Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Германия талон-тарож қилинган артефактларни Нигерияга қайтарди - Deutsche Welle 

471

Германия ташқи ишлар вазири Aнналена Бербок 19-асрда талон-тарож қилинган 22 та асарни Нигерия пойтахти Aбужада уюштирилган маросимда Нигерияга топширди. Маросимда Бенин қироллигидан келган расмийлар ҳам иштирок этишган.

Ушбу Бенин бронзалари тўпламининг қайтарилиши шу йил бошида 1000 дан ортиқ қимматбаҳо буюмларга эгалик ҳуқуқини Нигерияга ўтказиш бўйича тузилган битимдан сўнг амалга оширилди, дея хабар берган Германиянинг Deutsche Welle нашри.

Июл ойида Нигерия биринчи Европа давлати билан шундай келишувга эришганини маълум қилганди. 

Бербок хонимнинг айтишича, бу "қора мустамлакачилик тарихи"ни тан олиш ҳаракатларининг бир қисмидир. У сешанба куни Aбужада сўзга чиқиб,  бу ўтмишдаги баъзи хатоларни тузатиш учун имконият эканлигини қўшимча қилди.

“Мамлакатим расмий мулозимлари бир вақтлар бронзалар ўғирланганини билган ҳолда сотиб олишган.

"Шундан сўнг биз Нигериянинг уларни қайтариш ҳақидаги илтимосини узоқ вақт эътиборсиз қолдирдик. Уларни сотиб олиш ҳам, мамлакатда сақлаб туриш ҳам маънан нотўғри эди", - деган Бербок хоним.

Қайтарилган нарсалар орасида машҳур маросим санамлари, фил суяги ўймакорлиги намуналари, шунингдек, нақшинкор лавҳалар бор.

Сўнгги пайтларда Европа мамлакатлари ва улардаги музейлар мустамлака қилинган давлатлардан талаб келтирилган ёки улар ўғирланганидан сўнг воситачилардан сотиб олинган осори атиқаларга эгалик ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш бўйича амалий ҳаракатлар бошлаган. 

Бундай артефакатларни қонуний соҳибларига қайтариш бўйича талабномалар аввал рад этилган ёки эътибор қилинмаган бўлса, Европада муаллифлик ҳуқуқига ва мустамлакачилик тарихига муносабатнинг ўзгараётгани собиқ колония давлатларида уларни қайтариб олишга бўлган умидни кучайтирмоқда.

"Йигирма йил, ҳатто 10 йил олдин ҳам, бу бронзалар Нигерияга қайтишини ҳеч ким кутмаган эди, чунки репатриацияга эришиш йўлидаги тўсиқлар енгиб бўлмайдигандек туюларди", деган Нигерия ахборот вазири Лай Муҳаммад маросимдаги нутқида. 

Қадимги Бенин қироллигидан талон- тарож қилинган ва 19-аср охирида Буюк Британияга жўнатилган бу артефактларнинг аксарияти Лондонда кимошди савдосига қўйилган, уларнинг айримларини немис коллекционерлари сотиб олишган, дея баёнот берган Германия ташқи ишлар вазирлиги. 

Маълум қилинишича, Германияга 5000 га яқин экспонат олиб келинган. Ҳозир уларни қайтариш ҳаракатлари бошланган. Лекин Буюк Британия  музейлари 900 га яқин шундай экспонатларга эга бўлсада, мамлакат қонунлари уларни қайтаришга тўсқинлик қилади.

Шунга қарамасдан, ўтган ойда Лондоннинг хусусий хайрия ташкилоти бўлган Ҳорниман музейи ўнлаб осори-атиқаларни, шу жумладан Бенин бронзаларининг бир қисмини Нигерия ҳукуматига топширди - у Буюк Британияда мана шундай ҳаракатни амалга оширган биринчи музей бўлди.

Нигериянинг Музейлар ва ёдгорликлар бўйича миллий комиссияси бутун дунё музейларига бу артефактларни ватанга қайтариш бўйича расмий сўровлар юборган.

Айтиш жоиз, мустамлака даврида Германия Ғарбий, Шарқий ва Жанубий Aфриканинг бир қисмини Биринчи жаҳон уруши охиригача бошқарган.

Ўтган йили Германия Намибияни босиб олиш пайтида геноцид содир этганини расман тан олди.

Немис мустамлакачилари 1904 йилдан 1908 йилгача у ерда ўн минглаб Оваҳереро ва Нама аҳолисини ўлдиришган.

Сўнгги йилларда Германия Намибияга инсон қолдиқларини қайтариб берди, фашист олимлари уларнинг баъзиларидан ирқий таснифлаш бўйича шармандали тадқиқотларда фойдаланганди. 

Таъкидлаш керак, Европада мустамлака даврида ўғирлаб кетилган тарихий ёдгорликларни қонуний эгаларига, ёки уларнинг ворисларига топшириш ҳаракатлари бошланган бир пайтда, Россия империясининг қарийб икки аср давомида Марказий Осиё ҳудудларини истило қилгани ёдга тушади. Русларнинг Бухоро амирлиги, Хива ҳамда Қўқон хонликларини босиб олгани ва аҳолини қириб ўлдиргани, ҳудуднинг сиёсий-иқтисодий тараққиётини 200 йилга кечиктириб юборгани, бу ердан мислсиз ҳажмда ер ости ва ер усти бойликларини текин ташиб кетгани алоҳида масала. Аммо бой тарихимизга оид осори атиқаларни вагонлаб Россияга жўнатишгани айниқса биз, ўзбеклар учун, оғриқли ва армонли масала.

Шу ўринда, Россиядаги энг мушҳур музейларда сақланаётган нодир қўлёзмалар, эрамиздан аввалги тарихимизга оид девор фрескалари ва ҳайкалчалар, ва бошқа кўплаб турдаги тарихий осори атиқаларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича музокара бошлаш ёки амалий ҳаракатларга қачон журъат қиламиз, деган масала ўртага чиқади. Гарчи Россиядан Европадаги каби бағрикенглик ва саховатни кутиш душвор бўлсада, Ўзбекистонда ҳеч бўлмаса Нигерияда бўлгани каби журъат ва ўз ҳаққини талаб қилиш инстинкти ҳамон сақланиб қолган, деган яхши гумондамиз. Зеро, қатағон йилларида коммунистлар томонидан отиб ўлдирилган маърифатпарвар адибларимиздан бири айтганидек, “ҳақ олинур, берилмас”.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эрон-Саудия Арабистони келишувининг геосиёсий аҳамияти: АҚШ ўйиндан чиқарилдими?

76 20:30 22.03.2023

Таровеҳ муносабати билан Тошкентдаги айрим кўчалар вақтинча ёпилади

248 19:42 22.03.2023

Энг яхши табиб

331 19:15 22.03.2023

«Пекин Ашхобод билан муносабатларга катта эътибор беради» — Си Цзинпин

279 18:40 22.03.2023

РЎЗАГА ОИД ФАТВОЛАР

30 18:05 22.03.2023

Асад режими Ҳалаб аэропортига ҳаво ҳужуми юзасидан Исроилни айбламоқда

247 17:10 22.03.2023
« Орқага