Солиқ кодекси билан 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хорижий компаниялари учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлаш жорий этилди.
Мамлакатимизда бундай компанияларни рўйхатга олиш учун Давлат солиқ қўмитаси томонидан махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – http://tax.uz яратилди.
Бугунги кунга қадар ҚҚС-офис орқали Ўзбекистонда 9 та хорижий компаниялар ихтиёрий солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди.
Улар:
- Google Commerce Limited (Ирландия);
- Google Ireland Limited (Ирландия);
- Google Voice Inc (АҚШ);
- Apple Distribution International Limited (Ирландия);
- Netflix International B.V. (Нидерландия);
- Samsung Electronics Co., Ltd. (Жанубий Корея);
- Сleverbridge AG (Германия);
- Xsolla (USA), Inc. (АҚШ);
- Activision Blizzard International BV (Нидерландия).
ҚҚС бўйича биринчи тўлов «Google Commerce Limited» компанияси томонидан амалга оширилди. Компания жорий йилнинг I-чораги якунларига кўра давлат бюджетига 85 минг евро миқдорида маблағ тўлади.
Ихтиёрий рўйхатдан ўтиш, чет эл корхоналари (компаниялар) ўз имиджига путур етказмаслик билан бир қаторда ҳудудида пуллик хизмат кўрсатаётган давлатнинг қонунларини хурмат қилишларини билдиради.
«Ҳозирда мамлакатимизда ҳам электрон тижорат тезкорлик билан ривожланаётганлигини инобатга олиб, бундай ихтиёрий рўйхатдан ўтиш ва солиқларни тўлаш маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам яхши намуна бўлади», - дейилади ДСҚ хабарида.
Давлат солиқ қўмитасига ҚҚС-офиси орқали рўйхатдан ўтиш учун хорижий компаниялардан аризалар келиб тушиши давом этмоқда.
Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос