Ғийбатнинг гуноҳлиги ҳақида (3-қисм)

21:00 09.08.2018 130

Насиҳат. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: «Одам боласи билан доим бирга бўладиган фаришталар бор. Бир инсон биродарини яхшилик билан эсласа, ўша фаришталар унга: «Сенга ҳам худди шундай бўлсин», деб турадилар. Бир киши биродарини ёмонлик билан эсласа, фаришталар: «Эй Одам боласи, усти ёпилган кишининг авратини очдинг. Ўзингга қайт, сенинг авратингни (айбингни) яширган Аллоҳга ҳамд айт», дейдилар».[1]

Эслатма. Ғийбат қилиш билан айбни очиш орасидаги фарқ шуки, ғийбат деб бировнинг айбини уни пастга уриш мақсадида, унинг ўзи йўқлигида, агар у эшитиб қолса хафа бўладиган тарзда баён қилишга айтилади. Хоҳ ўша айб одамларга аввалдан маълум бўлсин, хоҳ одамларнинг бу айбдан хабари бўлмасин, фарқи йўқ. Айбни очиш деганда эса одамларга билдириб қўйиш мақсадида илгари уларга маълум бўлмаган айбни айтиш тушунилади. Масалан, бенамозлиги ҳаммага маълум ва машҳур бўлган кишини ўзи йўқлигида уни пастга уриш учун бенамоз дейилса, бу иш ғийбат бўлади. Уни айб очиш демаймиз, чунки унинг намоз ўқимаслиги ҳаммага аён.

Ҳадис. Жобир ибн Сулайм розияллоҳу анҳу[2] айтдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Фойдаланишим учун менга бир яхшилик ўргатинг», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Яхшиликнинг бирортасини ҳам кичик санама. Ҳатто (бу яхшилик) қудуқдан сув олмоқчи бўлган одамнинг идишига ўз челагингдан сув қуйиб бериш ёки биродарингни очиқ юз билан қарши олиш бўлса ҳам. У сенинг ёнингдан кетгач, уни ҳаргиз ғийбат қилма».[3] 

«Ғийбат ўзи нима?»

Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов

---

[1] «Танбеҳул ғофилин».

[2] Ҳужайм қабиласига мансуб, Абу Журай куняси билан машҳур бўлган саҳобий. У кишининг номини баъзилар Сулайм ибн Жобир деса, яна баъзилар Жобир ибн Сулайм дейдилар. Имом Бухорий иккинчи гуруҳ томондалар (Ал-Исоба»).

[3] «Иҳёу улумид-дин».

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!