Таҳлил

Дунёдаги энг қиммат доривор гул

2308

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йили Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар қаторида 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳасини илгари сурган эди. Унга асосан, босқичма-босқич равишда Республикамизнинг 23 та туманида 50 гектардан қимматбаҳо заъфарон ўсимлигини етиштириш, унинг гулбарглари, шираси ва зираворини қайта ишлаш, пиёзини кўпайтиришни ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг турли вилоятларида ушбу зироворни етиштириш ишлари бошлаб юборилди. Маълумотларга кўра, 2018 йили мамлакатимизда илк бор заъфарон ҳосили йиғиштириб олинган. Мазкур ўсимликнинг хусусиятлари, заъфарон етиштириш бўйича эришилган ютуқлар ва келажакдаги режалар тўғрисида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Шифобахш доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш маркази қошидаги «Шафран» илмий тадқиқот маркази раҳбари, биология фанлари доктори, профессор Бобоқул Тўхтаев билан суҳбатлашдик.

Бир кило гул 15 минг АҚШ доллари туради

— Гулсафсардошлар оиласига мансуб заъфарон дунёдаги энг қиммат доривор ўсимликлар сирасига киради, — дейди Бобоқул Тўхтаев. — Бугунги кунда унинг 1 килограмми жаҳон бозоридаги сифатига қараб, 400 АҚШ долларидан 15 000 АҚШ долларгача баҳоланади. Мазкур ўсимлик, асосан, Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади. 
Юртимизда ушбу ўсимликни кўпайтириш ва плантацияларини ташкил этиш бўйича илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника боғи олимлари томонидан олиб борилган. Натижада ривожланган мамлакатларда фармацевтика, косметология, халқ табобати, ҳатто пазандаликда кенг фойдаланиладиган заъфарон юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос экани, Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжудлиги исботланди.

Бир йилда 11 килограмм ҳосил етиштирилди

Президентимиз ташаббусидан сўнг зудлик билан мазкур ўсимлик плантацияларини яратишга киришдик. «Шафран» илмий тадқиқот маркази ташкил этилиб, «Brand Investment Group» МЧЖ тадбиркорлар гуруҳи билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2017 йилда Голландиядан 36 тонна заъфарон пиёзлари олиб келиниб, белгиланган майдонларга экилди. Пиёзлар мамлакатимизнинг учта минтақаси — Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 10 гектар, Андижон вилоятининг Избоскан туманида 5 гектар, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 22,5, жами 37,5 гектар майдонга қаторасига экилди. Шу ўринда заъфаронни қаторасига, эгат олиб экиш усули биринчи марта Ўзбекистонда синаб кўрилганини ҳам таъкидлаш лозим. Бу хомашёнинг саноат даражасида етиштирилишига кўмаклашади.

Биринчи вегетация йилида ҳар гектардан 300 граммдан, жами 11 килограммдан кўпроқ хомашё олинди. Бунга ажабланишнинг ҳожати йўқ. Ўсимлик хусусиятига кўра, бир гектар плантациядан биринчи йили ўртача 250, 300 грамм ҳосил беради. Кейинроқ ҳосилдорлик 7-8, 15-16 килограммгача кўпаяди. Ҳатто заъфароннинг ватани ҳисобланган мамлакатларда ҳам гектаридан уч килогача маҳсулот етиштирилади, холос.

Пиёзини ҳам ўзимиз етиштиряпмиз

Президентимиз заъфарон пиёзларини ҳам мамлакатимизда етиштириш бўйича аниқ топшириқларни белгилаб берган эди. Шу боис ҳозирда янгидан ташкил этилаётган плантацияларга хориждан пиёзлар олиб келинаётгани йўқ. 2018 йилда Қашқадарё вилоятидаги 10 гектар, Андижонда 5 гектар заъфароннинг биринчи вегетация йилидан сўнг кўпайган пиёзлари ковланиб, республикамиздаги ўн учта ўрмон хўжалигида янги плантациялар яратилди. Жумладан, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларидаги ўрмон ҳўжаликлари ҳудудида 27 ярим гектар қўшимча плантация ташкил этилди.

Фермерлар ҳам ташаббусни қўлламоқда

Ўтган йили илмий тадқиқот марказимизга хусусий тадбиркорлар ва фермерлар томонидан заъфарон етиштиришда кўмаклашиш юзасидан илк таклифлар келиб туша бошлади. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида уч нафар тадбиркор ва фермер томонидан 5 гектар майдонда заъфарон плантацияси ташкил этилди. Жорий йилда ковлаб олиниши режалаштирилаётган 125 тонна заъфарон пиёзининг 100 тоннаси ўрмон хўжаликлари таркибида плантация ташкил қилишга йўналтирилса, қолгани фермер хўжаликлари ҳудудига экилади.

Ибн Сино заъфарон  ҳақида

Халқ табобатида заъфарон ўнлаб хасталикларни даволашда ишлатилган. Абу Али ибн Сино заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли, нафас аъзоларини соғлом қилишини ёзиб қолдирган.

Ҳозирги кунда ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Унинг таркибида 50 фоиздан ортиқ бўёқ берувчи кроцин, 2,7 фоиз ёғ, 0,32 фоиз эфир мойи, В, В2 витаминлари, азотли моддалар, қанд, калий ва кальций бирикмалари мавжуд бўлиб, кўплаб касалликларни даволашда қўлланилади. Ўсимлик ўзига хос хушбўй ҳиди, ёрқин ранг ва таъм бериши боис турли таомларга қўшилади. Ундан қандолат маҳсулотлари, кремлар, музқаймоқ тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Заъфарон қўшилган озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча кунгача сифатини йўқотмайди.

Юртимизда яна қандай доривор ўсимликлар етиштирилади?

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги ташаббуси олимларни янада рағбатлантирди. Илмий тадқиқотларимиз доирасида иқлим шароитимизга мос шифобахш ва озиқ-овқат тармоғида ишлатиладиган сано ўти, доривор валериана, бўёқдор рўян, доривор лаванда, тукли эрва, доривор розмарин ва икки бўлакли гинкго каби ўсимликлар аниқланди. Келажакда импорт ўрнини босувчи, экспортбоп бу турларни ҳам мамлакатимизда кўпайтириш, дастлабки плантацияларни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларнинг энг яхши намуналарини танлаб олиб, уларни кўпайтириш, яхлит соҳа сифатида ихтисослаштириш, фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Суҳбатни “Маҳалла ” газетаси мухбири Улуғбек Ибодинов ёзиб олди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Дада, мени черковга киритишмади...”

5219 22:00 10.12.2019

Жониворларнинг ҳақлари

1124 18:00 05.10.2019

Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

728 23:05 10.09.2019

Кунлар ўткинчидир

600 15:05 10.09.2019

Борига қаноат қилиш ғамни кетказади

802 14:05 09.09.2019

Икки ҳайит намози боби

645 14:00 29.07.2019
« Орқага