Бугун Германиянинг Кобленц шаҳри суди 58 ёшли суриялик Анвар Расланни Дамашқ қамоқхонасида маҳбусларни қийноққа солиш ва ўлдиришда айбдор деб топди.
Раслан Дамашқда мухолифлар сақланган қамоқхоналардан бирида ишлаган ва сўроқларни назорат қилган. Бу қамоқхонада 2011-2012 йилларда тўрт минг киши қийноққа солингани айтилмоқда. Германия прокуратурасида 30 нафар қийноқ қурбонлари ҳақида маълумот бор.
2012 йил охирида Раслан мухолифат томонига ўтган ва оиласи билан Иорданияга қочиб кетган. 2015 йилда унинг оиласига Германиядан бошпана берилди. Икки йил ўтиб, собиқ полковник гувоҳ сифатида уруш жиноятларида гумон қилинган суриялик иши бўйича сўроқ қилинган. У қамоқхонадаги иши ҳақида гапириб берган ва 2019 йил февраль ойида ҳибсга олинган.
Кобленцдаги суд жараёни халқаро ҳуқуқни бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортишни кўзда тутувчи қонун доирасида амалга ошди. Мазкур қонунга биноан инсониятга қарши жиноятлар Германияда содир этилмаган бўлса ҳам, айбдорларни жавобгарликка тортиш мумкин.
Анвар Раслан 27 та жиноят ва инсониятга қарши жиноятда айбдор деб топилиб, бир умрга озодликдан маҳрум этилди.