Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Абу Ҳомид Ғаззолий: Ғаззолий яшаган даврга бир назар

556

Имом Ғаззолий ҳижрий 429–590 (милодий 1038– 1194) йиллари ҳукмронлик қилган салжуқийлар давлати даврига тўғри келади. Салжуқийлар умавийлар ва аббосийлардан кейинги йирик салтанат ҳисобланган. Ана шу улкан давлат ташкил этилганидан сўнг мусулмон дунёси шарқидаги турли ҳудудларда араб-форс сулолаларининг таъсири сусая бошлади. Шундан сўнг кўп асрлар мобай- нида Шарқдаги сиёсий раҳнамолик асосан турк сулолалари ихтиёрида бўлиб келди.

Салжуқийлар давлати бошқа турк ҳоқонликлари қатори Ислом тарихининг ҳал қилувчи палласида ташкил топди. Салибчилар Яқин Шарққа юриш бошлашидан олдинги мураккаб вазиятда яқиндагина Исломни қабул қилган турклар ташаббусни қўлга олишга муваффақ бўлишди. Оврупа давлатлари босқинига қарши тура олган бирдан-бир куч ҳам аслида турклар эди. Илк жангларда эришган зафарларига қара Янгикентдан ажраган Шоҳ Малик Жендага қараб юрди. Бу эса салжуқийларнинг шаҳардан кетишига ва Мовароуннаҳрга бостириб киришига сабаб бўлди. Шундан кейин ўғузларнинг икки қабиласи ўртасида қонли тўқнашувлар бошланиб кетди. Салжуқийларга яхшироқ бас келиш мақсадида Шоҳ Малик ёбғу ғазнавийлар ҳимоясига ўтиб олди. Ҳижрий 430 йили ғазнавий султони Масъуд Шоҳ Маликни Хоразмга ҳукмдор этиб тайинлади. Лекин у ўлкани эгаллаб олган қипчоқларни ҳайдагачгина ўз вазифасини бажаришга киришди. 434 йили салжуқлардан Микоилбекнинг ўғли Чағрибек унга қарши юриш бошлади ва Хоразмни эгаллаб олди. Кейин Жендага кириб, Шоҳ Малик ёбғуни асир олди. Шундан сўнг ўғузларнинг ёбғу унвони Маликул Ғозий Салжуқ авлодларига ўтди. Кейинчалик эса қипчоқлар Марказий Осиёнинг каттагина қисмини эгаллашди ва салжуқийлардан Жендани тортиб олишди.

Салжуқийлар қабиладошлари ва қипчоқлардан ташқари Марказий Осиёдаги яна икки қудратли давлат – ғазнавийлар ва қорахонийлар билан ҳам урушишга мажбур бўлишди. Бу тўқнашувларда уларни анчагина кучли ҳисобланган сомонийлар давлати қўллаб-қувватлади. Сомонийлар ҳали сулола бошлиғи ҳаётлигидаёқ салжуқийларга Бухоро яқинига келиб ўрнашишга ижозат берган ва жангари салжуқийлардан ўз чегараларини бошқа турк қабилаларидан ҳимоялашда фойдаланган эди.

Сомонийлар давлати инқирозга юз тутганидан кейин, ҳижрий 390 йили унинг ҳудудини қорахонийлар ва ғазнавийлар эгаллашди, биринчиси Мовароуннаҳрга, иккинчиси эса Хуросонга ҳукмрон бўлди. Бу вазиятда салжуқийлар ва қорахонийлар ўртасидаги уруш кескинлашди. Корахонийлардан Илкхоннинг юришлари бошлангач, салжуқийлардан Тўғрулбек ва Чағрибек қорахонийларнинг ҳоқони Аҳмад ҳузурига бош уриб келишга мажбур бўлишди. Лекин у ака-укага душманлик кайфиятида бўлгани учун Тўғрулбекни асир олди. Якка қайтган Чағрибек қўшин тўплаб, қорахонийлар ҳоқонига қарши юриш бошлади ва ғалаба қозониб, акасини қутқариб олди.

