Ҳадис дарслари (19-дарс)

21:00 22.04.2019 334

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннатдаги аҳкомларнинг умумий ва хусусийга тақсимланиши

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга тегишли бўлган Суннатга амал қилувчилар эътиборидан умумий ва хусусийга тақсимланишини ҳам алоҳида таъкидлайдилар. Яъни мазкур аҳкомлар мусулмонлар оммасининг амал қилишлари учун ва баъзи махсус шахсларнинг амал қилишлари учун кўзлангандир. Бу масалани тушунишимиз осон бўлиши учун одатдагидек, бир иқтибос келтирайлик.

Имом Шиҳобуддин ал-Қурофий ўзларининг «Ал-фуруқ» номли китобларида қуйидагиларни ёзган эканлар:

«Билки, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имоми аъзамдирлар, қозию аҳкомдирлар ва муфтию аъламдирлар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам имомларнинг имомидирлар, қозиларнинг қозисидирлар ва олимларнинг олимидирлар. Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарлик ила барча диний мансабларни тафвиз қилгандир. У Зот Қиёмат кунигача ўша мансаблардан бирортасини эгаллаганларнинг барчасидан улуғдирлар. Қандай диний мансаб бўлса, У Зот унинг энг олий мартабасидадирлар. Аммо У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий тасарруфотлари (Аллоҳнинг амрини) етказишдир.

Зотан, У Зотнинг ғолиб сифатлари пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасарруфотлари ичида Аллоҳнинг амрини етказиш ва фатволар ҳам, одамлар иттифоқ қилиб, қозилик юзасидан, деганлари ҳам, яна одамлар иттифоқ қилиб, имомлик, яъни давлатга раҳбарлик юзасидан, деганлари ҳам, шунингдек, бу икки мартаба орасида мутараддуд бўлиб қолгани учун уламолар ихтилоф қилиб, баъзилари бир мартабани ғолиб десалар, яна баъзилари бошқасини ғолиб деганлари ҳам бор.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васфлар ила содир этган тасарруфотларининг таъсири шариатда турлича бўлади.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик сифатлари ила айтган ҳар бир гаплари, қилган ҳар бир ишлари Қиёмат кунигача сақалайн(инсу жин)га умумий ҳукмдир. Агар амр бўлса, улардан ҳар бири уни бажо келтиради. Шунингдек, мубоҳни ҳам. Агар наҳйи бўлса, улардан ҳар бири ундан четланади.

У Зот имом(давлат бошлиғи)лик васфлари ила содир этган нарсаларга келсак, имомнинг изнисиз уларни ҳеч ким қилиши жоиз эмас. Шунда У Зот алайҳиссаломга иқтидо қилинган бўлади. Чунки У Зот мазкур нарсаларни имомлик васфлари ила қилганлар.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қозилик васфлари ила содир этган тасарруфотларига келсак, ҳокимнинг ҳукмисиз уларни ҳеч ким қилиши жоиз эмас. Шунда У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилинган бўлади. Чунки У Зот мазкур нарсаларни қозилик васфлари ила қилганлар».

Имом ал-Қурофий раҳматуллоҳи алайҳининг бу баёнларига изоҳнинг ҳожати йўқ бўлса керак.

Суннат ва ақоид масалалари

Суннати мутоҳҳара Ислом шариатининг иккинчи масдари ўлароқ, ақийда масаласида ҳам Қуръони каримдан кейинги иккинчи масдар ҳисобланади. Аммо ақоид илми уламолари Суннати мутоҳҳарага нисбатан ўзига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатадилар. Бу эса худди Ҳадис, Усули фиқҳ ва Фиқҳ илмлари уламоларининг ўзларига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатганларига ўхшайди. Ақоид илми уламолари ўзлари шуғулланаётган соҳа ўта нозиклигидан, ўта ҳассослигидан келиб чиқиб, ҳадисларни қабул қилиш ва улардан ақийда масалаларида ҳужжат сифатида фойдаланиш борасида ҳам жуда нозик ва ҳассос қоидаларни ишлатганлар.

