«Ғийбат – гапирилган одам рози бўлмагунича кечирилмайди»

00:00 31.05.2019 448

Тил билан қилинадиган гуноҳларнинг энг кўп тарқалгани бировларнинг айбларини гапиришдир. Қуйида ғийбат билан боғлик ҳукмларни шарҳлашга ҳаракат қиламиз.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу деди: «Биз жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Қаердандир бадбўй ифлос сассиқ ҳид келди. Жанобимиз алайҳиссалом: «Бу нима эканини биласизми? Бу мўминларни ғийбат қилаётганларнинг ҳидидир», дедилар. Ҳазрат Жобир розияллоҳу анҳудан келган бошқа ривоятда: «Мунофиқлардан бўлган одамлар мусулмон бўлганларни ғийбат қилдилар. Шунда атрофга мана шу сассиқ ифлос ҳид тарқалган эди», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: «Кимнингдир ҳузурида бир мўмин бандани ғийбат қилсалару, у мўминга ёрдам берса, яъни ғийбатга рози бўлмаса ёки ғийбат қилишдан қайтарса, Аллоҳ таоло уни яхшиликлар билан бу дунё ва охиратда мукофотлайди. Агар ғийбат қилганларида мўминга ёрдам бермаса, ғийбатга рози бўлса, бирга ғийбат қилса, Аллоҳ таоло у одамни икки олам ёмонликлари билан жазолайди. Бир мўминни ғийбат қилиб ёмонликдан бўлган насиба – луқмани ҳеч ким ютмасин. Агар билган нарсани гапирган бўлса, ҳақиқатан ғийбат қилган бўлади, яъни ғийбат қилишда бериладиган гуноҳга эга бўлади. Агар билмаган нарсани ғийбат қилган бўлса, бўҳтон ва туҳмат қилган бўлади (Бунинг жазоси эса янада оғирроқдир)» (“Ал-адаб ал-муфрад” – “Одоб дурдоналари”).

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا الحجرات 

"...ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин*..

Ояти каримада феъл амр сийғасида келтирилгани ғийбатдан тийилишнинг вожиб амал эканига далолат қилади. Ундан тийилмаслик оғир гуноҳдир. Бу бандаларнинг бир-бирларидаги ҳақлари жумласига киради ва то ҳақ эгаси рози бўлмагунча Аллоҳ таоло кечирмайди. Шайтон мўминларнинг ширк келтиришидан умидини узган. Аммо доимо ғийбатлари шайтонга умид беради.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтди: «Биз жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Қабристонда икки қабр ёнидан ўтдик. Уларнинг иккови ҳам қабр азобида экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу иккови катта гуноҳлари учун азобланмаяптилар. Ҳа, ана шундай! Аммо уларнинг бири одамларни ғийбат қилар эди. Бошқаси эса, пешобидан озорланмасди (кийимларига сачраган майда пешобдан сақланмас эди). Кейин дарахтдан бир-икки шох синдириб келишни буюрдилар. Уларни синдириб, ҳар бир қабрга экиб (суқиб) қўйиш кераклигини айтдилар ва: «Билингларки, албатта, бу шохлар қуригунига қадар (ёки модомики, нами бор экан) уларнинг азобларини енгиллатади», дедилар.

Имом Қайс айтади: «Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу асҳоблари билан сайр қилиб юрар эди. Уларнинг йўлидан сасиб кетган ҳўтикнинг мурдаси чиқди. Шунда ҳазрат Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бундай деди: «Биронтангиз қорни тўйгунча мана бунинг гўштини емоғи бирон бир мусулмоннинг гўштини еганидан яхшироқдир».

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаё фақат яхшилик келтиради!» Шунда Башир ибн Каъб розияллоҳу анҳу деди: «Ҳикматли сўзлар китобида шундай деб ёзиб қўйилган: «Албатта, ҳаёда виқор, албатта, ҳаёда сакинат бордир!». Ҳазрат Имрон розияллоҳу анҳу Баширга: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтсам, сен менга ҳикмат китобингдан айтасан», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳақиқатан, ҳаё ва иймон бирга юрадиган эгазакларга ўхшайди. Бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади». Бу ҳадисни кўпчилик олимлар марфуъ ҳолатда ривоят қилишган. Уни тушиниб олиш учун юқорида келтирилган ҳадисларнинг изоҳи ва шарҳига қараш керак.

Ғийбат қилиш гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Масалан, бир киши бомдод намозини ўқиб бўлгач, бир одамни ғийбат қилди, дейлик. Пешин намозини ўқиши бу ғийбатнинг гуноҳини ювиб юбора олмайди. Чунки, бу катта гуноҳдир. Агар чандики, умри давомида битта одамни ғийбат қилган бўлса, унга етарли бўлади ва ҳақ эгасини рози қилмагунча Аллоҳ таоло ҳам рози бўлмайди. Ғийбат деган авом халқ уни сўкиш, ҳақоратлаш, дейдилар. Яъни бир инсонни у ёқтирмайдиган сифатлари билан гапиришдир. Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўраганларида, шундай деган эдилар: «Биродарингни у ёмон кўрадиган, ёқтирмайдиган қилиб зикр қилишингдир. – Агар гапираётган нарсам унда ҳақиқатан ҳам бор бўлса-чи?- деб сўради. – Агар инсондаги бор нарсани айтган бўлсанг, ҳақиқатан ғийбат қилган бўласан. Агар унда йўқ нарсани гапирсанг, унда бўҳтон қилган бўласан», дедилар.

Аллоҳ таоло бундай кабира гуноҳдан Ўзи паноҳ берсин! Агар билиб билмай содир этган бўлсак, Рамазони шариф кунларида астойдил тавба қилиб ғийбат қилинган кишидан кечирим сўрашлик бахтини насиб этсин! (Давоми бор)

Тошкент шаҳар Олмазор тумани  “Тўхтабой” жоме масжиди
имом-хатиби Зокиржон ШАРИФОВ

*Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх А.Мансур. Тошкент. 2014. Ҳужурот сураси, 12- оят. 517- бет.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!