Бироқ салжуқийлар ёбғуси қорахонийлар ва ғазнавийлар билан келгусида уришишга умуман қодир эмас эди. Тор-мор бўлган салжуқийлар аста-секин Марказий Осиёни тарк этиб, ғарбга – Хуросон, Онадўли ва Кофқоз сари кетишга мажбур бўлишди. Салжуқийлар янги ерларга кўчиш билангина қудратли ғанимларга қарши тинимсиз урушлардан жон асрасак, нажот топамиз, деб билишар эди. Киндик қони тушган заминдан кетиш истаги шунчалик кучли эдики, ҳатто ғазнавийлар ва қорахонийлар устидан ғалабага эришиб ҳам Марказий Осиёда қолишмади. Ўғуз туркларидан каттагина қисмининг ғарбга оммавий кўчиши шундан бошланди. Юз минглаб салжуқлар оилалари билан бир неча ўн йиллар мобайнида янги ерларга бориб ўрнашишди. Улардан кўпчилиги Кичик Осиё (Онадўли) ва Озарбойжонда иккинчи ватанларини топишди.

Янги кўчиб келганларни кўпинча туркман ёки турк деб аташар эди. Шу номлар уларга ўрнашиб қолди. Улар асрлар мобайнида давом этган вайронгарлик урушларида хароб бўлган шаҳар ва қишлоқларни қайта обод қилишди. Шунингдек, турк ва озар халқларининг шаклланиши ҳамда этногенезида салжуқийларнинг алоҳида ўрни бор.

Ҳижрий 463 (милодий 1071) йили Алп Арслон раҳбарлигидаги мусулмон салжуқийлар билан византиялик румлар орасидаги Малазгирд жанги бўлди. Салжуқийлар ҳукмдори Тўғрулбекнинг ўғли, Алп Арслон таназзулга юз тутган салжуқийлар салтанатининг аввалги куч-қудратини қайта тиклади. Аббосийлар заифлашганини кўриб ҳаддан оша бошлаган византияликлар ўзларига чегарадош подшоҳликлар вужудга келиши билан мусулмонларга қарши сурункали уруш олиб боришга киришдилар. Алп Арслон Кичик Осиёга юриш қилди. Малазгирд яқинида Византия императорига қақшатқич зарба бериб, уни асир олди. Ўша ғалабадан кейин мусулмонлар Кичик Осиёнинг қоқ юрагига кириб бориб, у ерда мустаҳкам ўрнашиб олдилар ва шундан кейин улар Онадўлини тарк этмадилар. Алп Арслон ўз амакиваччаларидан бири Сулаймон Қутлимишни Кичик Осиё марказининг ҳокими қилиб тайинлади. Бу ўлкани мусулмонлар Рум деб атай бошлашди. Рум салжуқийлари у ерда усмонли турклар пайдо бўлгунга қадар ҳукмрон бўлиб туришди. Шундай қилиб, румликлар султони Осиёдан бутунлай чиқиб кетди. Ушбу маърака Ислом тарихидаги энг катта жанглардан ҳисобланиб, умуман Ғарб тарихининг, Осиё тарихининг энг асосий нуқталаридан ҳисобланади. Чунки бу урушда румликларнинг нуфузини битириш, Кичик Осиёдан уларни бутунлай сиқиб чиқариш имкони пайдо бўлди, янги юришларга йўл очилди. Кучлар тенг эмаслигига қарамай, Алп Арслоннинг жангчилари дунёнинг энг кучли ўрдуларидан бири бўлмиш Византия армиясини тор-мор қилдилар. Византия империяси Онадўлидаги ерларидан маҳрум бўлди. Шарқда Рум деб аталган, авваллари насроний византияликларга тегишли бўлган улкан ҳудуд энди “Салжуқ-Рум салтанати” деб аталиб, унга мусулмон султонлар ҳукмронлик қила бошлашди.

Мана шу нарса Оврупани қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Уларнинг салиб (хоч) урушларини бошлашларига сабаб бўлган асосий омиллардан бири ҳам айнан шу эди. Ҳижрий 489 – 692 (милодий 1095 – 1292) йилларда бўлган салиб юришлари оврупалик масиҳийлар томонидан Исломни йўқ қилиш мақсадида, Ўрта Шарққа – Байтул Мақдисга эга чиқиш учун қилинган ҳарбий юришлардир. Бу юришларнинг бошловчиси Рим Папаси бўлиб, у одамларни Исломга қарши, қўлдан кетган ерларни қайтариб олиш учун бўладиган урушга даъват қилганди.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

41 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

44 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

88 11:10 18.08.2022

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бошланди

67 10:46 18.08.2022

Эрондаги тошқинлар оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

76 10:40 18.08.2022

Европарламент Грециядаги сиёсатчиларнинг телефонлари тингланганидан норози

82 10:20 18.08.2022
« Орқага