Кези келганда, ҳар бир иш нозиклашган сари унинг ҳақида ҳукм чиқариш учун зарур шарт-шароитлар ҳам нозиклашиб боравериши умумий қоида эканини эслаб қўймоғимиз ўринлидир.

Исломда шаръий далиллардан фойдаланишда худди ўша қоидага амал қилиш ажойиб услуб ила йўлга қўйилгандир. Мисол учун, уламоларимиз тарғиб ва тарҳиб бобида унча қувватли бўлмаган ҳадислар ҳам мақбул, деганлар. Аммо баъзи шахсларга жазо тайин қилишга ишлатиладиган ҳадислар етарли қувватга эга бўлиши шарт қилинган. Ўлим жазосига ҳукм этиш учун далил бўладиган ҳадислар учун эса жуда ҳам қаттиқ шартларни қўйганлар. Чунки тарғиб-тарҳиб масаласи фақат фойда келтиради, холос. Бировни жазолаш эса аҳамиятли иш. Унда инсоннинг ҳаққи поймол бўлиши ёки ноҳақдан ҳақоратлаш юзага чиқиши мумкин. Бир одамни ўлимга ҳукм қилиш эса ўта нозик иш. Бундай ишда қаттиқ туриб, хато қилиш билан бировнинг ўлимига сабаб бўлишдан кўра, бўш туриб, хато қилиб, жиноятчи жазосиз қолгани яхши ҳисобланади.

Исломда энг нозик масала эътиқод масаласи экани ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қурцони карим орқали собит қилгандир. Чунки бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам ақоид илми уламоларимиз Қурцони каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил – ҳадиси шарифларни ақийда бобида далил қилар эканлар, уларни қандай шартлар билан қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан бацзи ҳанбалийлар орасида бўлган.

Ўртага биринчи қўйилган масала, зонн (гумон) билан ақийда собит бўладими, йўқми, деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бир иш қилиш мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. Ундай бўлса, уламолар ақийдага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар, дейишимиз мумкин. Лекин ақийда илми уламолари истилоҳида зонн (гумон) деб зинҳор, заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий илми яқийн даражасига етмаган илмни англатишини билганимиздан сўнг ҳеч ҳам ажабланишга ўрин қолмайди. Бу саволга ҳамма бараварига, зонн – гумон ила ақийда собит бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берган.

Кейин оҳод ҳадис (албатта, саҳиҳ бўлиш шарти ила) зонни ифода этадими ёки илмни, деган масала ўртага қўйилган. Бу жумладаги «илм»дан мурод, илми ақоид уламолари истилоҳида, заррача шубҳаси йўқ илми яқийн эканини ҳам айтиб қўйишимиз лозим. Маълумки, оҳод ҳадис дейилганида, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сондаги кишилар ривоят қилмаган ҳадис тушунилади.

Бу саволга келганда икки хил жавоб бўлган:

1. Жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлса ҳам) фақат гумонни ифода этади, илми яқийнни ифода этмайди, деганлар.

2. Баъзи ҳанбалий уламолар «Агар оҳод ҳадислар саҳиҳ бўлса, илми яқийнни ифода этади», деганлар. Аввал ҳамма «Ақийда зонн билан илми яқийнсиз собит бўлмайди», деган эди. Энди жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлса ҳам) зонни ифода қилади, холос, демоқдалар. Ундоқ бўлса, ақийда собит бўлиши учун фақат мутавотир, яцни ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган, кўп сондаги ровийлар ривоят қилган ҳадисгина ярар экан-да?

