Ислом

Гўзал турмушдан гўзал намуна

824

Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳли байтларга чиройли муомалада бўлар эдилар. Доимо хуш кайфиятли, аҳлига ҳазил қилар, лутф кўрсатар, нафақаларини кенг қилиб қўяр, аёллари билан кулишар эдилар. Ҳатто мўминларнинг онаси Оиша (розияллоҳу анҳо) билан мусобақалашар ҳам эдилар. Бу билан Оиша онамизга муҳаббатини изҳор қилар эдилар”.

Оиша (розияллоҳ анҳо) айтадилар: “Расули акрам мен билан мусобақа қилдилар. Мен У зотдан ўзиб кетдим. Бу семиришимдан олдин бўлганди. Семирганимдан сўнг Пайғамбаримиз мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Биру бир”, дедилар".

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча аёлларини ўзи тунайдиган уйда жамлар эдилар. Гоҳида ҳаммалари билан кечки овқатни бирга ер, сўнг бошқа аёллари ўз уйларига кетишгач, тунайдиган аёллари билан қолар, ридоларини ечиб, изорлари билан ухлар эдилар. Хуфтон намозини ўқиб бўлгач, уйларига кириб ухлашдан олдин аҳли билан бироз гаплашиб ўтирар эдилар. У зот мана шундай қилиб аёлларини хурсанд қилар эдилар.

Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси 21-оят).

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдоднинг икки ракатини (суннатини) ўқиб бўлганларидан кейин агар уйғоқ бўлсам, менга гапирар эдилар. Уйғоқ бўлмасам, намозга азон айтилгунча ётар эдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оиша онамиз билан озгина гаплашар ва насиҳатли қиссалар ҳақида сўзлашиб ўтирар эдилар. Худди Абу Заръ ва Умму Зарълар каби. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оиша онамизга айтдилар: “Мен сен учун худди Умму Заръ учун бўлган Абу Заръ кабиман” (бошқа бир ривоятда қўшимча қилиниб: “Лекин у аёлини талоқ қилди. Мен талоқ қилмайман”, дейилган). Шунда Оиша онамиз: “Ё Расулуллоҳ, балки Сиз Абу Заръдан яхшироқсиз”,  дедилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оиша онамизнинг қалбларига хурсандчилик киргизиш мақсадида баъзида исмларини қисқартириб: “Эй Оиш, эй Увайш, эй Ҳумайро”,  деб чақирар эдилар.

Пайғамбаримиз Оиша онамизга қараб: “Сенинг мендан розилигинг ва норозилингни биламан”,  дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Буни қаердан биласиз?” деб сўрадилар.  У зот: “Мендан рози бўлганингда: “Йўқ, Муҳаммаднинг Раббисига қасам”, дейсан. Мендан норози бўлганингда: “Йўқ, Иброҳимнинг Раббисига қасам”, дейсан”, дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) айтдилар: “Ҳа. Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, фақат исмингизни ҳижрон қиламан”.

"Исломда оила: муаммо ва ечимлар" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Муҳаббатни тамсил этган зот...

232 22:00 11.11.2019

Энг ибратли оила бошлиғи

500 22:00 09.11.2019

Эр аёлини урса, ғазабланар эдилар...

963 22:00 05.11.2019

Пайғамбаримиз аёлларга ҳам раҳмат эдилар

252 22:00 04.11.2019

Оламдаги эрларнинг буюги

477 22:00 30.10.2019
« Орқага