Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

"Георгий тасмаси"ни таққанлар билсин!

4071

Айримлар авлиё Георгий тасмасининг тарихи ва аҳамиятини билмай, у ҳақда тез-тез танқидий фикрлар билдирилишининг сабабини тушунмай, талмовсираётган бўлса, бошқа бировлар аксинча, тутуриқсиз далиллар келтирганча, ўша чиркин рангли латтага сал кам ҳурмат-ла қарашга даъват этиб, тасма ҳақида кўп гапиравермасликни тавсия этмоқдалар. 

Кўпни кўрган донолар айтган экан: «Ғояга қарши ғоя, мафкурага қарши мафкура ила курашмоқ керак», деб. Авлиё Георгий тасмаси замирида ҳам кўплаб давлатлар, асосан собиқ совет республикалари, шу жумладан, мустақил Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига зид ғоялар мавжудки, уларни фуқароларимиз, ватанпарварлик руҳида тарбия кўраётган ёшларимиз билиб қўйгани яхшидир.  

Ўзбекистонда тайёрланмайдиган, хориждан давлатимиз ҳудудига маълум ва номаълум каслар томонидан расмий ва норасмий йўллар орқали муштарак мақсад кўзланган ҳолда олиб кирилаётган авлиё Георгий тасмаси ҳар йили 9 май арафасида республикамиз фуқаролари орасида, айниқса, ҳаётий позицияси ҳали мустаҳкам шаклланмаган ўқувчи ва талаба ёшларимизнинг ҳаммага маълум тоифаси орасида тарқатилмоқда. Бундай тадбирни оқлаётган, уни миллий мустақиллигимиз асосларига ҳурматсизлик акцияси эканлигини кўра-била туриб, лоқайд қолаётган ёки ўша тасманинг тарқатилишига қарши фикр билдирганларни қаттиқ қоралаётган айрим кишилар ёлғоннинг, хориж мутахассислари томонидан тарихий фактлар чийланишининг қурбонига айланиб бораётгани, халқимизга нафақат ёт, балки адоват руҳига тўлиб-тошган ғоя рамзининг кенг оммалашиб боришига хизмат қилаётгани ниҳоятда шармандали ҳолатдир. 

Авваламбор эслатиб ўтишим жоизки, ўша тасма Рим императори Диоклетиан замонида яшаган, христианликни, яъни империя ҳудудида қатъий тақиқланган динни, ўзи Рим армияси генерали бўла туриб, қабул қилган ва ушбу қилмиши учун ўзининг бутпараст императори Диоклетиан томонидан қатл этилган «авлиё» Георгий сиймоси билан боғлиқдир. Вақт ўтиб, ўша «авлиё» дин йўлида ҳалок бўлган шахс сифатида мазлум христианларнинг ҳомийсига, христиан лашкарининг «ғалабага элтувчи авлиёси» рамзига айлантирилган. 

Мазкур сиймонинг шон-шуҳрати қандай пайдо бўлгани ҳақида тарихчилар шундай дейди: «Авлиёнинг юртига бориб қайтган салиб юриши қатнашчилари, у ҳақда атайин ҳар хил овоза тарқатишган. Хусусан, 1209 йили авлиё Георгий Қуддус шаҳрини ишғол қилиш жангида эгнига қизил хоч (крест) тасвирланган оқ кийимда (плашда) иштирок этган. Христиан жангчиларига қаҳрамонлик кўрсатгани учун бериладиган мукофотнинг «Георгиевский крест» номи айнан шундан келиб чиққан». Аниқроқ айтадиган бўлсам, лашкарга ҳомийлик қиладиган ўша сиймонинг келиб чиқиши христианлар билан мусулмонлар ўртасида бўлиб ўтган уруш тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. 

Россияда империясида бу сиймо Россия-Туркия уруши даврида орден кўринишида гавдаланиб, унга император аёл Екатерина иккинчининг тегишли фармони ила динлараро зиддият мазмуни берилган. 

Ўлкамиз Туркистон ҳудудида эса авлиё Георгий тасмасига эга бўлган ўша орден илк бор 1865 йили пайдо бўлди. Хусусан, ушбу орден билан ўриснинг 1865 йили Тошкентни босиб олиш жангида, 1866 йили бўлиб ўтган Россия-Бухоро урушида, Самарқанднинг қамал қилинишида, Каттақўрғон, Панжикент, Самарқанд ва Ургут бекликларини истило қилишда, 1873 йили Хўжант ва Фарғона водийсини забт этишда, 1876 йили Қўқон хонлигини истило қилишда, 1873 йили Хива хонлигини эгаллашда иштирок этган аскар ва зобитлари подшо ҳукумати томонидан тақдирланган. Демак, биз ўзбеклар ва Туркистон ҳудудида яшаган бошқа қардош халқлар устидан ўриснинг мустамлакачилик ҳокимияти ўрнатилишига ҳисса қўшган юртимиз душманлари тақдирланган. 

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ўзбеклар ва Марказий Осиёнинг бошқа вакиллари томонидан намоён этилган жасорат билан авлиё Георгий сиймосининг ўзаро боғланишини юқорида келтирилган учала фактнинг ўзи ғирт бемаъниликка чиқаради.

Демак, фашизмга қарши курашган ўзбек миллатига мансуб қариянинг кўксига динлараро урушлар ва ўрис давлати томонидан рўёбга чиқарилган мустамлакачилик сиёсатининг рамзи бўлмиш ўша авлиё Георгий тасмасини қадаб қўйиш – юқорида тилга олинган айрим юртдошларимизнинг юзию, виждонига боғлиқдир. 

Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ҳатто динга қарши шафқатсиз кураш олиб борилган собиқ совет мустамлакачилиги даврида ҳам «ғалабага элтувчи авлиё» Георгий сиймоси билан боғлиқ ҳар қандай латта ёки бошқа нарса қатъий ман этилган. Яъни 1917 йилдан 1992 йилга қадар совет режими амалиётида ҳам, совет мафкурасида ҳам ундай сиймо номига эга бирон-бир рамз бўлмаган. Фақат гвардия тасмаси ва қизил байроқ бўлган холос. Тўғри, гвардия тасмаси мукофот тасмаси бўлган, лекин у ғалабанинг расмий рамзи саналмаган. 

«Гвардия» сўзи ўзи нимани англатади?  

Гвардия, деб қўшинларнинг сараланган имтиёзли қисмига айтилади. Иккинчи жаҳон урушида шахсий таркиби алоҳида жасорат намоён этган ҳарбий қисм ва кемаларга гвардиячи ҳарбий қисм (кема) номи берилган.  

Гвардия дастлаб XV аср бошида Францияда, кейинчалик Англия, Швеция, Россия, Пруссияда (XVII асрда) пайдо бўлган. Масалан, Россиянинг лейб-гвардияси 1687 йилда Пётр I томонидан ташкил этилган бўлиб, 1918 йили тугатилган.  

Мухтасар қилиб айтганда, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг бирон-бир кўринишдаги рамзи ўша совет империяси даврида ҳам бўлмаган.  

Авлиё Георгий тасмаси ғалаба рамзи сифатида Россия Федерацияси президентининг фармони билан 2005 йили жорий этилган. Яъни чиркин рангли ўша латта бўлаги хорижий давлат раҳбарининг қарори ила ғалаба рамзига айлантирилган.  

Бинобарин савол туғилади: нега энди Ўзбекистон мустақил давлат бўла туриб, ёт давлат рамзини рамз сифатида қабул қилиши керак? Россия кўп йиллар давомида Ўзбекистон устидан ҳукм сургани ва собиқ бўлса ҳам, соҳибнинг қарорига ҳурмат-ла қараш керак бўлгани учунми? Ўриснинг юрти нисбатан кучли давлат бўлгани, мабодо ёшларимизнинг ватанпарварлик руҳидан сал наридаги муҳитда тарбия топаётган маълум тоифаси ва уруш фахрийлари ўша латтани тақмаса, Кремлдан норозилик хати келиши ва бундай норозиликнинг салбий оқибатларидан қўрққанимиз учунми? 

Ваҳоланки, ўша лаънати латта айнан ўрис миллатчилари томонидан расмий рамзга айлантирилди ва бу билан Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабада ўрис халқи асосий ўрин эгаллаганлиги баёнот қилинди, яъни совет республикалари халқларининг, шу жумладан, ўзбек халқининг ўша урушда тутган ўрни ўз ўзидан камситилди.  

Ҳамма тенг ҳисса қўшган эмасмиди фашизм устидан қозонилган ғалабага? 

Модомики, биз дунёвий давлат қурар эканмиз, дарсликларимизда Россия империясининг мустамлакачилиги қораланар, салиб юришлар даври эса расмий Европа томонидан оқланмас экан, авлиё Георгий тасмасининг юртимизда тарқатилишига қарши билдирилган фикрларни фитна дея эътироф этишга шошилмай, сал бўлса ҳам, ўйлаб гапириш керак. Ҳатто Рим Папаси ҳам бир замонлар бўлиб ўтган ўша салиб юришлар учун яҳудийлар билан мусулмонлардан расман кечирим сўраган. Зеро, Европа билан Ватикан ўша юришларни ўз тарихининг шармандали даври деб билади. 

Шундай экан, нега кўплаб давлатларда келишмовчилик ва фитна рамзига айланиб, қон тўкилишига, миллат ва элатлар орасида адоват ва айирмачилик уруғи сочилишига, Россия Федерацияси таъсири остида қолган давлатлар ҳудудида ўрис сепаратизми гуркурашига сабаб бўлаётган ўша ифлос, реакцион миллатчилар рамзи бўлмиш авлиё Георгий тасмасини ёшларимиз тақиб юришига лоқайд қарашимиз керак?  

Ўзи икки пулга қиммат ўша латта бўлаги бизнинг юртимизда ҳам турли можаролар юзага келишига сабаб бўлиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди. Бундай хавфни писанд қилмаслик эса одоб-ла айтганда, огоҳликнинг сустлашиб кетишидан ўзга нарса эмас, агар юртимизда фаолият юритаётган 5- колонна вакиллари ва уларга тарафдорлик қилаётганларнинг асл мақсади шу бўлмаса, албатта... 

Шокир Долимов, 

Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,  

истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги ҳаётимиз

170 04:00 16.04.2021

Мусулмонларни ўлдирган террорчи қамоқхонадаги шароитдан норози

776 23:00 15.04.2021

Белгия ва Швейцария санитария чекловларини бекор қилмоқда

179 20:00 15.04.2021

Швецияда Ўзбекистон элчихонаси очилади

225 19:00 15.04.2021

Нукус шаҳрида учта янги масжид қурилиши бошланди

239 18:00 15.04.2021

Ангрен МИБнинг сўконғич раҳбари билан боғлиқ ҳолатни Сенат назоратига олди

378 17:30 15.04.2021
« Орқага