Ҳадис дарслари (20-дарс)

21:00 06.05.2019 425

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин

Саҳиҳ ҳадисларни ҳам танлай билиш керак

Кишиларга даъват, ваъз-насиҳат, тушунтириш ишларини олиб борувчиларнинг ҳадис саҳиҳ экан, деб, тўғри келган жойда, ҳар бир учраган одамга айтавериши ҳам дуруст эмас. Чунки кишиларнинг савияси, дунёқараши, шароитлари, тушунчалари ҳар хил. Баъзилари нотўғри тушуниб, нотўғри амал қилишлари мумкин.

Бунга далил қилиб, уламоларимиз Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни келтирадилар. Мазкур ҳадиси шарифда ҳазрати Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида эшакка мингашиб кетаётган эдим. У киши:

«Эй Муъоз! Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. Мен:

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқ», дедим. У зот:

«Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи – Унга ибодат қилмоқлари ва ширк келтирмасликлари. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаган кимсани азобламасликдир», дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга бунинг башоратини берайми?» дедим. У киши:

«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».

Демак, ушбу ҳадиси шарифдаги гап кўринганга айтилаверадиган гап эмас экан. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ўхшаш тушунган, билган одамга айтса бўлар экан. Аммо у кўпчиликка айтилса, баъзилар нотўғри тушуниб, амал қилишни тарк этишлари, ушбу гапга суяниб қолиб, хато қилишлари мумкин экан. Ёки аксинча, умуман ҳеч кимга айтиш мумкин бўлмаганида, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ҳам айтмас эдилар. Бу маълум савиядаги одамлар билиб, маълум савиядагиларнинг билиши шарт бўлмаган гаплардан эди. Шунинг учун ҳам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу гуноҳдан қўрқиб, бу ҳадисни ўлимларидан олдин ҳузурларидаги кишиларга айтганлар. Бунга ўхшаш ҳодисалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бошқа саҳобаларнинг ораларида, жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан ҳам бўлиб ўтган. Бу эса даъватчи, олим, ваъзхон, имом ва хатиблар ўрганишлари лозим бўлган муҳим сабоқдир.

Имом Бухорий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Одамларга билган нарсаларингни гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончи қилинишини суясизларми?» деганлар. Яцни одамларга улар билмаган, ақли етмайдиган нарсаларни гапириб, бошларини айлантирманглар. Агар шундай қилсангиз, сиз айтган оят ва ҳадисларни билмай, нотўғри таъвил қилиб, Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиб юборишлари мумкин, деганларидир.

Имом Муслим қилган ривоятда эса ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Агар сен бир қавмга ақллари етмайдиган гапни гапирувчи бўлсанг, албатта, улардан баъзилари фитнага учрайди», деганлар.

Ваъзхон тингловчиларнинг савиясини эътиборга олмай, уларнинг ақллари етмайдиган нарсаларни айтса, эшитувчилар нотўғри тушунишлари, тескари хулоса чиқаришлари мумкин. Оқибатда йўлдан адашиб, фитнага учрайдилар. Фалончи олим бундай деган, деб, ҳамманинг бошини айлантириб юрадилар.

Буюк имомлардан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи сиртида мусулмон амирга қарши бош кўтариш мацноси бор бўлган ҳадисларни айтишни макруҳ санаганлар.

Имом Молик эса Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги ҳадислар устида баҳс қилишни макруҳ кўрганлар. Бир киши Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига келиб, «Аллоҳнинг аршга тенглашиши қандай бўлади?» деб сўраганида:

«Тенглашиш маълум, қандай бўлиши номаълум, у ҳақида сўраш эса бидъат! Ҳайданглар буни менинг ҳузуримдан!» деганлар.

Бугунги кундаги баъзи келишмовчиликлар ҳам юқорида зикр қилинган қоидага амал қилмасликдан келиб чиқаётган бўлса, ажаб эмас. Ким нима гапни топса, кўпчиликнинг ичига чиқиб, гапираверади. Унинг гапини эшитган одамлар ҳар томонга тарқалади. Бошқа бир саводхон эшитса, бу хато, бу ундай, бу бундай, деб кўпчиликнинг ичида гапиради. Натижада икки томон адоватлашади, жанжал-тўполонлар чиқади. Олим одам бировнинг хатосини топса, одоб билан ўзига айтиши керак. Эҳтимол, уники эмас, биринчи одамники тўғридир. Балки биринчи одам бирор нарсанинг мулоҳазасини қилгандир. Яна бошқа сабаблари бўлиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, мазкур ишда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!