Лекин ақийда бўйича келтирилган далилларга қарасак, кўплаб нарсалар оҳод ҳадислар ила собит бўлганини кўрамиз. Яна ҳайрон қоламизда, жумҳури уламолардан, сиз муҳтарамлар, оҳод ҳадис ила ақийда собит бўлмайди, дейсизлар. Аммо биз қараб кўрсак, қабр азоби, Мункар Накирнинг саволи, Сирот, ҳавз, мезон, шафоат каби кўплаб ақийда масалалари айнан оҳод ҳадислар билан собит бўлган экан-ку, деб сўраймиз.

Улар бизга, гапингиз жуда тўғри, биз ҳеч қачон сиз айтган нарсаларни ва яна сиз айтмаган кўпгина нарсаларни оҳод ҳадислар билан собит бўлмайди, деганимиз йўқ. Сизлар бизнинг истилоҳимизга тушунмабсизлар. Биз, зонн билан, бошқача қилиб айтганда, оҳод ҳадис билан ақийда собит бўлмайди, деганимизда ақийда рукнларини инкор қилган инсон Ислом доирасидан бутунлай чиқиб кетадиган, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, Пайғамбарларнинг ҳақлиги каби масалаларни кўзда тутганмиз. Шунинг учун ҳаммамиз ҳеч қандай ихтилофсиз ақийданинг фарций (жузъий) масалаларида оҳод ҳадисларни, агар улар саҳиҳ бўлса, қабул қилишга қарор қилганмиз, дейдилар.

Ана энди ҳамма нарса равшан бўлди. Ислом ақийдасининг асоси ҳисобланган, иймоннинг рукни бўлган, «диндан деб билиш зарур ҳисобланган», иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб, кофир бўладиган тушунчалар – Аллоҳ таоло, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қурцони карим, Қиёмат куни, фаришталар, қазои қадар ва бошқа шунга ўхшаш тушунчаларнинг собит бўлиши учун илми яқийн лозим экан. Бу эса Қурцони карим кучидаги далилни тақозо қилади. Дарҳақиқат, мазкур нарсалар Қурцони карим ила собит бўлган. Бунда ҳеч ким хилоф қилмайди.

Лекин, афсуски, оҳод ҳадис илми яқийнни ифода қиладими, деган тортишувнинг натижаси кейинчалик баъзи бир ноқулайликлар келтириб чиқарди. Ўша масалада жумҳур уламолар, аҳли сунна вал жамоа, моликийси бўлсин, шофеъийси бўлсин, ҳанафийси бўлсин, ҳанбалийси бўлсин ва яна бошқалари бўлсин, оҳод ҳадис ҳар қанча саҳиҳ бўлса ҳам, уни инкор қилган кишини иймондан ажратадиган ақийда собит бўлмайди, деганлар. Муҳаддислар ва бацзи қавлларга қараганда, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи оҳод ҳадис ила илми яқийний, бинобарин, инкор қилган киши кофир бўладиган ақийда собит бўлади, деганлар.

Ҳозир ана шу гапни тутиб олиб, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқарадиганлар кўпайиб кетган. Бацзи бир ҳадиси шарифларда маълум гапларни айтган ёки ишларни қилганларга куфр ёхуд ширк нисбати берилган. Ўша ҳадислар саҳиҳ бўлиши мумкин. Лекин ҳаммаси оҳод ҳадислардир.

Мазкур оҳод ҳадислардаги куфр ва ширк эса одамни иймонидан бутунлай жудо қиладиган куфру ширк эмас, балки кичик куфр ва кичик ширк саналади, яъни куфр ва ширкка оид бир иш қилган ҳисобланади. Уларни қилган хатокор инсон тавба қилмоғи лозим бўлади.

Кўриниб турибдики, Суннати мутоҳҳара илми катта бир уммон, унда сузишни билмаганлар ўзларига ҳам, уларга ишонганларга ҳам қийин қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун бу улуғ илмни қўлдан келганича ўрганмоқ керак. Озгина нарсани билиб олиб, шовқин кўтаришга шошилмаслик лозим.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!