Янгиликлар

Ғиждувонда ХТБ мудираси болаларни масжиддан қайтаришга буйруқ берганмиди? 

3318

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Ғиждувон тумани халқ таълими бўлими мудирасига нисбат берилган аудиоёзув тарқалди. У ерда мудиранинг мактаб директорларига таҳдид қилиб, болаларни масжиддан қайтаришга сафарбар этилгани англашилади. Қуйида ўша аудионинг ёзма шаклини ҳавола этмоқдамиз. 

“Барча директорларга! Ўзингизни ҳудудингизда масжидлар, жума намози ўқиладиган жойлар бор. Барчангизнинг маънавиятчингиз эрталабдан, бувингизникига қараб эмас, ўша масжидларни олдида бўлади ва ўша масжидларда битта ўқувчингизни кўрадиган бўлсам, бирортангизни кечирмайман. Сиз педагогсиз, сиз уни ўқитувчисисиз, чиройли йўналтириб, тўғри тарбиялаб, ўша ергача бормаслик чорасини кўришингиз керак. У ерга боргандан кейин, қайтара олмайсиз. Ҳар бирингизни шахсан огоҳлантирдим”.

Яқинда, Қурбон ҳайити арафасида Ички ишлар вазирлиги махсус баёнот бериб, юртимизда масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.

Мудира бу қилиғи билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 31-моддасида белгилаб қўйилган, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади”, деган сўзлар унинг учун қуруқ гаплар эканини билдириб қўймоқчими?!

Шунингдек, Конституциямизнинг 16-моддасида “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас” деб айтилган.

Абдулхолиқ Ғиждувонийлар чиққан юртда бундай гапларнинг тарқалиши шармандали ҳолат. 

Масжидга борган бола учун бирорта ўқитувчини “кечирмайман” дейди мудира опа. Кечирмайман дейишдан олдин ўзингиз Аллоҳдан кечирим сўрасангиз бўлмайдими? Бу қилиғингизнинг динга, мусулмонларга қарши эканини биласизми? Агар ота-боболаримиз динига шунчалик душманлик муносбатида бўлсангиз “Шарли Эбдо”чилардан қаерингиз кам?

“Маънавиятчи”нинг иши масжид олдида пойлаб, у ерга борганларни қайтаришми? Наҳотки бундан бошқа иши бўлмаса уларни? Мактабларда ёш қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолаётгани, ахлоқи бузилиб кетаётгани, таълим даражасининг абгор аҳволда эканига масжид айбдорми? Қайтага масжидга борган болаларнинг одобли, ўқишга қизиқиш кучлироқ бўлиши ҳаммага маълум-ку?
“Сиз педагогсиз, сиз уни ўқитувчисисиз, чиройли йўналтириб, тўғри тарбиялаб, ўша ергача бормаслик чорасини кўришингиз керак” дебсиз. Педагог, ўқитувчи ўз шогирдини тўғри йўлдан қайтариши, ҳидоят масканидан тўсиши яхши ишми? Қандай чора кўриши мумкин ўша “маънавиятчи”? Масжидга борган ўқувчини қулоғидан бураб уйига қайтарадими?

“У ерга боргандан кейин, қайтара олмайсиз”. Қандай абсурд, қандай шаккоклик билан аралашган сўзлар. Наҳотки, масжиддан қайтариш шунчалик улуғ иш бўлса?! Шуни гапираётганда озгина фикр қилиб, ўйлаб кўрдингизми, мудира опа?! 

Нима бўлганда ҳам “Қуввати исломи дин аст” бўлган Бухорога, сон-саноқсиз авлиёлар чиққан Ғиждувонга лойиқ иш бўлмапти, бу иш... Бундан буён Ғиждувон олимлари билан эмас, фақат кабоблари билан машҳур бўладими? Агар маорифчиларнинг тушунчаси шунчалик бўлса, бошқа нимаям кутиш мумкин...

Биз Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматига боғланганимизда, улар бундан умуман хабарсиз эканлигини билдиришди. Вазирлик хабари йўқ нарсани туман мудираси қаердан олгани ажабланарли...

УЛАШИНГ:

« Орқага