Машҳур ва оҳод ҳадисларни инкор қилиш ҳукми

12:00 03.06.2018 530

Алий қори роҳматуллоҳи алайҳ «Шарҳ алфозул куфр» китобларида мутавотир, оҳод хабарларни инкор қилиш ёки унда келган нарсаларни устидан кулиш ҳақида қуйидагиларни баён қиладилар.

«Муҳит» деган китобда келадики, “ким шариат борасидаги мутавотир хабарни инкор қилса кофир бўлади. Масалан, эркакларга ипак кийимни кийиш ҳаромлигини инкор қилиш, витрнинг аслини ва қурбонликнинг аслини инкор қилса, кофир бўлади”. Маълумки, шариатдаги деб қайтлаб қўйилди. Чунки шариатга алоқаси бўлмаган нарсаларни инкор қилса, масалан, Хотами Тойни сахийлигини, Алий розияллоҳу анҳуни қўрқмаслигини ва шунга ўхшаш нарсаларни инкор қилса, кофир бўлмайди.

Билингки, мутавотирдан мурод маъанавий мутавотир лафзий эмас. Чунки ипак кийиш, витр ва қурбонликни асли истилоҳий мутавотир билан собит бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдандан ривоят қилинган хабарлар уч турли бўлади. Буни «Шарҳу шарҳин нухбада» батафсил айтганман. Уларни хулосасини қисқача айтиб ўтаман. Биринчиси мутавотир бўлиб, у ёлғонга келишиб олишлари тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кўпчилик ривоят қилган ҳадисдир. Ким буни инкор қилса, кофир бўлади. Иккинчиси машҳур бу – бир киши бошқа бир кишидан сўнгра ёлғонга келишиб олишлари тасаввур қилинмайдиган даражада кўпчилик кўпчиликдан ривоят қилган ҳадисдир. Ким буни инкор қилса, барчанинг наздида кофир бўлади. Фақат ийсо ибн Аббан кофир бўлмайди, адашган ҳисобланади дейди. Шуниси тўғридир. Учинчиси хабари воҳид бу бир киши бир кишидан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, инкор қилган кофир бўлмайди. Лекин саҳиҳ бўладими, ҳасан бўладими, қабул қилмагани учун гуноҳкор бўлади.

«Хулоса» деган китобда ким бир ҳадисни инкор қилса, баъзи машойихларимиз кофир бўлади деган. Кейинги уламоларимиз мутавотир бўлсагина кофир бўлади деганлар. Алий Қори роҳматуллоҳи алайҳ айтаманки дейди шуниси тўғридир. Лекин хабари оҳодларни енгил ёки паст санаб рад қилса, кофир бўлади.

Фатаво зоҳирийяда келадики, кимгадир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган “байтим билан минбарим ораси ёки қабрим билан минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир” деган ҳадис айтилса, у киши мен минбарни ҳам қабрни ҳам кўрдим бошқа ҳеч нарса кўрмадим деса, кофир бўлади. Чунки у одамнинг бу гапи масхара қилиш, инкор қилиш ва ҳадисларда келган кўриниб турувчи ҳолатлардан ташқари ғайб ишларга иймон келтирмаяпти деб ҳисобланади”.

Иброҳим ТЕМИРОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!