Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ғарб матбуотининг Эрдоғанга икки хил баҳоси: сайловгача ва ундан кейин...

2347

Охирги пайтларда Туркиянинг ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам мамлакатда демократия йўқлиги ҳақида салбий фикрлар урчиб кетганди. Хорижий журнал ва газеталарда тез-тез айтилган иддаоларга кўра, “Туркияда ҳукмрон режим демократия эмас, диктатурадир...”,Эрдоған раҳбарлигида фаолият юритаётган бу диктатурада асосий ҳуқуқ ва эркинликларга, демократик фаолият ва институтларга ҳурмат ва содиқлик йўқ...”, “Эрдоған ҳамма нарсани ёлғиз ўзи ҳал қилади, у танқидга очиқ эмас...” 

Бу даъволар қанчалик ҳақиқат? Туркиядаги сиёсий тизим демократиянинг асосий талаблари ва хусусиятларидан узоқми? Туркияда диктатура борми? 14 май кунги сайловларда иштирок этиб, бу ердаги жараёнларга бевосита иштирок этганимиздан кейин масала биз учун яққолроқ намоён бўлди. 

Шу куни турк демократияси жиддий синовдан ўтди, десак муболаға бўлмайди. Нафақат ташқаридаги Эрдоғаннинг кетишидан манфаатдор кучлар, балки мамлакатдаги мухолифат вакиллари ҳам сайловнинг адолатли ўтганига бирор эътироз билдира олмади. Эътиборлиси сайловлар дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида жиддий қизиқиш билан кузатиб борилди, жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

14 май кунги сайловларда кўрганларимиз...

Сайлов жараёнидаги ўзгаришлар ҳам Туркиянинг ички ва хорижда бир-бирига қарама-қарши фикр билдиришларига қарамай, демократия талаби сифатида эркин ва рақобатбардош сайловлар ўтказиш шартларига эга эканлигини кўрсатмоқда. 

Аввало, халқ орасида сиёсий партия тузиш ва уни юритиш маданияти кенг тарқалган. Мамлакатда 100 дан ортиқ сиёсий партиялар мавжуд. Сайловда 24 партия бюллетенларда қатнашиб, пойгада қатнашди. Иттифоқларни ҳисобга оладиган бўлсак, сайловда 35 га яқин партия беллашди. Буни Европа Иттифоқининг кўплаб демократик давлатлари билан солиштирганда рекорд деб ҳисоблаш мумкин. 

Худди шундай сиёсий партиялар ҳам сайловолди жараёнларида эркин фаолият юритди. Ҳар бир партия сайловолди ташвиқот ишларини тўсқинликсиз давом эттирди. Яъни, сайлов жараёнида сўз эркинлигига ҳеч қандай тўсиқ бўлмади. Деярли барча асосий партияларнинг оммавий ахборот воситаларида ўз тарафдорлари ва камида битта медиа органи бор эди ва улар ҳокимият бемалол танқид қилиниши мумкин эди.

Сайловга жамоатчилик катта қизиқиш билдирди. Сайлов қутилари қўйилган заллар олдида узун навбатлар ҳосил бўлди. Баъзи одамлар соатлаб овоз бериш учун навбат кутишди. Бу ҳолат эрталаб соат 8 дан кечки 5 га қадар давом этди. Аҳолининг сайловга қизиқишини, аввало, таъсирчанлик ҳисси билан изоҳлаш мумкин.

Туркиядагилар уларнинг овозлари оқибатларга олиб келишини билади. Буни англаган ҳолда, у сайловга бориб, мамлакат муаммоларига энг яхши ёндашиш, деб ҳисоблаган партияга овоз берди. Бу турк демократиясининг янги хусусияти эмас, биринчи марта кузатилаётгани йўқ, деярли ҳар бир сайловда шундай бўлади, дейишмоқда билгичлар. 

