Гуноҳингиз билан фахрланманг, омонликда бўлмайсиз!..

18:00 08.01.2019 712

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Мен Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг қуйидаги гапларини эшитдим: Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Умматимнинг барчаси офиятда (омонликда)дир, лекин (ўзларининг қилган гуноҳларини бошқа инсонларга фахрланиб) ошкора қиладиган кимсалар офиятда эмасдир!. Киши тунда бир иш (гуноҳ) қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло унинг айбини (тавба қилиши учун) яширади. Лекин, у (гуноҳкор инсон) фахрланиб айтади: “Эй Фалончи! Ўтган тунда фалон-фалон ишлар (гуноҳлар)ни қилдим”. У (гуноҳкор), Роббиси унинг айбини яширган ҳолатида тонг оттирган бўлади. Лекин, у (гуноҳкор) Аллоҳ таоло (уни тавба қилиши учун) яширган айбини ўзи очиб қўяди” дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Хулоса: Ҳозирги кунда ижтимоъий тармоқларда баъзи бир кимсалар ўзларининг саҳифаларига гуноҳ устида тўрган ахлоқсиз суратлари ва беҳаё видео роликларини фахрланиш маъносида қўйиб боришлари кўпайиб қолди. Улар бу бемаъни маълумотларни фахрланиш, оммавий маданиятни тарғиб қилиш маъносида, энг асосийси Аллоҳдан қўрқмаган ҳолатда қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг қилган айбларини (тавба учунгина) яшириб қўяди. Лекин улар, Аллоҳнинг бандаларга нисбатан меҳрибончилигини енгил санаб, гуноҳда бардавом бўлмоқдалар. Асли ушбу ҳолатлари учун надомат қилишлари керак!. Чунки, бирор кимса гуноҳнинг устида бардавом бўлишлиги, Аллоҳ таоло уни уриб қўйганлигининг айни далолатидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дедилар, шайтонлари билан ҳоли қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо (мазҳара) қиляпмиз холос, дейдилар. Аллоҳ уларни истеҳзо (мазҳара) қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради”. ("Бақара" сураси 14-15-оятлар).

Ҳа азизлар! Бу ишлардан сақланайлик! Чунки, бу ишларнинг ортида дунё-охиратда хорлик, азоб турибди......

Элёрбек ЭРКИНБЕК

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!