Иймон

Ҳадемай қуёш чиқади!...

4083

Аввалига эътибор бермадик, ҳисоб. “Хитойнинг Ухан деган шаҳрида кўршапалак ва илон истеъмол қилган одамлардан оммавий вирусли касаллик тарқади. Ўлаётганлар бор” деган хабар ОАВ орқали эълон қилинганда, уни эшитган эшитди, эшитмаган йўқ. Секин-аста эса, эшитмаган қулоқ қолмади. Лекин бошланишида одамлар хабарга чиндан-да етарлича парво қилмади. Чунки “вирусдан одам ўлаётган бўлса-да, у қайдадир узоқда юз беряпти, бизга алоқаси йўқ” деб қаралди. Одатда шундай бўлар эди-да!.. Ахир, шу кунгача инсоният не-не балоларни бошидан кечирмади, дейсиз. Охирги юз йилни олганда ҳам, қанчадан-қанча юқумли касалликлар унга чангал солди: испанка, ОИТС, эбола, парранда гриппи, чўчқа гриппи...

Лекин уларнинг аксари эпидемик характерда бўлиб, заминнинг бир-икки жойида қайд қилинар, сўнг чора-тадбирлар натижасида даф бўлиб кетар ёки маълум масофада жиловлаб туриларди. Коронавирус-чи? Йўқ, у дунёни икки ой ичида ўз тўрига ғарқ қилиб, уч ой деганда пандемияга айланди. Энди “Хабарлар”да вирус ўта юқумли бўлиб, дунёнинг бошқа давлатларига ҳам тарқалаётгани ҳақида тинимсиз, ҳа, тинимсиз жар солина бошлади. Интернет ижтимоий тармоқлари эса, Ухандаги касаллик билан боғлиқ реал вазиятлардан даҳшатли лавҳаларни ёйинлади. “Карантин ҳолати жорий қилинди” дейилди. Тушундикки, бу ҳазил эмас. Москва ёки Истанбулдек мегаполислардан-да аҳолиси кўп бўлган Ухан шаҳри худди  мозорга ўхшаб қолганди: кўпқаватли уйлар қабрлар янглиғ сўппайиб турар, кўчаларда зоғ ҳам кўринмасди. Бу энди ғоят жиддий SOS сигнали эканлигига шубҳа йўқ эди... 

Бугун (2020 йил 26-март) коронавирус деб аталувчи вирус деярли бутун ер шари қуруқлигини  қамраб олди. Энди у инсониятнинг умумий, муштарак дардига айланди. Бир пайтлар “Сайёрамиз – умумий уйимиз!” дегандек шиорлар бўларди. Ёки “Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!” деб ёзиб қўйишарди. Шу пайтгача ўша шиорлар кўпчилик учун шунчаки чиройли сўзлар йиғиндиси бўлган эса, бугун ҳақиқатга айланди. Энди улар ҳамманинг, – ирқидан, миллатидан, динидан, жинсидан қатъий назар, – кундалик шиорларига дўнди.

Аввало, бир аччиқ ҳақиқатни тан олиб қўйишимиз керак бўлади: коронавирусгача замонавий инсон ҳаддан зиёд “кўчаники” бўлиб қолганди. “Янги инсон” деган достонда камина бани одамнинг кўчага шунчаки чиқиб кетмаганини, балки юрагини тарк этиб, ташқаридаги шовқинга аср тушганини изтироб билан тасвирлаганди. Энди кўрингки, тақдир шамоли “гув” этиб бир эсдию ҳаммани уйига ҳайдади, уйига қамади... Майли, коронавирусни кимлардир Оллоҳ томонидан юборилган жазо десин, бошқалар Хитой ё АҚШ каби супер, Исроил каби “эркатой” давлатлар  ўйлаб топган биологик қурол десин, булардан қатъий назар, унинг бир тажриба, бўлгандаям инсониятга ғоят қимматга тушган, тушаётган аччиқ тажриба эканлигига нақд гап.

Аслида, ўша давлатлар ҳам Яратганнинг изнисиз бармоғини ҳам қимирлатолмайдилар. Демак, инсон ҳушёр тортиши керак! Вируснинг қандай пайдо бўлгани ҳали маълум бўлар, лекин бугун у башар аҳли юзига тортилган бир шапалоқ мақомида турибди. Уни Оллоҳ бандаларига синов сифатида юборди, десангиз ҳам аччиқ тажриба, дунёни бошқараётган кучлар биологик қурол сифатида тарқатди, десангиз ҳам шу! Энди сиз билан биз юзимизга тортиб юборилган ана шу шапалоқдан сабоқ чиқаришимиз лозим бўлади. Демак, цивилизация туфайли кўчаларга чиқиб кетган эканмиз,  энди уйларимизга шунчаки қайтмайлик, уйга қайтаркан, айни пайтда, юрагимизга, юракларга ҳам қайтайлик. Шундай қилинганда, умримиз, аслида, бир тутам эканлигини, бас, бу умрни инсон деган шарафли номга муносиб тарзда яшаш кераклигини, ёнимиздаги одамларга одамдек муносабатда бўлишимиз зарурлигини тушуниб етармиз, балки. Майли, ўнтамиздан биттамиз тушунайлик, майли, ўша ҳақиқатни ўндан бирини ҳис қилайлик, шунинг ўзи катта гап. Шунинг ўзи дунё жамиятларида соғлом кучларнинг кўпайишига, қувватланишига олиб келади. Бизга манашуниси керак!