Сайловга бўлган қизиқиш ортидаги яна бир омил шундаки, одамлар мамлакат оғир даврда эканига ишонишди. Бу эса, бизнингча, аҳолини сайлов участкаларига келишга янаям ундади. Халқ ўз ватанини ҳимоя қилиш истаги ва иродасини сайлов қутилари орқали кўрсатди.

Сайловда иштирок этишнинг яна бир сабаби Президент Ражаб Тоййиб Эрдоғанга содиқлик қарзидир. Аксар туркияликларнинг қаноатига кўра, у оғир шароитларда ҳокимиятга келди ва қаттиқ ишлади. У Туркиянинг нисбатан мустақил ва ўзини ўзи таъминловчи давлатга айланишига йўл очди, маҳаллий ва миллий қурол саноатини ривожлантиришга ҳаракат қилди, Туркияни дунё давлатлари орасида юқори лигага олиб чиқди.  

Эрдоған диктаторми?

Ҳақиқатан ҳам, тахминан 20 йил давомида ҳокимиятда бўлган президент ҳақида шундай деб ўйлашингиз мумкин. У ўзгартирилмагани учун у диктатор эканлигини англатади. Туркияда яшамайдиган ёки нисбатан яқинда кўчиб келганлар шундай дейишади. 
Аммо келинг, 14 май куни сайлов қандай ўтганини кўрамиз. 

▪️ Сайловда рекорд даражадаги 88,8% иштирок этди. Демак, фуқаролар сайловнинг адолатли ўтишига ишонади ва ҳар бир овоз муҳимлигини тушунади. 
▪️ Бутун мамлакат сайлов қутилари ёпилган пайтдан то тонггача овозларни санаб чиқиш жараёнини кузатди, бу эса фуқароларнинг сайлов шаффофлигига ишончини яна бир бор тасдиқлайди. 
▪️ Сайлов натижаларининг иккинчи турга қолиши – Туркияда ҳокимият алмаштирилиши мумкин ва диктатура йўқлигини кўрсатмоқда. 

Агар буни МДҲдаги сайловлар билан солиштирсак, агар мухолифат бўлса, у шубҳасиз президентни қўллаб-қувватлайди ва фақат кўз-кўз қилиш учун кўпи билан 10% овоз олади, фарқ яққол кўзга ташланади. Эрдоған ва унинг партияси 2018 йилги маҳаллий ҳокимлар сайловларида президентнинг ҳукмрон партияси пойтахт Анқара, Истанбул, Анталия ва Мерсин каби шаҳарларни бой берди. Буни, масалан, Россияда тасаввур қилиш мумкинми? Мутлақо...

Бундан ташқари, мухолифат ва уларнинг сайловчилари президент ва унинг оиласини доимий равишда ва қўпол равишда ҳақорат қилмоқда. Ваҳоланки, барча мухолифатчилар жимгина озодликда юрибди, тушунсангиз нима демоқчи эканлигимни, ҳаттоки, давлат лавозимига даъвогарлик қилмоқда.

Сайловгача...
Ғарбда тарқалган, аниқроғи тарқатилган Эрдоған ҳақидаги машҳур мишмишлар: 
1)    Россияпараст. 
Ростдан ҳам шундайми? Йўқ. У шунчаки Украинага уруш бошлаганига қарамай Москва билан иқтисодий алоқаларни узмади, чунки уруш Россиядан кўра Туркияга кўпроқ зарар келтиришини англай олди. Агар Европанинг ноғарасига ўйнаб, турклар руслар билан тескари бўлиб қолганида савдо, туризм, нефт-газ ва бошқа соҳаларда Россиядан кўра кўпроқ Анқара ютқазган бўларди.
2)    Ғарбга қарши. 
Ростдан шунақами? Йўқ. Эрдоған АҚШ 2016 йили уни ағдаришга урингандан кейин қаттиқлик қила бошлади. Таҳлилчиларга кўра, Эрдоған Ғарб билан тўқнашувни истамайди, бироқ унинг танлови йўқ. Чунки бир томондан АҚШ Сурия ва Ироқда янги давлат тузиб, у ерда турк ерларига бўлгинчилик даъвоси бўлган режим ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, бошқа томондан (мухолифат орқали) Туркия ҳукуматини назорат қилишга уринмоқда. АҚШ иттифоқчи эмас, итоаткор вассалга муҳтож, шунинг учун қарама-қаршилик бор. Эрдоғаннинг Ғарбга қарши эмаслигининг исботи Буюк Британия, Испания, Италия ва Польша билан яқин ва яхши муносабатлардир. Эрдоған Ғарб билан дўст бўлишга тайёр, лекин бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилишни инобатга олган ҳолда тенг шароитларда. 
3)    Диктатор. 
Қандай қилиб диктатор 2-турга чиқиши ёки 0,1-1% фарқ билан ғалаба қозониши ёки мамлакатнинг энг йирик шаҳарларида сайловларда ютқазиши мумкин?! Фикр билдириш ҳам аҳмоқлик. 

