(давоми, боши бу ерда)
Қўшимча
Иккинчи фасл
Адо қилиш йўллари
Ривоят қилишга алоқадор бўлган бир неча шарт ва сифатлар мавжуд бўлиб, усулийлар ва фуқаҳоларнинг ихтилофларида уларнинг очиқ‑ойдин таъсири бор. Имомлар уларни ўрганиб, (ҳукмларни) истинбот қилиш ва назар солиш вақтида эҳтиёж тушадиган ўринларини муфассал баён қилиб ўтишган. Бу таъсир иккита муҳим ишда, яъни ҳадисни маъноси ила ривоят қилиш ва сиқанинг зиёда қилишида равшан намоён бўлади. Юқорида сиқанинг зиёда қилиши борасида тўхталиб ўтганмиз. Шунинг учун бу баҳсда ҳадисни маъноси ила ривоят қилишни баён қиламиз.
Ҳадисни маъноси ила ривоят қилиш. Муҳаддис ва усулийлар ўртасида, балки луғат аҳли ўртасида ҳам муштарак бўлган мавзулардан бири – ҳадисни маъноси ила ривоят қилишдир. Ҳанафий усул уламолари бу мавзуни ўрганиб, атрофлича баён қилиб ўтишган. Чунки ҳадисни маъноси билан ривоят қилиш натижасида ривоятлар кўпайиб кетиб, ундан тайин қилинган маънони англашга эҳтиёж сезилади. Бу мавзунинг керакли иккита муҳим томонини ёритиб ўтамиз:
Маъно ила ривоят қилиш ҳадиси шарифни адо қилиш йўлларидан ҳисобланади. Ҳанафийлар наздида адо икки тур бўлади: азимат ва рухсат.
- Азимат – эшитганини лафзи ва маъноси билан адо қилиш.
- Рухсат – эшитган вақтда тушунганига қараб ҳадис иборасини маънан ривоят қилиш.
Шундай экан, ҳанафий улуғларимизнинг ҳадисни маъно ила ривоят қилиш борасида тутган йўллари қуйидагича: улар аҳли илмга бу каби ривоятни икки шарт билангина жоиз санаганлар:
Биринчи шарт – ровий араб тилини пухта билиб, маъноларини англаган бўлмоқлиги;
Иккинчи шарт – ровий фақиҳ бўлмоқлиги. Шунда лафзлар тасарруфи натижасида келиб чиқадиган ҳолатларни билади. Бунга жумҳур усулийлар мувофиқдир. Усул уламолари набавий лафзлар нақлини баён қилишда бундай деганлар:
1. Муҳкам лафзлар. Муҳкам – фақат битта маънони эҳтимол қиладиган сўзлар.
Ҳукми: уламолар муҳкам ҳадисларни маъно ила ривоят қилишни жоиз санашган. Чунки муҳкам ҳадисни маънан ривоят қилганда унинг маъносида чалкашлик юзага келмайди. Ҳамда асл маъносидан бошқа маънони эҳтимол қилмайди. Шунинг учун унга зиёда ва нуқсонлик кириб қолмайди.
Мисол: имом Муслим “Саҳиҳ” асарида ўзининг тариқи ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳида: من دخل دار أبي سفيان فهو آمن “Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса, у омондадир”, дедилар.
2. Маъноси маълум зоҳир бўлмоқлиги. Бунда ҳадис ўзининг зоҳир бўлган маъносидан бошқасини ҳам эҳтимол қилади. Масалан, омм тахсисни эҳтимол қилади ёки ҳақиқат мажозни эҳтимол қилади.
Ҳукми: бундай ҳадисни маъно ила фақатгина мужтаҳид фақиҳ ривоят қила олади. Чунки фақиҳ ҳадисдаги мақсадни билиб, мақсаддан ташқарисида тўхтаб туради. Демак, нуқсон етишидан омонлик бўлади. Аммо мужтаҳид фақиҳ бўлмаган киши ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган лафз эҳтимол қилмайдиган бошқа (маънодош) лафз билан ривоят қилганда хос ва мажоздан омонда бўлолмайди.
Мисол: имом Бухорий “Саҳиҳ” асарида ва тўрт имом ўзларининг йўлларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: من بدل دينه فاقتلوه “Ким динини ўзгартирса уни қатл қилинглар”, деганлар.
3. Мушкил ва муштарак: бундай ҳадисни асло маъно ила ривоят қилиб бўлмайди. Чунки бу иккисидан ирода қилинган мақсад, айтиб ўтганимиздек, таъвил билангина билинади. Ровийнинг таъвили эса бошқасига ҳужжат бўла олмайди. Зеро, таъвил ровийнинг фикридан келиб чиқади. Шундай экан, у қиёс каби бўлиб қолади.
4. Мужмал ва муташобиҳ: бундай ҳадисни маъно ила ривоят қилишни тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Чунки унинг маъносини англашнинг ўзи мумкин эмас.
5. Жавомиъул калим бўлган ҳадис: Бундай ҳадис лафзи қисқа, кўп маънони қамраган бўлади.
Мисоли: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: الْخَرَاجُ بِالضَّمَانِ “Даромад тўловдорликка кўрадир” деган ва шу каби умумий қоидаларни ташкил этувчи ҳадисларидир.
Мана шу ерда ҳанафий усул уламолари орасида хилоф мавжуд. Айримлари, мазкур шахс, яъни ровий мужтаҳид фақиҳ бўлганда ҳадисларни маъно ила ривоят қилишни жоиз санаганлар. Лекин, тўғрироғи, ҳанафийлар наздида ҳадисларни маъно ила ривоят қилиш мумкин эмас. Чунки жавомиъул калим ҳисобланган ҳадисларда ақлимиз ва таъбиримиз ета олмайдиган маънолар бор. Зеро, жавомиъул калим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хусусиятларидан бўлиб, бошқаларда топилмайди.
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс
(Давоми бор)