Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида

09:00 19.02.2019 770

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар:
Отам раҳимаҳуллоҳ етмиш йиллар илгари Девбандда бўлган воқеани сўзлаб берган эди. Тунлардан бирида отам чироқ ёруғида бир амални қилар, бошқа хонада эса чироқ йўқ эди.

Онам ўз эҳтиёжи учун чироқни сўради. У қоронғуда чаён чақиб олишидан қўрқар эди. Отам эса ўша қилаётган ишини тўхтатгиси келмас, бу унга жуда оғир ботаётган эди.

Шунда отам онамга:
- Мен чаён заҳрига қарши ўқиладиган руқя (дам солиш) ни биламан-ку, чаён сенга нима зарар қила оларди?, - деди.

Онам ўша хонага кирган заҳоти Аллоҳ тақдири ила уни чаён чақиб олди.

Отам дарров заҳарга қарши руқя ўқий бошлади. Лекин, заҳар асари кетмас, оғриқ кучайгандан-кучайиб борарди. Отам бошқаларга кўп бора заҳарга қарши ишлатган ва катта манфаати теккан дуоларни ҳар ҳил услубда ўқий бошлади. Аммо, ҳар сафар фойдаси теккан дуо бу сафар бирон бир манфаат беролмади.

Отам шундай дер эди:
- Ушбу қиссадан ўта муҳим учта дарс олдим:
1. Киши ҳеч қачон Аллоҳдан беҳожатлик ва улуғлик маъносидаги катта гапларни сўзламаслиги лозим.

2. Албатта,  руқя ва даво, барча даво бўладиган нарсалар, қачонки Аллоҳ таолонинг Ўзи манфаатли қилмаса, нима восита ва қайси дуо ила ўқиса ҳам асло таъсири бўлмайди.

3. Албатта, ушбу қисса мазмунида гуноҳ қилиб, сўнгра тез орада тавба қилиб қоламан дея тавбани кечиктириб юрган кимсага ўхшашлик бор. Эҳтимол бу тавба қилиш орзусида юрган кимсанинг тавба қилишгача умри етмас.  Мабодо, тавба қилишга умри етиб, фурсат топса ҳам, Аллоҳ унга тавба иноятини беришига ким ҳам комил бўла оларди?!

Аллоҳ унга бундай тавбани ман қилиши ҳам мумкин.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!