(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 21-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Қор тўхтаган, ҳаво совуқ эди.
Ойшагул яна Фазилат хонимникида қолди. Ҳабиба хоним энди Фазилатдан дардини сўрамас, дугонаси қаҳвага таклиф қилгани учун келган эди. Зотан, уйи бир кўча нарида.
Фазилат туриб олди:
– Зерикиб кетдим. Кел, эски кунларимизни эслайлик.
– Майли, лекин оилали аёлман. Турмуш ўртоғимнинг бир неча соатга берган изнини суистеъмол қилолмайман.
Гапга Ойшагул аралашди:
– Хўжайинингиздан мен рухсат оламан, амаким менга йўқ демайди.
Фазилат Ҳабиба хонимнинг эри Усмон бейни яхши танирди. Шунинг учун:
– Усмон ака мен сўрасам, рухсат бермайдими? Сўрасам, сени менга бутунлай беради, – деди.
Ҳабиба хоним хафа бўлди:
– Бу нима деганинг?
– Менга қара, – деди Фазилат асабийлашиб. – Жиддий аёлларга ўхшаб ҳазилниям тушунмайсанми?
– Лекин ҳазилинг сенинг қадринг борлигинию менинг умуман қадрсизлигимни билдиряпти. Ҳазил бўлса ҳам хунук сўзлар кишига ёқмайди. Бутунлай беради, нима деганинг? Шунчалик кераксиз одамманми?
– Яхши-яхши. Кечирасан. Сенга бошқа бундай ҳазил қилмайман.
– Менга эмас, бошқа бировга қилма, деб огоҳлантирдим. Мен сени танийман. Юрагинг тозалигини биламан, лекин ҳамма ҳам мендек эмас.
Меҳмонхонага киришди. Фазилат хоним қучоғида ухлаб қолган қизини ўринга олиб кетаётганда Ойшагул уйига кетди. Ҳабиба хоним хонада ёлғиз қолди. Яна Фазилатнинг кундалигига кўзи тушиб, қизиқиб қўлига олди. Бу гал рухсат сўрашни мувофиқ деб топди:
– Кундалигингни кўрсам бўладими? Фазилат хоним ётоқхонадан жавоб берди:
– Ўзингга ишонсанг, ўқи, лекин кейин менга савол берма.
Ҳабиба хоним саҳифаларни варақлар экан, ҳайрати ортарди. “Кўзларингнинг менга қилган таъсирини ҳам ҳеч қачон билолмайсан…” Бу жумла Ҳабиба хонимни қаттиқ ғазаблантирди. Жаҳл билан ўрнидан туриб, бақирди:
– Фазилат!
Дугонаси дарров келди.
– Намунча Дажжолни кўргандек бақирмасанг!
Қўлидаги дафтарни силкитганча:
– Бу нима дегани? – деди Ҳабиба хоним.
– Савол бермоқчи эмасдинг-ку?
– Гапни бурма! Бу кимнинг кўзлари? Нега кўзларнинг эгаси билмаслиги керак? Агар бу Алининг кўзлари бўлса, унга айтган бўлсанг керак. Али бўлмаса, унда ким?
– Мен шунчаки ёзгандим. Энди менга савол беришни бас қил. Илтимос! Ҳатто гапиришга ҳам мажолим йўқ, тушун.
– Нимани тушунишим керак? Бу кетишда ҳаммамизни ақлдан оздирасан! “Кўзларингнинг менга қилган таъсирини ҳам ҳеч қачон билолмайсан...” деганинг нимани англатади? Ким учун бундай сўз ёзилиши мумкин? Кимнингдир кўзи сени мафтун этганининг ифодаси бу!
Фазилат янги ёзган саҳифасини Ҳабиба ўқимаслиги учун баҳона қидирарди.
– Менга босим ўтказма! Агар ўзимнинг қўлимдан келмаса, сендан ёрдам сўрайман. Ойшагул келди, бошқа мавзуга ўтайлик. Қолаверса, сўзингда турмадинг. Ҳеч нарса сўрамайман, дегандинг.
Эшикдан Ойшагул кулиб кириб келди:
– Арслон амаким Усмон амаким соат ўн иккигача рухсат берди. Мен қаҳва тайёрлайман, сиз ўтириб, тўйиб суҳбатлашинг.
Ошхонага киргач, ортига қайтиб давом этди:
– Ҳозир келаман. Чунки мени соғинганингизни биламан.
Аслида, Ҳабиба ва Ойшагул Фазилатни ёлғиз қолдиришни хоҳлашмагани учун келишиб олишганди. Ҳар фурсатда унинг олдига келиб, чалғитишга ҳаракат қилишарди.
Оғир кунларда, яхши дўст кам бўлган даврда улар шундай дўст эканини исботлашга уринишар ва ўз бурчларини сидқидилдан бажаришарди.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)