Ҳадис дарслари (9-дарс)

19:00 06.01.2019 389

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадис ила собит бўлган ҳукмларнинг тўртга бўлиниши

Ҳадис орқали собит бўлган ҳукмлар тўрт қисмга бўлинади:

1. Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи ҳукмлар. 
Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилишга ундовчи ҳамда Аллоҳга ширк келтириш, ёлғон гувоҳлик бериш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақдан ўлдириш каби ишлардан қайтарувчи ҳадислар киради. Мисол учун, «Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, магар ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина ҳалол», мазмунидаги ҳадис Қуръони каримдаги «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» оятини таъкидлаш учун келган. Шунингдек, «Хотинларга яхши муомалада бўлинг» ҳадиси шарифи эса Қурцони каримнинг «Улар ила маъруф ҳолатда яшанг» оятини таъкидлаб келган.

2. Қуръонда умумий ёки мутлақ бўлган ҳукмларни хос ва қайдли қилувчи ҳукмлар.
Умумий ҳукмни хос қилишига мисол: Аллоҳ таоло никоҳи ҳаром бўлган аёлларни санаб бўлганидан кейин:

«Ва сизга булардан бошқалар ҳалол қилинди», деган.

Бу умумий ҳукмдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бир аёлни унинг аммаси, холаси, ака-укасининг қизи, опа-синглисининг қизи устига никоҳлаб бўлмайди», деган ҳадислари мазкур умумий ҳукмни хоссатан ушбу тўрт тоифа аёлни мазкур қариндошлари устига кундош қилиб олиб бўлмаслигини билдиради.

Энди Қурцони каримда келган мутлақ ҳукмнинг ҳадиси шариф ила қайд қилинишини, яъни чегарасининг баён этилишини кўриб чиқайлик. Аллоҳ таоло Қуръонда:

«Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар», деган.

Араб тилида қўл деб, панжанинг учидан елкагача бўлган жойга айтилади. Демак, Қурцон мутлақ шаклда баён қилди. Бу мутлақ ҳукмни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кафт билан билак қўшилган жойидан кесиш билан қайдли қилдилар.

3. Қуръонда келган умумий ҳукмларни баён қилувчи ҳукмлар.
Қурцони каримда намоз ўқинглар, рўза тутинглар, ҳаж қилинглар, закот беринглар каби умумий ҳукмлар келган. Суннатда эса намозни қандай ўқиш, рўзани қандай тутиш, ҳажни қай тариқа адо этиш, закотни қандай бериш ва бошқа шунга ўхшаш ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган.

4. Қуръонда зикр қилинмаган ҳукмларнинг суннатда зикр қилиниши.
Мисол учун, оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш Қуръонда йўқ, лекин суннат билан собит бўлган. Шунингдек, бир гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийишнинг ҳаромлиги, садақаи фитр каби ҳукмлар суннат билан собит бўлган.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!