Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг тушлари

14:00 08.04.2019 981

Хадича ҳам фарзандлари билан ёлғиз яшашга қарор қилди. Келган барча совчиларни изма-из қайтарди. Яна тижоратни давом эттира бошлади. Оз фурсатда бойиб кетди. Савдоси бошқаларникидан кўра кўпроқ фойда келтирарди. Қўл остидагилар тижорат сирларини пухта биладиган бу тадбиркор ва оқила аёлнинг хизматида бўлганларидан фахрланишарди. Хадичанинг уйи савдо моллари билан тўлиб тошган эди. Дўконлари Маккадаги энг машҳур савдо марказига айланди. Унинг тижорати ҳар хил иллатлардан холи, нуқсонсиз эди, тарозидан урмас, ҳалол савдо қиларди. Ўша пайтда кенг тарқалган судхўрликдан парҳез қиларди. Бойлиги зиёда бўлгани сари у фақир-муҳтожларга кўпроқ эҳсон қиларди. Одамлар унинг муваффақиятларидан, қўли очиқлигидан ҳайратга тушардилар.

Бир кеча у тушида ниҳоятда мусаффо осмон ва порлаб турган қуёшни кўрди. Теварак атроф жуда гўзал суратда эди. Кейин қуёш осмондан пастга туша бошлади. Яқинлашган сари каттариб, ўзидан нур таратди. У тўғри Хадичанинг ҳовлисига инди. Ҳовли нур билан лиммо-лим бўлди. Кейин нур Макка атрофига ёйилди. Сўнг бутун эр юзини ёритди. Хадича уйқусидан уйғониб кетиб, ҳовлиси ва атрофига назар ташлади. Қўшнилари маст уйқуда ётар, ҳовлисида ҳеч нарса ўзгармаганини кўриб, ўрнига ўтирди ва тонг отгунга қадар тушининг таъбири ҳақида ўйлади. Кейин айрим хизматчиларини чақириб, амакиси Варақа ибн Навфалникига шошилди.

Варақа уни кўриб, таажжуб билан: “Ҳа, Хадича, бунча эрта келишга сени нима мажбур қилди? Бошқалар ҳали уйғонгани ҳам йўқку, тинчликми?!” – деб сўради.

Ҳали ҳам юз-кўзида ҳайрат ва ҳаяжони сўнмаган Хадича: “Эй амаки, хавотирланманг, тинчлик, айтингчи, сиз тушлар таъбирини биласизми?” – деб сўради. Кейин кўрган тушини сўзлаб берди.

Бу тушни эшитиб, амакисининг юзи ёришиб кетди. Қувонч билан: “Хадича, сен тез кунларда эрга тегасан, – деди.

Хадичанинг ҳайрати ошди: “Менинг эрга тегмаслигимни, ўзимни фарзандларимга бағишлаганимни яхши биласизку. Тушимнинг таъбирини сўрасам, сиз бошқа нарса ҳақида гапиряпсиз. Йўқ, мен эрга тегмайман”, – деди қатъий қилиб.

Варақа табассум қилдида, яна: “Тез кунларда эрга тегасан”, – деди. Кейин яна: “менинг ҳазилни ёқтирмаслигимни яхши биласан. Сен бир порлоқ қуёшга одамларни қоронғуликдан ёруғликка етаклайдиган, адашганларни тўғри йўлга бошлайдиган зотга эрга тегасан. Сен пайғамбарга эрга тегасан! У ўзинг ўқиган китобларда башорат қилган, араблар орасидан чиқадиган расулдир. Аллоҳ унга душманлари билан урушганда у билан бирга бўладиган солиҳа хотинни насиб қилади. Сен шунга тайёрмисан? Ўзингни ўша машаққатларга тайёрла. Тушинг сенинг ўша пайғамбарга хотин бўлишингни билдирмоқда”, – деди.

Хадича ғалати ҳиссиётлар билан ҳовлисига қайтди. У ҳақиқат ва шубҳа орасида эди. Амакимнинг ўз илмига суяниб бу туш ҳақида қилган таъбири рўёбга чиқармикан? Бу улкан қуёш билан у айтган пайғамбар орасида қандай боғлиқлик бор? У пайғамбар араблар орасидан чиқишини қаердан билади? Менинг унга турмушга чиқишимничи? деб ўзи билан ўзи баҳслашар эди. Нима бўлганда ҳам, кўрган туши ва унинг таъбири ҳаёлидан кетмасди. Бироқ бу тўғрида ҳеч кимга ҳеч нима демади.

“Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо“ китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!