Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳадис илми: Икки қарама-қарши далил ўзаро зид келганда ҳанафийларнинг тутган йўллари

364

(давоми, боши бу ерда)

Икки қарама-қарши далил ўзаро зид келганда ҳанафийларнинг тутган йўллари

Жумҳур ҳанафийлар наздида агар икки қарама-қарши далилнинг тарихи маълум бўлса, замон жиҳатдан охиргиси биринчисига насх қилувчи бўлади. Бордию тарих номаълум бўлса, улардан бирида бошқасида топилмаган таржиҳга сабабчи фазл бўлади. Бунда мазкур фазилат ровийнинг фақиҳлиги каби сифатда бўладими ёки бири мутавотир-у, иккинчиси оҳод бўлиши каби бошқа ишлардами, фарқи йўқ. Аммо фазилат ададда бўлса, иш бундай бўлмайди. Зеро, уларнинг наздида биргина ҳадис бир неча ҳадисга қарши тура олади. Шунинг учун улар (ҳанафий имомларимиз) наздида далилнинг кўплиги сабабли таржиҳ қилинмайди. Бу қараш жумҳурга хилоф. Агар далиллар ўртасини таржиҳ қиладиган нарса топилмай, тарих ҳам номаълум бўлса, имкон бўлса ўзаро қарама-қаршиликдан халос этадиган тарзда улар ўртаси жамланади. Бунда қарама-қаршиликни бартараф этиш ҳукм тарафидан бўладими, ҳолат тарафидан бўладими ёки замон эътибориданми, фарқи йўқ. Агар бу ишлардан ҳеч бирига имкон бўлмаса, иккала далил ҳам тарк этилади ва қуйидагича амал қилишга ўтилади:

1. Агар икки Китоб (яъни оят) қарама-қарши келиб қолса, иккиси ҳам тарк этилиб, ундан кўра даражаси пасти, яъни суннатга амал қилинади.

2. Бордиб икки суннат ҳақиқий қарама-қарши келиб қолса, иккиси ҳам тарк этилиб, улардан кўра қуйироқ даражадаги далил, яъни қиёс ёки саҳобаларнинг сўзи ё асарларига амал қилинади. Буларнинг қай бирини муқаддам қилиш масаласида ихтилоф мавжуд.

3. Агар икки қиёс бир-бирига қарши келиб қолса, қаралади. Агар мужтаҳид уларнинг бирида бошқасида учрамаган фазл ёки ортиқчаликни топса, у рожиҳига амал қилиб, маржуҳини тарк этиши вожиб бўлади. Чунки у имом Сарахсий айтганидек “Агар икки қиёс ўртасида қарама-қаршилик юз берса, қаралади. Агар шаръий далил асосида улардан бирини устун қилиш имкони бўлса, устунига амал қилиш вожиб. Мана шу иш насслардаги тарихни билиш ўрнида бўлади. Бу ўриндаги таржиҳдаги шаръий далил – бирида топилиб, бошқасида учрамаган қувватлиликдир. Агар таржиҳга имкон топилмаса, мужтаҳид улардан истаганига амал қилади. Бироқ бу уларнинг иккиси ҳам ҳақ, иккиси ҳам тўғри дегани эмас. Бизнинг наздимиздаги “Мужтаҳид гоҳида тўғри топади, гоҳида хатога йўл қўяди”, деган мазҳабга кўра, ҳақ фақат биттасида бўлиб, иккинчиси хатодир. Бироқ мужтаҳид ана шунга амал қилишда узрли бўлади”.

Агар юқорида зикр қилинган: икки Китоб ёки икки суннат бир-бирига қарши келиб, мужтаҳид улардан қуйисини топа олмаса ёки топса-ю, улар ҳам ўзаро қарама-қарши бўлса, у аслга кўра ҳукм қилади. Яъни, икки далил ҳам келишидан илгари иш нима узра қарор топган бўлса, у шундай қолдирилади. Бу иккиси ҳам соқит бўлиб, икки далил келишидан илгари масаланинг ҳукми қандай бўлса, ўшанга амал қилинади, дегани. Замондош уламолардан Доктор Закийюддин Шаъбон ва Доктор Абдулкарим Зайдонлар ҳам ана шу маслакни эътиборга олиб, буни тасдиқлашган.

(Давоми бор).

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс
 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Маъно ила ривоят қилиш жоизлигига жумҳурнинг далили

452 23:00 28.03.2021

Ҳадис илми: Адо қилиш йўллари

177 21:00 26.03.2021

Ҳадис илми: Жамлашнинг таърифи

390 23:00 25.03.2021

Ташқи далил билан таржиҳ қилиш кўринишлари

203 16:30 24.03.2021

Матн тарафидан бўлган таржиҳ кўринишлари (давоми)

321 20:05 23.03.2021

Матн тарафидан бўлган таржиҳ кўринишлари (давоми)

532 00:30 23.03.2021
« Орқага