Жуда заиф ва тўқима ҳадислар: 3-ҳадис

19:02 12.06.2018 926

3. "Жаннат оналар оёғи остидадир".

Бу ҳадисни мазкур ибора (жумла) билан заиф ва тўқима (мавзу) ҳадислар учун мўлжалланган китобларда, шунингдек баъзи муснадларда келтиришган бўлиб, ўзаро қувватлана олмайдиган заиф ва жуда заиф санадлар билан ривоят этилган.

Лекин маъносини қувватловчи, бошқача ибора билан ривоят этилган ҳадис бор бўлиб, уни Насоий "Сунан"ида (ва бошқалар) ривоят қилган:

"Жоҳима исмли саҳобий пайғамбар алайҳиссаломга келиб, деди: "Эй Расулуллоҳ, ғазотга (жиҳодга) боришни хоҳладим, сизга маслаҳат сўраб келдим". "Онанг борми?" дедилар. "Ҳа" деди. "Уни маҳкам тут (рози қил). Чунки, жаннат оёғи остидадир", дедилар. Санади ҳасан ҳадисдир.

***

Шу ерда бир нарсага ишора этиш ўринли бўлади. Айрим эрлар шу каби ҳадисга амал этиш даъвоси остида хотинига таҳдид қилиб, "мени рози қиламан десанг, онамни рози қиласан" деб келинни қайнона қўлига топширади. Қайнона бўлса, уни хоҳлаганидек, кўпинча зулм ва зўровонлик билан ишлатади. Ҳолбуки, тўрт мазҳаб иттифоқи билан эрни рози қилиш деганда аёлнинг эрга бевосита алоқали (эрнинг эрлик ва маънавий эҳтиёжини қондириш, унга овқат тайёрлаш, кийимига, уй озодалигига қараш, бола-чақасини тарбиялаш каби) ишларни назарда тутадилар. Ҳатто санаб ўтганларимнинг баъзиларини айрим мазҳаб уламолари аёл вазифасига киритмайдилар ҳам.

Лекин, одоб ва диёнат юзасидан келин ўз қайнонасининг (айниқса кекса ё касалманд бўлса) хизматини имкони етгани қадар кўнгилли равишда қилиши, унинг дуосини олиши яхши ҳисобланади. Қайноналарга эса, келинлари устидан ҳукмронлик қилишга шариатда ҳуқуқ берилмаган. Яхши гап, ширин сўз билан, ўз қизларидек кўриб муомала қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, келиннинг ҳам қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиши, унга овоз кўтармаслиги, эрининг онаси эканлигини унутмаслиги вожиб бўлади. Йўқса, охиратда ҳар икки тоифа ҳам ҳадларидан ошгани, ҳуқуқлари бўлмаган ишга тажовуз қилганлари учун жавобгар бўладилар.

Сайфуллоҳ Носир

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!