Ғазо Рамазонни йиғлаб кутиб олди

19:00 17.05.2018 1791

Рамазон ойини Ғазо аҳолиси маҳзунликда кутиб олдилар. Исроил амалга оширган қирғинбаротда қурбон бўлган биродарларига куюнишсинми ёки оғир иқтисодий танг аҳволларигами?

Ҳар йили Ғазо аҳолиси Рамазонни хурсандчилик билан кутиб олишга ва Рамазон учун у кириб келишидан бир неча ҳафта олдин ҳозирлик кўришга одатланишган.

Фаластинликлар ифтор дастурхонларида оилаларидан кимларнидир йўқотганлари учун маҳзун бўлиб ўтиришиди. Яқинларини Исроил томондан отилган ўқлар ҳаётдан олиб кетган.

Ўтган душанба куни Исроил қўшини Ғазодаги Буюк қайтиш норозилик акцияси доирасидаги тинч намойишчиларга қарши қирғин уюштирди. Бунда 62 нафар фаластинлик шаҳид бўлди. Яна 3188 нафари яраланди.

Намойишчилар Қуддус учун курашаётган эдилар. Улар АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчирилишига қаршилик қилаётган эдилар.

Буюк қайтиш норозилик акцияси жорий йилнинг 30 мартида бошланди. Бунда минглаб фаластинликлар 1948 йилда шаҳар ва қишлоқларидан чиқариб юборилган аҳолини ерларига қайтаришни талаб қилиб Ғазо ва Исроил чегарасидаги бир неча нуқталарда намойишлар ўтказишди.

 

Ушбу намойишлар бошланган кундан буён 110 нафар фаластинлик шаҳид бўлди ва яна 12 минг нафари жароҳат олди.

Бошқа томондан олдинги Рамазонлардаги ҳолатнинг акси ўлароқ бу йил Ғазо бозорлари харидорлардан холи.

Ғазолик савдогарлар йил бошидан буён иқтисодий аҳволнинг ёмонлиги туфайли аҳолининг харид қуввати пасайгани ва харид молларининг етишмаслигидан азият чекиб келишади.

Улар товарларига чегирмалар қилиб сотишга ҳам ҳаракат қилишди. Лекин фойда бермади. Чунки оғир иқтисодий аҳвол аҳолига сотиб олишга имкон бермасди.

Рамазон ойи масъулият билан ёндошишни талаб қиладиган ойдир. Кузатувчиларнинг фикрича, фақирлик ва йўқчиллик сабабидан сектордаги иқтисодий аҳвол янаям ёмонлашади.

БМТ берган маълумотларга кўра, ўтган йилда Ғазо аҳолисининг 80 фоизи тезкор гуманитар муҳтож бўлган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!