Демак, коронавирус минг-минглаб одамлар ёстиғини қуритган, ҳануз қуритаётган эса-да, инсоният учун чиндан ҳам аччиқ тажриба мактабини яратди. Эътибор беринг, кечагина кўкларни тўлдириб учаётган самолётлар бугун ерларда, кечагина сувларни ёриб сузаётган кемалар бугун бандаргоҳларда, кечагина кўчаларни тўлдириб елаётган автоуловлар бугун гаражларда, кечагина дунёни забт этаман деб ҳовлиқиб юрган одамлар эса бугун уйларда – бошини болахонадан зўрға чиқаришга яраяпти, холос!.. Инсон томонидан уюштириладиган барча катта-кичик тадбирлар, концертлар, конференциялар, томошалар, спорт ва бошқа мусобақалар “бир!” деганда тўхтади-қолди. Ҳаммани ўйлашга, фикр-хулосалар чиқаришга ундайдиган оламшумул фоже ҳодиса бундан ортиқ бўлиши мумкинми?!.. “Қани энди, бу дард ҳақида фақат фантастик асарлардагина ўқиган эсак!.. Тажриба деймиз, сабоқ-дарс деймиз, огоҳлантириш деймиз, булар не-не одамлар ҳаётларининг ҳазон бўлиши – нафаслари бўғилиб, даҳшатли иситмалар ичида тўлғониб, кўзларида қотган ёш билан ўлишлари эвазига келаётганини қайси тарози ўлчаб беради?!.. Керакмиди бизга шундай тажриба?!..Тажрибанинг аччиқлигига чек-чегара борми ўзи?!..” дея ҳайқиргинг келади туриб-туриб.

Хуллас, ўша лаънати аччиқ тажриба бизларга ўргатдики:

ҳар куни ишга ё ўқишга, якшанба кунлари эса, дўстлар билан тоққа ё боққа, бир-бировимизникига меҳмонга боришлар... ҳазилакам бахт эмас экан!.. 

кўчадан уйга кирганда ўғил-қизимизни, невараларимизни, яқинларимизни пешонасидан ўпиб, бағримизга босиб қўйишлар чакана саодат эмас экан!.. 

қаршингдаги бегона инсонга ҳадиксиз қўл узатиб сўрашиш кичкина  неъмат эмас экан!.. 

эрталаб уйқудан уйғонганингда, ўз оёқларинг, ўз ихтиёринг билан хоҳлаган томонингга бора олишингни билиш, ташқари чиққанингда эса, ҳеч қандай тибниқобсиз Худо берган ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олишлар унақа-бунақа озодлик эмас экан!.. 

Буни инсон, инсоният ўз иссиқ танасида синаб кўрди, кўрмоқда, ҳис қилди, ҳис қилмоқда...

“Инсон табиатни ўзига бўйсиндирди, у энди ер юзининг ягона ҳукмдори”,  деган олифта хитобларни хўп эшитган, ўқиган эдик. Тан олайлик, ўрни келганда, ўзимиз ҳам ҳаётимиз мобайнида ушбу ёлғонни, ҳеч йўқ, бир марта бўлсин ишлатганмиз. Чунки унинг қалбакилигини билмаганмиз, чин деб ишонганмиз.

Хўш, энди-чи? Неча минг йиллардан бери ҳайвоноту наботот оламини қандай ҳақир кўрган бўлсак, энди кўзга кўринмас бир зарра келиб инсон деган ўша “ҳукмдор”ни ер билан бир қилди-ку!.. Ўша зарра махлуқ инсон деган мукаррам зотнинг ўлигини хўрлаб, тиригини қаршисида тиз чўктирди-ку!.. Майли, бир ой ўтар, бир йил ўтар, вируснинг давоси ҳам топилар, топилади. Ана ўшанда инсон яна ўз мавқеини қайта қўлга киритади. Бироқ йиллар ўтиб, у моргларда куйдирилиш навбатини кутиб қалашиб ётган ўлигини, тиз чўккан тиригини унутади...  Баъзи хотираларни унутмаслик ёмон бўлса, баъзиларини унутиш ёмон! Бу ўринда унутиш даҳшатдир! Зеро, вирус қайта туғилиши мумкин. Мен ўринсиз пессимизмни ёқтирмаганимдек саёз оптимизмни ҳам хуш кўрмайман. Агар чиндан ҳам ақлли жонзод эсак, Оллоҳнинг ер юзидаги суйиб-сайлагани бўлсак, буни – вирус туфайли не кўйларга тушганимизни унутишга ҳаққимиз йўқ. Унутсак, ҳаммаси такрорланади: биз қайтадан яна тиз чўктириламиз. Балки тур сифатида бутунлай йўқ этилармиз ҳам. Бу ҳақида ўйлаш жуда оғир. Аммо аччиқ тажрибани унутмаслик билан эртанги кунга ишонч уйғотиш мумкин. Нажотимиз шунда. Демак, нажот ҳақида ўйласа бўлади. Демак, жилмайишга асос бор. Ҳа, кўзларда ёш билан жилмаямиз. Ҳадемай, қуёш ҳам чиқади ва биз яна қаҳ-қаҳ отиб кула бошлаймиз... Худо хоҳласа!..

Улуғбек ҲАМДАМ,
2020 йил, март

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Расман: Ўзбекистонда карантин 15 июнга қадар узайтирилди, бир қатор ўзгаришлар бор

873 12:14 30.05.2020

Индонезияда карантин қоидаларини бузганлар сазойи қилиняпти

249 08:30 30.05.2020

Бухорий Африка мамлакатларининг қарзидан кечишга чақирди

744 23:39 29.05.2020

Коронавирус мунажжимларни шарманда қилди

1228 22:32 29.05.2020

Японияда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланди

530 22:00 29.05.2020

Умрага келган 450 минг киши уйларига жўнатиб юборилди

455 21:00 29.05.2020
« Орқага