Сайловдан кейин...

14 майгача Туркия президенти Эрдоған ҳақида салбий ёзган Ғарб матбуоти энди унинг муваффақиятини таҳлил қилмоқда. Кечагина Эрдоғанни диктатор деб ёзаётган ва ҳатто карикатура қилаётганлар бугун, 28 майдаги иккинчи тур сайловлари олдидан унинг муваффақияти калити ҳақида кўплаб таҳлилий материаллар чоп этяпти.

Яқинда штаб-квартираси АҚШда жойлашган Associated Pressда журналист Сюзан Фрейзернинг “Иқтисодий инқирозга қарамай Туркия президенти қандай қилиб ўз машҳурлигини сақлаб қолди?” сарлавҳали таҳлилини эълон қилинди. Унда Эрдоғаннинг сири барқарорлик ва ишонч экани қайд этилган. Фрейзер, шунингдек, Эрдоған турк жамиятида ишонч уйғотгани ва ўз аудиториясининг садоқатини қозонганини тан олади. 

Оғир иқтисодий шароитларга қарамай, одамлар Эрдоғанга ишонганини ёзган муаллиф, бу қандай содир бўлгани ҳақидаги саволларга ҳам жавоб излар экан, президент Эрдоғаннинг 28 май сайловларида рақиби Қиличдорўғлига қарши "кучли фаворит" сифатида киришини баҳолади.   
Муаллифнинг таъкидлашича, Эрдоған “деярли юз йилдан бери дунёвий тамойил мавжуд бўлган мамлакатда исломий қадриятларни тарғиб қилиш орқали ўзининг консерватив ва диний тарафдорларининг чуқур содиқлигини қозонган”. 

Туркияда ҳижоб тақиқи Эрдоған даврида бекор қилинганини эслатилган мақолада жумладан шундай дейилади: 

“У ҳарбийларнинг сиёсатга таъсирини йўқ қилди ва диндор аёлларнинг мактаблар ва давлат идораларида ҳижоб кийишига тўсқинлик қилувчи қоидаларни бекор қилди”.

Хулоса қиладиган бўлсак, дарҳақиқат, Эрдоған диндорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилди, аммо бошқаларнинг (диндор бўлмаган қатламнинг) ҳам эркин яшашлари учун “ҳавони қисгани йўқ”. Шунинг учун бугун унинг тарафдорлари ичида секуляр қатламни ҳам, ўз лидерларига ишонмаган мухолифат вакилларини ҳам учратиш ажабланарли ҳол эмас.

Келаётган якшанба куни Туркия халқи яна бир бор сайлов участкаларига боради ва ўзлари ишонган номзодга овоз беради. Биз эса одатимизга кўра қардошларимизнинг закосига ишонамиз ва уларнинг танловини ҳурмат қиламиз.

Туркларнинг ўзи айтганидек, хайрлиси бўлсин...

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz’нинг Туркиядаги мухбири

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

698 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

516 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

556 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1337 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2594 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1526 15:50 01.06.2023
« Орқага