Голландияда бурқали аёлларга бериладиган жаримани сиёсий партия тўлайдиган бўлди

09:50 22.07.2019 760

Голландияда 1 августдан эътиборан ва тақиқи кучга киради. Туркияликлар ва марокашликлар асос солган “Нида” партияси бурқали ва ниқобли аёлларга бериладиган жаримани тўлашга қарор қилди. Партиянинг фикрича, мазкур тақиқ эътиқод эркинлигига зиддир.

Партия вакили Жамил Йилмазнинг Trouw газетаси маълум қилишича, жарималарнинг тўланиши учун алоҳида ҳисобрақам очилади. Жарималар кўпайиб кетадиган бўлса, ёрдам кампанияси уюштирилади. Партия франциялик тадбиркор Рашид Некказдан ўрнак олди: Некказ 2010 йилда Европада бурқа ва ниқоб тақиқлангандан кейин муслималарга бериладиган жарималарнинг тўланиши учун 2 миллион евро ажратди ва 8 мамлакатда 1542 аёлга белгиланган 300 минг евролик жарималарни тўлади.  

Голландияда 1 августдан эътиборан жамоат жойларида муслималарнинг бурқа ва ниқоби, мотоциклчилар шлеми ва юзни ёпиб турадиган ниқоблар билан юриш расман тақиқланади. Бу тақиқни бузганлар 150 евро миқдорида жаримага тортилади.  Голландияда бурқа ва ниқобда юрадиган тахминан 400 муслима бор.

Голландиядаги тақиқни Давлат кенгаши, Голландия инсон ҳуқуқлари институти ва Халқаро амнистия ташкилоти инсон ҳуқуқларига зид деб танқид қиляпти. Бироқ ҳукумат Европа инсон ҳуқуқлари судининг қарорига таянганини айтмоқда. Суд 2014 йилда Францияда кучга кирган ва кўчада юзни тўлиқ тўсувчи кийимларнинг тақиқланиши ҳақидаги қонун инсон ҳуқуқларига зид эмас деган қарор чиқарган эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!