Ғийбат – бир инсон ҳақида ёмонликларни, гарчи унда бўлсада, гапиришдир. Чақимчилик эса – одамлар ўртасини бузиш учун гап ташишдир. Чақимчиликнинг ғийбатдан фарқи, унинг бузғунчилик қасдида бўлишидир. Ғийбатда эса бу шарт йўқдир. Ғийбат – ўзининг сўз юритилаётган одамга нисбатан айтилган ёмон сўзлар билан ажралиб туради. Бошқа жиҳатларда ғийбат ва чақимчилик ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Қаранг: Фатхул-Борий: 10/ 469 – 473).
Ҳозирги кунда чақимчилик ва ғийбатнинг бозори одамлар ҳусусан аёллар ўртасида қизиган. Шунинг учун ҳам, бу иллатларнинг иккисини ёҳуд бирини қилган одамлар учун берилажак жазоларни бошқаларга нисбатан кенгроқ ёритдим. Шояд Аллоҳ таоло каминанинг –Аллоҳ менга офият бериб, афв этсин- ушбу камтарона сатрларимни бу иллатни юқтирганлар ва улар атрофидагилар учун эслатма-огоҳлантириш қилса. Аллоҳ таоло барчамизни ғийбатчи ва чақимчиларнинг ёмонликларидан сақласин ва (уларни) биздан узок қилсин!.
Ғийбатчи, чақимчи ва одамлар ўртасида фасод ва бузғунчиликларни ёядиган: одамлар ўртасини гап ташиш билан бузадиган, ўрталаридаги меҳр-мухаббатни нафрат-адоватга айлантирадиган одам – ўша одамлар энг бадбахт ва фосиқ одамдирлар. Улар бир тоифадан эшитган нарсаларини бошқа тоифага бошқача қилиб олиб борадилар. Уларнинг ўз хоҳишларига кўра сўзлайдиган тез ўзгарувчан тиллари бор. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уларни: «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай» (Хумаза: 1)- деб огоҳлантирди. Улар одамларни гаплари ва ҳаракатлари билан айблайдилар. Ҳолбуки улар, нафрат ва таҳқирга лойиқдирлар. Нега лойиқ бўлмасинлар? Ахир улар бўҳтон, ғийбат, чақимчилик, хиёнат, гина, ҳасад ва алдовни тарк этмаяптилар-ку!
Шунинг учун ҳам, қабр азобининг сабабларидан бири – одамлар ўртасида гап ташиб чақимчилик қилишдир.
Аббос ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадина ёки Маккада, атрофлари девор билан ўралган бир ердан ўтар эканлар, қабрларида азобланаётган икки одамнинг овозларини эшитдилар ва: «Улар азобланмоқдалар. Улар катта гуноҳ сабабли азобланмаяптилар!» улардан бири ўз бавли (сийдиги)дан сақланмас, бошқаси эса чақимчилик қилар эди ...»- дедилар» (Имом Бухорий, ҳадис № 218; Имом Муслим, ҳадис № 292; Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 20; Термизий, ҳадис № 70; Насоий: 1/ 28; 30; Ибн Можа, ҳадис № 347).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мени Осмонга олиб чиқилганида юзлари ва кўкракларини тирнаётган мис тирнокли инсонларни кўрдим ва: «Эй Жибрил, булар кимлар?»- дедим. Жибрил: «Улар – одамларнинг гўштларини еб, шарафларини булғайдиган одамлар»- деди» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 4879; Имом Аҳмад, Муснад: 3/ 224.).
Қатода разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга қабр азоблари уч қисмдан иборат эканини зикр қилдилар: учдан бири ғийбат, учдан бири сийдикдан сақланмаслик ва учдан бири чақимчиликдир» (Ибн Абид-Дунё, Китабус-сомти ва одобил-лисани: 129; Бу ҳадисни тадқиқ этган Абу Исҳоқ Ҳувайний: «Бу ҳадиснинг Қатодага қадар ривоят силсиласи ишончлидир»- деди).
Ғийбатчи ва чақимчи бўҳтон гапириши аниқ бўлгани учун ҳам, бўҳтончи-каззобларга бериладиган жазолар билан огоҳлантирилгандир. Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган «Узун туш» ҳадисида қуйидаги сўзлар бор: «Юзининг бир томони билан юзтубан ётган одам олдига етиб келдик. Унинг устида бошқа биров қўлидаги учи илмоқди темир билан турарди. У, ётган одамнинг юзини (темир билан шундай тортдики), оғзининг бир тарафи, бурни ва кўзлари пешонасига қадар орқа томонига ўтиб кетди. Кейин ётган одамнинг бошқа томонига ўтди ва (юзнинг) биринчи томонида қилганини, иккинчи томонида ҳам қилди. Иккинчи томонни тугатмай туриб, биринчи томон аввалгидек ўз ҳолатига қайтди. Яна қайта аввалгидек (озоблаш) давом этди» (Имом Бухорий, ҳадис № 7047). Ҳадиснинг давомида азобланаётган одамнинг уйидан чиқиб, бутун оламни бўҳтонга тўлдирган одам экани баён қилинди.
Чақимчига қаттиқ жазолар ваъда қилинган. Хузайфа разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилган: «Чақимчи жаннатга кирмас!» (Имом Бухорий, ҳадис № 6056; Имом Муслим, ҳадис № 105).
Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу дунёда икки юзи бўлган одамнинг, Қиёмат кунида оловдан икки тили бўлади» (Абу Довуд, ҳадис № 4873; Имом Бухорий, ал-Адабул-Муфрад, ҳадис № 1310; Бағавий, Шарҳус-сунна, ҳадис № 3568).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларни айтганларини эшитганман: «Аллоҳ бир мўъмин ҳақида унда бўлмаган нарсани айтган одамни, шу айтган нарсасидан қайтмагунича телбалик лойига жойлаштиради» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 3597; Имом Аҳмад, Муснад: 2/ 70).
Абу Яъло разияллоҳу анҳу Оиша ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолардан, улар эса расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар: «Бу дунёда биродарининг гўштини еган одамга Қиёмат кунида ҳам шу гўшт яқинлаштирилади ва унга: «Буни тириклигида еган эдинг, энди ўлик ҳолда ҳам е!»- дейилади ва у ейди-да, қош-қовоғи осилиб, фарёд чекади» (Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, Фатҳул-Борий: 10/ 470. У бу ҳадиснинг ривоят силсиласи ишончли эканини ёзди).