Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳадис илми: Иккинчи мавзу: Тадлис

284

(Давоми, боши бу ерда)

Иккинчи мавзу: Тадлис

Тадлиснинг таърифи:

Луғатда у د، ل، س [д, л, с] дан ташкил топган دَلَسَ [даласа] феълидан ясалган. Бунинг асл маъноси “Беркитмоқ”,  “Сатр қилмоқ”, “Зулмат” деганидир. الدَّلَسُ [ад-даласу] бу دلس الظلام [даласаз зула́м] – зулмат қоплади[1], деганидир. Яна دلَّسَ في البيع [далласа фил байъи] – ҳам дейилади. Бу айби баён қилинмаган ҳар нарсада айтилади. