Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Хаббоб ибн ал-Aрат - қўрқмас саҳоба 

5337

Исломдан олдинги жоҳилият даврида Aбу Aбдуллоҳ Хаббоб ибн ал-Aрат ибн ал-Жандал ат-Тамимий асирга олиниб, Макканинг қул бозорида қулликка сотилган. 

Уни Қурайш қабиласидан Умму Aнмар исмли зодагон аёл сотиб олган. 

Умму Aнмар ёш ва қобилиятли Хаббобни ҳунар ўрганиш учун темирчи қўлига жўнатди. Хаббоб темирчиликни жуда тез ўрганди ва тез орада яхши ҳунармандга айланди. 

Хаббоб темирчилик ҳунарини ўрганиб, қисқа вақт ичида моҳир қуролсоз сифатида бутун Маккада шуҳрат қозонди. Қилич сотиб олмоқчи бўлганларнинг охири йўқ эди. Хаббоб ўткир ва пишиқ қилич ясаш қобилиятидан ташқари ҳалоллик ва  ростгўйлиги билан ҳам бошқалардан ажралиб турарди. 

Ўзи ёш бўлишига қарамай, Хаббоб мулоҳазакор ва кексаларга хос доно йигит бўлиб вояга етди. У кўпинча ишларини тугатгач, бошидан оёғигача иллатга ботиб кетган қавмдошлари ҳақида хаёл сурарди. Ўша пайтдаги араблар ҳаётини чулғаб олган жаҳолат уни даҳшатга соларди. Шунингдек, у  бу дунёнинг яратилиши ва мавжудлигидан мақсад ҳақида кўп ўйлаб, тафаккур қилар эди. 

Хаббоб узоқ кутмади. Ҳошимийлардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали нур етиб келганига гувоҳ бўлди. Аллоҳ элчисининг ҳузурига бориб, унинг дилларни забт этувчи ва нурга тўлдирувчи сўзларини эшитиб, ўзи кутган саодатли замон келганини тушунди. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қўл бериб, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва Расули эканига иймон келтирди. У ҳаётида биринчи марта узоқ йиллардан бери излаб юргани - руҳий хотиржамликни қалбида туйди. У биринчи бўлиб Исломни қабул қилган саҳобаларнинг олтинчиси бўлди.  

Хаббоб исломни қабул қилганидан кейин ўз динини ҳеч кимдан яширмади. Бундан хабар топган Умму Aнмар ғазабга тўлди. У акаси Сибаъа ибн Aбдулуззо билан бирга дарҳол Хаббоб устахонасига борди. Уларга Хузоъа ва Музор қабилаларидан бир гуруҳ ёшлар қўшилди. Улар Хаббобни ишлаб турган ҳолда топдилар. Сибаъ биринчи бўлиб унинг олдига келди ва: «Сен  ҳақингда биз ишонмаган гап эшитдик», деди. 

Хаббоб: “Нима гап экан?” деб сўради. «Сени диндан чекиниб, Бани Ҳошим қабиласидаги бир йигитга эргашибди, дейишяптими?», деб сўради у. Хаббоб хотиржам жавоб берди: “Мен чекинмадим, балки шериги бўлмаган ягона Aллоҳга иймон келтирдим ва бутларингизни тарк этдим. Мен ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам - Aллоҳнинг бандаси ва расули эканлигига гувоҳлик бердим”. 

Бу сўзларни эшитган Сибаъа ва ҳамроҳлари уни уриб, тепишни бошлади. Уни қўлларига тушган нарса —  болға ва темир парчалари билан калтаклашди. Хаббоб ҳушидан кетиб, қонга беланиб йиқилди. 

Хаббобнинг азоби шу билан тугамади. Маккалик мушриклар томонидан етказилган кўп қийноқ ва хорликларга чидашга тўғри келди. Хаббоб барча азоб-уқубатларга сабр қилди ва ҳақиқатга эргашишда давом этди. Шунингдек, Исломдан чиқиш учун унга таклиф қилинган барча нарсаларни рад этди. 

Хаббоб ибн Aрат разияллоҳу анҳу ривоят қилади:  Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалари тонг отгунча намоз билан ўтказганларини кўриб қолиб, улар намозни ўқиб бўлгач,  сўрадим: 

“Ё Расулуллоҳ, отам ва онам сизга фидо бўлсин, сиз бугун кечаси намоз ўқидингиз, буни мен аввал  кўрмаган эдим”. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтди: 

“Ҳа, албатта, бу қўрқув ва умид ибодатидир. Мен Роббимдан учта нарсани сўрадим, иккитасини менга берди, бирини олди. Мен Роббимдан бизни аввалги умматлар ҳалок бўлган нарса учун ҳалок қилмагин, деб сўрадим ва уни менга айтганимни берди. Aллоҳдан биздан бўлмаган душманга бизни мағлуб этмаслигини сўрадим, уни ҳам  менга берди. Парвардигоримдан бизни гуруҳларга бўлмасин, деб сўрадим, уни мендан олди”. (Имом Aҳмад, 21053; Aн-Насоий, 1638; Ибн Ҳиббон, 7236). 

Ислом тарихидан ҳамамизга маълум воқеа - Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу синглиси Фотимани ва эри Саидни ўлдириш учун уйига келиб, охир-оқибат Исломни қабул қилган кунида Хаббоб ибн Aл-Aрат ўша ерда эди. У Қуръонни такрорлаётган эди.  

Умар ибн Хаттоб Хаббобни жуда ҳурмат қилар ва кўп ҳолларда унинг ёнида ўтирар эдилар.

Хаббоб Сарвари коинот билан Бадр жангида қатнашди. Уҳудга қилинган юришда ҳам Пайғамбаримиз ёнида бўлди. Бу тўқнашувда ўзига қаттиқ зулм ўтказган Сибаъанинг «Аллоҳнинг арслони» Ҳамза ибн Абдулмутталиб қўлида ҳалок бўлганини кўрди. Хаббоб Хулафои рошидин ҳукмронлиги даврида яшади. Кўп йиллар фақирликда ҳаёт кечирган саҳобий умри охирида шунчалик кўп олтин-кумушга эга бўлдики, буни ҳатто орзу ҳам қилмаган эди. Аммо Хаббоб бу бойликни жуда қизиқ йўл билан тасарруф қилар эди. Дирҳам-динорларини уйининг маълум жойларига ташлаб қўяр, буни билган муҳтожлар ва камбағаллар унинг уйига эркин кириб, эҳтиёжларига яраша пулни бемалол олиб чиқиб кета олишар эди.  

Шу билан бирга у қиёматда бойликлари учун қандай ҳисоб беришни ўйлар ва Аллоҳдан қаттиқ қўрқар эди. 

Унинг дўстлари бундай ҳикоя қилишади: «Хаббоб қаттиқ бетоб бўлиб, ўлим тўшагида ётар эди. Олдига кирсак, «Манави ерда саксон минг дирҳам пулим бор, Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қачон пул беркитмаганман ва уни ҳамиша муҳтож кишиларга берганман», деди-ю, йиғлаб юборди. Биз йиғиси сабабини сўрадик. Шунда у: «Кўпгина тенгдошларим дунёда ҳеч нарсага эришмай ўтиб кетишди, мен эса кўп нарсани қўлга киритдим, бунга жазо берилмасмикин», деб қўрқаман», деди .  

Хаббоб ибн Aл-Aрат ҳижрий 37-йилда Кўфада етмиш уч ёшида вафот этди. Aли ибн Aбу Толиб Сиффиндаги воқеалардан кейин Кўфага қайтганида унга жаноза намозини ўқиди. Кейин унинг қабри устида туриб шундай деди: “Aллоҳ таоло Хаббобни ўз раҳматига олсин, чунки у ихлос билан исломни қабул қилди, тоат ила ҳижрат қилди ва ҳақиқий мужоҳиддек яшади”.

Фотима Муборак тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

1582 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

979 15:50 01.06.2023

Саудия Арабистони аҳолиси 32 миллиондан ошди

822 14:19 01.06.2023

Аср намозига 30 дақиқа қолган бўлса пешин ўқилмайдими?

2564 10:45 01.06.2023

Қозоғистон: Россия-Украина чегарасига тинчликпарвар кучларни юбориш ҳақида мудофаа вазирлиги муносабати

2414 09:25 01.06.2023

Ўшда халқаро муаззинлар танлови бўлиб ўтди

1434 08:48 01.06.2023
« Орқага