Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Гагарин фазога учди-ю, Худони «кўрмади...»

5458

«Гагарин фазога учди-ю, Худони кўрмади». Ушбу ибора инсон космосга парвоз қилганидан бери тарқалиб кетган. Совет Иттифоқида космик парвозлар динга қарши ташвиқотда фаол фойдаланиларди. АҚШда эса аксинча – фазогирларни ўта диндорликда айблаш ҳолатлари учраб турарди. 

1961 йил июль ойининг бошларида, Гагариннинг парвозидан уч ой ўтмай, «Космосга йўл» китоби нашр этилди. Муаллиф – Совет Иттифоқи Қаҳрамони Юрий Гагарин. Мантиқан ўйлаб кўрилса, биринчи космонавтнинг китоб ёзишга вақти бўлмаган. Китоб ёрлиғида эса ҳақиқий муаллифларининг исмларини ўқиш мумкин: «Правда» ҳарбий бўлими муҳаррири полковник Николай Денисов ва «Правда» мухбири полковник Сергей Борзенко. Юрий Гагарин вафотидан кейин саккиз йил ўтгач улар Гагарин ҳақида ўзларининг муаллифликлари остида «Биринчи космонавт» китобини нашр эттирадилар.

Ушбу китобдаги Гагариннинг Гжатскга (1968 йилдан бери шаҳар Гагарин деб номланган) келиши ҳақидаги ҳикояда қуйидаги сатрлар мавжуд: «Уйимизга кўп одамлар келишарди: мактаб ўқувчилари билан ўқитувчилар, колхозчилар, ҳатто бир гуруҳ мункиллаган кампирлар ҳам келишди. Улар осмонда Худони кўрган ёки кўрмаганимни билишмоқчи эди? Мен уларни хафа қилишга мажбур эдим. Инсоннинг космосга парвози черков хизматчиларига даҳшатли зарба берди. Менга келган мактублар қаторида, илм-фан ютуқларига тан берган Худога ишонувчилар диндан воз кечиб, Худо йўқлигига ва унинг исми билан боғлиқ ҳамма нарса уйдирма ва бемаънилик эканлигига қўшилганликлари ҳақидаги эътирофларини мамнуният билан ўқир эдим». Ушбу сўзлар Юрий Гагариннинг ҳақиқий эътиқодини акс эттирадими ёки Хрушчевнинг динга қарши сиёсати даврида расмий мафкурага «бож» тўлаш мақсадида муаллифлардан бири томонидан ёзиб қўйилганми ёки йўқми, буниси қоронғу.

Асардан бир парча:
«Дугоналар қистови билан Маня Петрова хола олдинга чиқиб:
– Юра, ўғлим, бизга айтчи: Уни кўрдингми?
– Кимни?
– Кимни бўларди ... Унида ... Худойи таолони-да». «У сени у ерга қандай қилиб қўйди?»

Юра баланд овоз билан кулиб юборди.
– Йўқ, мен Уни кўрмадим, бувижонлар. Ва У табиатда умуман мавжуд эмас, деб ўйлайман.
Кампирлар пичирлашни бошлашди.

Кампирлардан бири ҳолатни ҳазм қила олмай, Юрийнинг сочини торта кетди. «Мен шунча йилдан бери черковга бориб, Худога ибодат қиламан-у, сен бўлсанг Уни йўқ деяпсан.» Юрага, афтидан, кампирлар билан бўлган бу суҳбат ёқди.

«Биласизми? Учишни бироз ўрганиб олсак, попингизни космосга таклиф қиламиз. У ер нима эканлигини ўзи кўрсин. Хоҳласангиз - сизлар ҳам учасиз ...».

Нимаики бўлган тақдирда ҳам, Гагарин ва Худо ҳақидаги мақоллар динларга қарши тарғиботда оммалашиб кетди ва омма халққа тарқалди. Масалан, «Крокодил» журнали динга қарши космос мавзусидаги карикатуралар ва шеърларни нашр этишни бошлаган эди.

1961 йил июль ойида «Огонёк» журналида альпинист ва сайёҳлар йиғилиши ҳақида маъруза эълон қилинади. Унда шундай сўзлар бор эди: “Худо йўқ, Гагарин бор”.

