Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ғамлар аришини истасанг...

1338

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу келиб деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Мен кўп саловот айтаман. Қанчасини сиз учун қилай?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Истаганингни.
Убай ибн Каъб деди:
- Тўртдан бирини қилайми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Истаганингни. Аммо зиёда қилсанг, ўзинг учун яхши бўлар эди.
Убай ибн Каъб деди:
- Ярминими?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Истаганингни. Аммо зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлар эди.
Убай ибн Каъб деди:
- Учдан иккисиними?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Истаганингни. Аммо зиёда қилсанг, ўзингга яхши бўлар эди.
Убай ибн Каъб шунда деди:
- Барча саловотларимни сиз учун қиламан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Ундай бўлса, ғамларингга Аллоҳ кифоя қилади, гуноҳларинг мағфират қилинади!

Мусулмон инсон икки мақсад билан ҳаракат қилади. Бири охират ташвиши, иккинчиси дунё ташвиши.

Дунёдаги ташвиши шуки, мусулмон киши ғам-ташвишсиз яшасам дейди. Охиратдаги ташвиш эса Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилишидир. Ана шу икки буюк ғоянинг рўёбига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш кафил бўлмоқда.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий роҳимаҳуллоҳ айтганлар:

"Кимки кўп намоз ўқий олмаса, кўп рўза тута олмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтсин. Агар инсон бир умр ибодат қилса-ю, сўнгра Аллоҳ таоло унга биргина саловот айтса, ана шу саловот унинг бир умр қилган тоатларидан оғир келади. Чунки банда тоқатига яраша саловот айтади. Аллоҳ таоло эса рубубийятига мос саловот айтади".

Ғамларнинг кетиши...
Гуноҳларнинг мағфират қилиниши..
Қалбларнинг юмшаши...
Қалбда роҳат пайдо бўлиши...
Дуоларнинг ижобат бўлиши...
Касалликларга шифо бўлиши...
Шафоатдан насибадор бўлиш...
Фақирликни қувиш...
Руҳнинг пок бўлиши...
Жон беришдаги енгиллик...
Қабрдаги роҳат ва нур...
Сиротдан осон ўтиш...

Булар саловотнинг фойдаларидандир. Асосийси кенглиги осмонлар-у ер қадар бўлмиш жаннат ҳам саловотнинг фойдаси ҳисобланади.

Олдинроқ ўқиган эдим. Аллома Валади Дедунинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ота-онага ҳам яхшилик қилиш ҳисобланар экан. 

Қандай яхшилик бўлмасин?! Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Фалончининг ўғли пистончи сизга саловот айтди", дейилади. Яъни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида отангизнинг исми ҳам зикр қилинар экан!

Абдуқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Саҳобаларнинг Расулуллоҳга муҳаббати шундай эди

1171 19:00 21.04.2021

Халқ мулкини ўмарувчилар, эҳтиёт бўлинг!

1992 16:20 09.03.2021

«Икки олам сарвари» 27-қисм

581 12:01 01.03.2021

Муҳаммад алайҳиссаломнинг илк пайғамбарлик даврларида арабларнинг аҳволи...

1571 12:00 11.09.2020

“Шарли Эбдо” аҳмоқона ишини яна такрорламоқчи

2867 18:10 01.09.2020
« Орқага