жазоирда амалга оширдилар.

Франция Африкада Франкофония уюшмасини тузди. Франкофония француз тилида гаплашувчи мамлакатлар уюшмаси. Ушбу мамлакатлар раҳбарлари Франция раҳбарлиги остида мунтазам равишда учрашиб, амалга ошириладиган сиёсатни белгилайдилар.

Тил ёрдамида қандай қилиб мамлакатларни забт этиш мана бундай бўлади!

Францияга Африкани иқтисодий назорат остида ушлаб туришга имкон берадиган энг муҳим омил - бу Франциянинг мустамлака франки (CFA) –Франция пул тизими. “CFA”нинг энг кичик мухолифлари ё коррупцияда айбланиб қамоққа ташланган ёки ўша мамлакатларда тартибсизликлар бошланган.

CFA дастурининг натижалари чиндан ҳам даҳшатли. Гвинея-Бисау, Экваториал Гвинея, Буркина-Фасо, Бенин, Нигер, Мали, Сенегал, Того, Габон, Чад, Конго, Камерун ва Марказий Африка Республикаси каби мамлакатлар томонидан қўлланилаётган CFA дастури бу мамлакатларни қашшоқ ва умидсиз ҳолда қолдирган.

Франция ҳукумати Африка давлатларининг суверенитетини очиқчасига чеклайди, уларнинг ички ишларига бевосита таъсир ўтказади. Ва буни халқаро шартномаларда мустаҳкамланган механизмлар орқали қонуний равишда амалга оширади.

"Худога шукурки, бизнинг ҳамёнимиздаги пулларнинг аксарияти биз асрлар давомида эксплуатация қилиб келган Африкадан келади", деган эди Франциянинг собиқ президенти Жак Ширак.

Африка мамлакатларининг жами олтин-валюта жамғармаси 14 миллиард доллардан ошади, Франция унинг деярли 10 миллиард долларни ўз ихтиёрига олади. У уларни ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш, сармоя киритиш ва фоизлар билан қарз бериш ҳуқуқига эга. Шу жумладан африкаликларнинг ўзлари ҳам Франциядан қарз сўрасалар, Франция Молия вазирлигининг ҳурматли жаноблари уларга тижорат ставкалари бўйича қарз беришади.

Тўғри, Франция CFA мамлакатларига қарзларни фақат Францияда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олишга сарфлаш шарти билан беради ва Африка ҳукуматлари француз компаниялари ишига устувор аҳамият беришади. “Тотал” ва “Орано” каби француз трансмиллий корпорациялари нефт, газ, уран, олмос, олтин ва темирга бой бўлган собиқ мустамлакаларининг табиий бойликларини ўзлаштириш бўйича эксклюзив ҳуқуқларга эга.

Франция ҳукумати уларнинг аралашуви туфайли мамлакатлар барқарор валюталарга эга бўлаётганлигини иддао қилса-да, Франк зонасига аъзолик узоқ давом этган турғунликда бўлган Африка иқтисодиётига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. Валюта иттифоқининг 7 мамлакати дунёдаги энг қашшоқ бўлиб қолмоқда ва уларнинг аҳолисининг 2/3 қисми кунига 2 доллардан камига яшашга мажбур.

Франция 1961 йилдан бери Африканинг 14 мамлакати миллий валютаси ва захираларини ўзида сақлаб келмоқда!

Франция ушбу мамлакатлардан ҳар йили 500 миллиард доллар олади. Марказий банклар Франция томонидан назорат қилинади. Ушбу мамлакатлар ўз пулларига эгалик қила олмайди. Уларга фақат пулларининг 15 фоизини олишга рухсат берилган.

Ушбу мамлакатларнинг барча асосий иқтисодий активлари французлар қўлида. Масалан, Кот-д’Ивуарда француз компаниялари сув, электр энергияси, телефон, транспорт, портлар ва йирик банклар каби барча асосий хизматларни назорат қилади. Шунингдек, савдо, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида ҳам французлар қўлида.

Ушбу Африка мамлакатлари Франциянинг давлат харидлари манфаатларини ҳимоя қилишлари ва француз компанияларига устувор аҳамият беришлари керак. Француз компаниялари давлат шартномаларида энг юқори устуворликка эга. Агар бу шартлар бажарилмаса, улар қаттиқ жазоланади.

Ўйлаб кўринг: ҳатто француз мустамлакаларидан бирининг фуқароси бошқа мамлакатга боришни хоҳласа, у ерга Париж орқали бориши керак эди. Турли мамлакатлар авиакомпанияларининг кучайиши билан африкаликлар турли йўналишлардан фойдаланишни бошладилар ва Франциядан бошқа мамлакатлар ҳам мавжудлигини кашф этдилар.

Бугун Turkish Airlines бутун Африка бўйлаб парвоз қилмоқда. Энди барча трансферлар Истанбул орқали амалга оширилади. Бу Франциянинг вақти-вақти билан Туркияга қарши ҳужумларининг сабабларидан биридир. Французларга жуда ноқулай бўлиб қолди.

Гвинея мусулмонлари етакчиси Секу Туре Франция мустамлакасини тарк этиб, ўз давлатини тўла мустақилликка олиб боришга қарор қилганида, Париждаги француз мустамлакачилар элитаси ғазабланиб, Гвинеядаги француз маъмурияти мамлакатдаги ҳамма нарсани йўқ қилди: Гвинея талон-тарож қилинди.

Того Республикаси Президенти Силванус Олимпио CFA таркибидан чиқиб, ўз пулларини чоп этишга қарор қилди. У 1963 йилда, ўз мамлакати пулларини босиб чиқаргандан уч кун ўтиб, ўлдирилди. Франция уни ўлдириб, бошқа мамлакатларни ҳам қўрқитиб қўйди.

Мали Республикаси президенти Модибо Кейта ҳам CFA таркибидан чиқишга қарор қилди. У 1968 йилда французпараст аскарларнинг тўнтариши билан ағдарилиб зарарсизлантирилди. Франция ҳеч қачон африкаликларга ўзларининг пул тизимларидан, CFAдан чиқишга ҳеч қачон йўл қўймаган.

Сўнгги 50 йил ичида Африканинг 26 давлатида 67 та давлат тўнтариши содир бўлди. Уларнинг аксарияти Франциянинг собиқ мустамлакалари бўлган мамлакатлар. Ушбу тўнтаришлар ва суиқасдлар туфайли Франция ҳукмронлик қилишда ва мамлакатларни эксплуатация қилишни давом этмоқда.

1992 йилда французларга қарши мусулмонлар Жазоирда FIS (Исломий Нажот фронти) номли партияни ташкил қилиб, сайловларда катта устунлик билан ғалаба қозонганида, Франция ҳарбийларни давлат тўнтаришини амалга оширишга ва Жазоирда 200 минг кишини ўлдиришга мажбур қилди. Бу яқинда содир бўлди. FIS раҳбари профессор Аббос Маин ҳибсга олинган.

Мустақиллик собиқ мустамлакалар учун иллюзия бўлган. Франция ушбу мамлакатларда таълим, иқтисод ва ҳуқуқ тизимини ўрнатди, қўғирчоқларни тайинлади ва тарк этди. Ҳар йили Франциянинг Африкадаги собиқ мустамлакаларида озодлик ва мустақиллик кунини нишонлайдилар. Французлар эса аввалгидан ҳам кўпроқ талашни давом эттирмоқда.

Узоқ 1957 йилда, ўша пайтдаги Адлия вазири, келажакдаги Франция Президенти Франсуа Миттеран шундай деб ёзган эди: " ХХI асрда Африкасиз Франциянинг тарихи бўлмайди". Ва буни, унинг олдидаги ҳар бир Франция президенти сингари, Эммануэл Макрон ҳам яхши тушунади.

Ёқуб Умар тайёрлади

 

 

 

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Парижда пичоқли ҳужум: ярадорларнинг аҳволи оғир

1351 08:20 26.09.2020

Исломофобия: франциялик депутатлар ҳижобга тоқат қилолмади

3184 08:10 19.09.2020

Aндорра: масжидга жой етмаган митти давлатча

1687 11:21 09.09.2020

«Charlie Hebdo» журналининг ҳақоратларига қандай жавоб беришимиз керак?

4220 10:05 09.09.2020

Франция: Масжидга қилинган ҳужумга расмийлар эътибор берди

624 09:19 04.09.2020
« Орқага