Бунга ўхшаш ҳикоялар кўп.
Гагаринга келиб тушадиган хатларда собиқ диндорлар томонидан келган хатлар кўп бўлар эди, дейилади. Лекин бу қанчалик рост ёки ёлғон, буниси номаълум. Яна бир интервьюда Гагарин «Парвоз олдидан Худога дуо қилдингизми?», деган саволга кулимсираб «Коммунистлар ҳеч қачон Худога сиғинишмайди», деб жавоб берган.

Гагариннинг жияни Тамара Филатова «Меҳнат» газетасига берган интервьюсида амакисининг атеист бўлганлигини таъкидлаган. Юрийнинг бошқа бир жияни уни ҳар доим «Чўқинтирган ота», деб чақирганини эслайди. Хрушчёв ва Брежнев даврида космос ҳақидаги гаплар динга қарши ишлатилган бўлса, кейинчалик 1990 йилларга келиб бу нарсага диний тус беришни бошлаб юборишди.
Халқаро космик станцияда Рус православ черковининг бир қатор руҳонийлари бўлиб қайтишган. Валентин Петров деган шахс эса Юрий Гагаринни православ, деб атайди. Аммо унинг бу гапларини бошқа ҳеч ким тасдиқламайди.

1961 йил 5 май куни АҚШ ҳукумати биринчи бор учувчиси бор ракетани космосга учирди. Унинг учувчиси бўлмиш Алан Шепард парвоздан олдин Худони эслагани айтилади. Аммо унинг ўзи буни рад этган.

1968 йил 24 декабрда, “Аполлон-8” космик ракетасидаги фазогирлар Рождество билан ҳаммани табриклашгани қайд этилган.

1969 йилда Ойга биринчи бўлиб қўнган космонавтлар ҳам «Аполлон-11» кемасини қўниши биланоқ ўзларининг насроний маросимларини амалга оширишган. Ерга қайтганларидан сўнг, Нил Армстронгдан Худо ҳақида сўралганда, у «Мен атеист эмасман», дея жавоб берган.

Америкалик фазогирлардан бири:
“Биз бутун инсоният - насронийлар, яҳудийлар, мусулмонлар, агностиклар, атеистлар номидан космосга чиқдик. Айнан ўша пайтда мен Роббимга ҳамд айтишдан бошқа ҳеч нарса ўйлаб топа олмадим”, деган.

2007 йил октябрь ойида биринчи ва ҳозиргача ягона бўлиб қолаётган малайзиялик космонавт шайх Музаффар Шукур россиялик Юрий Маленченко ва америкалик Пегги Уитсон билан биргаликда Россиянинг Союз ТМА-11 космик кемасида Халқаро космик станцияга парвоз қилди. Москвада парвоз олдидан бўлиб ўтган конференцияда шайх Шукор: «Мен мусулмонман, лекин менинг асосий устун жиҳатим - бу тажрибалар ўтказишдир» деган. Малайзия Миллий космик агентлиги Миллий Фатво кенгаши билан биргаликда диндор мусулмон учун космосда ўзини тутиш қоидаларини олдиндан ишлаб чиқди. Ушбу қоидаларга кўра, намоз вақтлари Байконур аэродромининг соат минтақасига мувофиқ белгиланди. Намоз ўқиётганда, космонавт юзини Маккага ёки ҳеч бўлмаганда Ерга буриши мақсадга мувофиқдир, аммо бу жуда зарур эмас. Ер тортиш кучи етишмаслиги туфайли ибодат қилиш учун зарур бўлган ҳолатни риоя этиш мумкин эмаслиги сабабли астронавт ибодатни тик турган ҳолда қилади. Агар имкони бўлмаса - ўтириб, унда ҳам бўлмаса – ётиб ибодат қилишга рухсат берилган. ХКСда сувнинг бебаҳо ҳамда камёб нарса эканлиги эътиборидан намоздан олдин таҳорат олиш жоиз бўлмайди. Ўрнига таямум кифоя қилади (қум ёки махсус тош билан тозалаш), бунда астронавт кафтларини деворга ёки ойнага ишқаши мумкин.

Жорий йилнинг февраль ойи бошида Япония оммавий ахборот воситалари Ер орбитасида ибодатхона пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар беришди.
Бу ҳақда Япон руҳонийлари Terra Space компаниясига мурожаат қилишган.

Даҳрий Гагарин бўлса, 1968 йилнинг 27 мартида МиГ-15УТИ ўқув самолётида парвоз вақтида ҳалок бўлган. Унинг ўлимининг расмий ҳисоботи ҳалигача эълон қилинмаган.

 

Фахриддин Салоҳиддинов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага