Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳадис илми: Ҳанафийлар умумул балво бўлган нарсаларда хабарни қабул қилиш шартлари

242

 (давоми, боши бу ерда)

Ҳанафийлар умумул балво бўлган нарсаларда хабарни

қабул қилиш шартлари

Ҳанафийлар умумул балво бўлган масалада хабарни қабул қилиш учун уни машҳур бўлмоқлигини ёки уммат розилик ила қабул қилишини шарт қилганлар. Бу иккисининг ўртасида ўзаро лозим тутишлик йўқ. Чунки хабар гоҳида уммат розилик ила қабул қилишлигисиз мавжуд бўлиши, баъзида эса уммат розилик ила қабул қилган хабар машҳур тарзда ривоят қилинмаган бўлиши мумкин. Хабар илмни ифода этиш масласида уммат розилик ила қабул қилгани санадлари кўп бўлиб машҳур бўлганидан кўра кучлироқ саналади. 

Ҳанафий улуғларимиз бу меъзоннинг саҳиҳлигига бир қанча далиллар келтирганлар. Бу ерда айримларини келтириб ўтамиз. Ким янада тафсилотини истаса, бу мавзуни батафсил ёритган манбаларга мурожаат қилиши мумкин.

1. Ҳадис умумул балво бўлган масалада машҳур бўлмаслиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит эмаслиги, натижада, унга амал қилинмаслигига далилдир. Бу ровийнинг мусулмон бўлмаслиги, адолатсизлиги каби саҳиҳликнинг баъзи шартлари йўқ бўлишига ўхшайди. Бундай дейишимизга сабаб, умумул балво бўлган масала Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан оммавий тарзда баён қилиниши лозим эди. Чунки у зот мана шунга тайинланган ва зиммаларига ислом шариатини баён қилиши вожиб эди. У зот вожибни тарк этишлари тасаввур қилинмайди. Ислом шариатини оммавий тарзда баён қилиш икки йўл билан бўлади:

Биринчиси, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг барчаси эшитаётган вақтда уларга баён қилиб беришлари.

Иккинчиси, масалага эҳтиёжи тушган ҳар бир одам уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрайди. У зот масалани баён қилиб беради ва шу билан баён ҳаммани қамраб олади. Шундай бўлса хабар машҳур бўлиб кетади, оҳодлигича қолиб кетмайди.

Қаранг, мутааххирлар оҳод хабарни нақл қилганлари учун ўзларининг ичида машҳур бўлиб кетди. Агар мазкур хабар мутақаддимлар ичида ҳам собит бўлганида, у машҳур бўлиши ва омманинг уни билишга эҳтиёжи тушиб турган бир пайтда унинг ривояти битта одамга чекланиб қолмаслиги керак эди[1].

2. Саҳобалар умумул балво бўлган ишлардан оҳод хабарни қабул қилишмаган. Масалан, Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг “Бировнинг уйига киришда уч марта изн сўраш” ҳадисини рад этган. Чунки бу умумул балво масалалардан бири эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз”[2].

Демак, изн сўраш масаласи барча эҳтиёжи тушиб турадиган ишлардан бўлишига қарамасдан фақатгина Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг уни уч марта чекланишини билишларини Умар розияллоҳу анҳу йироқ санаб, рад этди.

3. Умумул балво бўлган масала доимий такрорланиб, одамларнинг унга қаттиқ эҳтиёжи тушишлиги мукаллафлар томонидан уни билиш мақсадида кўп саволлар берилишини тақозо этади. Кўп савол-жавобдан бу ҳукм машҳур бўлиб кетиши керак. Шунинг учун  бундай хабар машҳур ва  мутавотир тариқида нақл қилинмас экан, унинг собит эмаслигига далил бўлади.

4. Намознинг фарз ва вожиблари, таҳоратни синдирувчи нарсалар каби умумул балво бўлган масала оҳод тариқидин нақл қилинадиган бўлса, бундан кўп умматнинг амали ботиллиги лозим бўлиб қолади.

5. Мана шу эътиборни саҳиҳ эканлигига келитирилган далиллардан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулядайннинг: أقصرت الصلاة أم  نسيت “Намоз қисқардими ёки унутдингизми?” деган ҳадисларига чекланмадилар. Балки инсонлардан أصدق ذواليدين؟ فقال الناس: نعم “Зулядайн тўғри айтдими?”, деганларида, инсонлар: “Ҳа”, дейишди. Чунки бу ишни бутун жамоатнинг ичидан фақат биргина шахснинг билиши ақлга тўғри келмайди.

Мана шу меъзон асосида фиқҳнинг турли бобларида кўпгина масалалар келиб чиқади. Ҳанафийлар мазкур ишлар умумул балво масалалари бўлгани эътиборидан улар борасида келган оҳод хабарларни рад этишган. Жумладан:

“Закарни ушлаш”дан таҳорат синиши ҳақидаги Бусра розияллоҳу анҳонинг ҳадиси[3].

Сарахсий айтади: “Бу ҳадис шозз. Чунки бу масалани билишга ҳамманинг эҳтиёжи тушиб туришига қарамасдан, уни Бусра розияллоҳу анҳонинг ёлғиз ўзи ривоят қилган. Бу эса ҳадиснинг заиф эканлигига далолат қилади. Сабаби, Бусра розияллоҳу анҳонинг эҳтиёжи тушмаса-да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур масалани унинг ўзигагина ўргатишлари ва бошқа саҳобалар қаттиқ эҳтиёжи тушишига қарамасдан уларга ўргатмаганликлари маҳол ишлардан саналади”[4].

(Давоми бор).

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс


[1] Айтаманки, агар “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни очиқ баён қилиб берганлар. Бироқ саҳобалар уни оммавий тарзда нақл қилишмаган. Шунинг учун машҳур бўлиб кетмаган, дейиш нима учун жоиз бўлмайди”, деб сўралса, жавоб берамизки, бу хабарга шариат ҳукми таъаллуқ топиб турган бир вақтда саҳобалар шуни омматан нақл қилишдан ғафлатда қолганлар, дейиш тасаввурга сиғмайди. Маълумки, саҳобалар шариат ишига жидди-жаҳд билан киришганлар ҳамда уни ёйишга ҳарис бўлишган. Агар бу иш жоиз бўлганида, саҳобалар Қуръон сураларидан ҳам, дин усулларидан ҳам ғафлатда қолганмикин, деб ўйлаб қолар эдик. Демак, бу нарса жоиз бўлмас экан, биз айтганларимиз тўғри бўлади. Асмандий Ҳанафий. Базлун назар фил усул. – Б. 474,475. У зот бунга ҳужжат келтиришда ва мухолифларининг ҳужжатларини келтириб, унга жавоб бериш баёнида кўп гапирганлар. Қаранг: Бухорий. Кашфул асрор. 3-жилд, 17-19 бетлар.

[2] Нур сураси. 27‑оят.

[3] Имом Молик. Муватто. 15­‑ҳадис.  Абу Довуд. 181‑ҳадис. Термизий. 82‑ҳадис. Насоий. 163‑ҳадис. Ибн Можа. 479‑ҳадис.

[4] Сарахсий. Усулу Сарахсий. Қоватиъул адилла. – Ж. 1. – Б. 368. Ибн Абдулбарр. Ат‑тамҳид. Қоватиъул адилла. – Ж. 17. – Б. 202. Нававий. Ал‑мажмуъ. Қоватиъул адилла. – Ж. 2. – Б. 47. Ибн Қудома. Ал‑муғний. Қоватиъул адилла. – Ж. 1. – Б. 116. Ҳозимий. Ал‑иътибор. Қоватиъул адилла. – Б. 82. Абдулазиз Бухорий айтади: “Бу ҳадисни Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Жобир, Солим, Зайд ибн Холид, Оиша, Умму Ҳабиба ва булардан бошқа бир неча саҳобалар ривоят қилган. Мана шундай катта саҳобалар ривоят қилган ҳадис қандай қилиб шозз бўлиши мумкин?” дейилмайди. Чунки биз: “Мазкур ривоятлар саҳиҳ эмас, санади музтариб. Чунки унинг рижоллари заиф ва бошқа саҳиҳ ривоятларга тескаридир. Абу Жаъфар Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу маъонил осор” асарида мана шундай деган. Демак, у ривоятлар билан шоззлик кетмайди”, деймиз. Кашфул асрор. Қоватиъул адилла. – Ж. 3. – Б. 17.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳадис илми: Икки қарама-қарши далил ўзаро зид келганда ҳанафийларнинг тутган йўллари

298 21:00 26.02.2021

Ҳадис илми: Насслар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликни бартараф этишда усул уламоларининг маслаги

170 08:00 26.02.2021

Ҳадис илми: Таъоруз билан таноқуз ўртасидаги фарқ

168 20:00 24.02.2021

Ҳадис илми: Ҳадисларнинг ўзаро қарама-қарши келиши шартларининг учинчиси

195 21:30 23.02.2021

Ҳадис илми: Ҳадисларнинг ўзаро қарама-қарши келиши шартлари

195 19:00 22.02.2021

Ҳадис илми: Икки далил қарама-қарши келганда эргашиладиган йўллар 

531 22:00 21.02.2021
« Орқага