Ҳадис дарслари (10-дарс)

21:00 13.01.2019 534

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадис ила собит бўлган ҳукмнинг даражаси

Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам даража бўлади.

Агар мазкур амаллар Қурцон ҳукмини баён қилиб эмас, ўзи мустақил равишда келса, уларнинг фарз, вожиб, мандуб ёки мубоҳ эканини билиб олиш учун махсус қоидаларни ишга солиш керак бўлади. Бу қоидалар бошқа шаръий далиллар учун ҳам бирдир. Лекин бизнинг баҳсимиз ҳадис бўлганлиги учун «ҳадис» сўзини ишлатсак бўлаверади, деб ўйлаймиз.

Фарз – шариат томонидан қилиниши жазм ила, шубҳаси йўқ, қатъий далил ила талаб этилган нарсадир.

Ҳадис билан собит бўлган фарз амалларнинг мисоли намозда Қуръон қироат қилишдир. Бундай тарзда собит бўлган ҳукмни адо қилиш лозиму лобуддир. Уни бажарган одам улкан савобга эришади. Қилмаган одам эса гуноҳкор бўлиб, икки дунё иқобига учрайди. Мазкур ҳукмни инкор қилган одам эса кофир бўлади.

Вожиб – шариат томонидан жазм ила қатъий бўлмаган далил билан талаб қилинган нарсадир.

Бунинг мисолига витр ва ҳайит намози, садақаи фитрга ўхшаш амаллар киради.

Чунки бу ҳукмлар оҳод ҳадислар ила собит бўлган. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Фақат вожиб нарсани инкор қилган одам кофир эмас, фосиқ бўлади. Фарқ шунда.

Суннат ёки мандуб – шариат томонидан жазм бўлмаган равишда талаб қилинган нарса.

Бундай ҳукмга амал қилган одам савоб олади, унга амал қилмаган одамга эса иқоб қилинмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан унга маломат ва итоб бўлиши мумкин.

Ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни уч даражага бўладилар:

а) Суннати муаккада, яцни таъкидланган суннат.

Мисол учун, жамоат билан намоз ўқиш. Бу даражадаги суннат вожибдан кейинги ўринда туради.

б) Суннати машруъа – душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш ва шунга ўхшаш амаллар.

в) Суннати зоида – ейиш-ичиш, юриб-туриш, ухлаш каби ишларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш.

Ҳаром – шариат томонидан жазм ҳамда шубҳасиз, қатъий далил ила қилмаслик талаб қилинган нарса. Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино қилиш, ўғрилик каби ишлар шунга киради. Ҳаром ишни қилмаслик лозимдир. Ким уни қилса, уқубатга учрайди. Шариатимиз ҳаром қилган нарсанинг ҳаромлигини инкор қилган одам кофир бўлади.

Макруҳи таҳримий, яцни ҳаромга яқин макруҳ – шариат томонидан қилмаслик жазмий равишда талаб қилинган, лекин қатъий бўлмаган далил билан собит бўлган нарса. Мисол учун, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, яъни харидор савдони битирмай туриб, бошқа бир харидорнинг савдога аралашиши, бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийишнинг ҳаромлиги каби ҳукмлар. Мазкур ишларни қилмаслик жазм ила талаб этилган, аммо оҳод ҳадислар билан собит бўлган. Шунинг учун ҳаром эмас, макруҳи таҳримий ҳукмини олган. Бу ҳам ҳаром ҳукмидаги гап. Фақат бундай ҳукмни инкор қилган одам кофир бўлмайди, холос.

Макруҳи танзиҳий – шариат томонидан қилмаслик жазмсиз ва уқубат таҳдидисиз талаб қилинган нарса. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат қилиш киради. Бундай ишларни қилмаганлар савоб олади, мақталади, қилганлар эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайдилар.

Мубоҳ – шариатимиз қилиш ёки қилмасликни кишилар ихтиёрига қўйган ишлар. Инсоннинг биологик ҳожатларига боғлиқ ишларнинг барчаси (масалан, емоқ, ичмоқ, ухламоқ каби) мубоҳ доирасига киради. Бунда шариат кўрсатган чегарадан чиқмай тасарруф қилиш мубоҳдир. Мубоҳ амални қилиш-қилмаслик – баробар, гуноҳи ҳам, савоби ҳам йўқ.

Демак, ўқиган ҳадисларимизда келган нарсалар фарз, вожиб, суннати муаккада, суннати машруъа, суннати зоида, ҳаром, макруҳи таҳримий, макруҳи танзиҳий ва мубоҳ нарсаларга бўлинар экан. Лекин ҳадисни ўқиб-ўрганган одам буларни фарқлай олмайди. Бу ишларни умрларини илмга тиккан, унда катта даражаларга эришган уламоларимиз фарқлаганлар. Улар шаръий далилларни, жумладан, ҳадиси шарифларни диққат билан, атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққанлар. Ҳамма ҳам уларнинг даражасидаги илмга эга бўла олмаслигини эътиборга олиб, кўпчилик учун ўзларининг машаққатли меҳнатларининг самарали хулосасини айтиб кетганлар. Мисол учун, намозда Қурцон қироат қилиш фарздир, деганлар. Бу гап фақиҳларимизнинг ичидан чиқариб айтган гаплари эмас, балки шариатнинг қатъий ҳукмидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир ҳадис билан собит бўлган ҳукмдир. Эҳтимол, фуқаҳолар бу ҳукмни аниқлаш учун йиллаб меҳнат қилгандирлар. Ҳамма оят ва ҳадисларни атрофлича, қайта-қайта кўриб чиққандирлар. Намозда Қурцон қироат қилиш тўғрисидаги ҳадиснинг мутавотир эканини аниқлаш учун озмунча ҳаракат қилмагандирлар. Улар мазкур илмий уринишларини бирма-бир ёзиб, охирида намозда Қуръон қироат қилишнинг фарз эканини айтганлар. Лекин биз учун бу ҳукмни билиш мақсадида бир неча китобни ўқишимиз зарур бўлар эди. Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Осонгина қилиб, «Намозда Қуръон қироат қилиш фарздир», деб қўйилган жумлани ўқишга дангасалик қилаётганларга ўша ҳукмни билиш учун бир неча китобни ўқишга йўл бўлсин! Қолган бошқа ҳукмлар ҳақида ҳам айни шу гапларни айтиш мумкин.

Ҳозирги кундаги кўпгина тушунмовчилик, келишмовчилик ва турли ихтилофу жанжалларимизнинг асосий сабабларидан бири ҳам мазкур ҳақиқатларни тўла тушуниб етмаслигимиздир. Гоҳида қилинса ҳам, қилинмаса ҳам, барибир бўлган мубоҳ ҳукм ҳақида тортишиб, жанжал қиламиз, бир-биримизни кофир, деб фатво чиқаришгача бориб етамиз. Ҳолбуки, фарз, вожиб, суннати муаккада амалларга парво ҳам қилмаймиз. Гоҳида мансух (амалдан қолган) ҳадисни ўқиб олиб, «нимага амал қилмаяпсизлар?» деб ҳамманинг бошини айлантирамиз.

Гоҳида эса умуман, ҳадис бўлмаган гапларни «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари», деб айтиб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Кўпинча эса заиф ҳадислар бўрттириб кўрсатилади. Бу борада, айниқса, кишиларга ваъз-насиҳат қиладиган, дарс берадиган, мақола ва китоб ёзадиган одамлар ҳушёр бўлишлари керак.

 Бугунги кунда суннати мутоҳҳара атрофида баъзи кишилар томонидан чиқарилаётган ихтилофларнинг сабаблари анчагина бор. Бу ҳақиқатни олдинги саҳифаларда ҳам қисман баён қилишга уринилди. Ўша айтилганларга қўшимча ўлароқ, мазкур ихтилофларнинг асосий сабаби бу ишга аралашганларнинг илмий даражалари паст эканини яна бир бор алоҳида тацкидлаш лозим.

Шунингдек, бу ҳолатнинг келиб чиқиши ва авж олишига сабаб бўлган омиллардан яна бири тартибли диний-илмий тарбиянинг йўқлигини айтиб ўтишимиз керак.

Имкони топилган жойда ҳар бир мусулмон Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшамоғи лозимлиги қайта-қайта таъкидлаб турилибди. Мусулмон инсон учун, мусулмон жамият учун Қуръон ва Суннатдан бошқа амал қиладиган нарса йўқлигига алоҳида урғу берилаётир. Икки дунё саодатига фақатгина шу икки нарсага тўлиқ амал қилибгина эришиш мумкинлигини тацкидлашдан чарчамаганимиз яхши.

Шунингдек, ҳар бир мусулмон инсон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ўрнак бўладиган шахс йўқлигини, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиш эса суннати мутоҳҳараларга тўлиқ амал қилиш билангина бўлишини омманинг онгига иложи борича мустаҳкамроқ сингдиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу ҳам яхши. Ушбу жуда керакли ва савобли ишни янада ривожлантириш лозим. Аммо шу билан бирга, Суннат ўзи нима, унга амал қилиш қандай бўлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай ўрнак олмоқ керак, каби кўплаб зарур масалалар ҳам борки, уларни батафсил баён этиб беришга тўғри келади.

Афсуски, ҳозирда фақат Суннатга амал қилишга тарғиб қилиб, қолган маълумотларни етарлича баён қилиб беришга илмимиз ҳам, имконимиз ҳам етишмаяпти. Натижада ҳозир кўриб турганимиздек, ноқулайликлар вужудга келмоқда.

Суннатга амал қилиш лозимлиги ҳақидаги қайта-қайта тарғиботларни эшитган инсон, албатта унга амал қилмоқчи бўлиб, ҳадисларни ўрганишга киришади. Ана шунда турли саволлар, тушунмовчиликлар келиб чиқа бошлайди. Бу саволларга жавоб топиш, тушунмовчиликларни ҳал этиш учун етарли илмли кишиларни топиш ҳам осон эмас. Бацзилар бу тўсиқ олдида ҳайрон бўлиб, туриб қолишади. Бошқалар эса тўсиқни айланиб ўтиб, ўз билганича иш кўриб кетади. Оқибатда турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар, бир-бирини айблашлар ва бошқа турли ноқулай ҳолатлар юзага чиқади.

Бундай ноқулайликдан чиқишнинг энг ишончли йўли керакли даражадаги илмдир. Шунинг учун бу омилга алоҳида эҳтимом бериш ўта муҳим. Аллоҳ таоло бу саъй-ҳаракатимизни ана шу эзгулик йўлидаги дастлабки қадам бўлишига муяссар этсин, деган умидимиз бор.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм. 9-қисм.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!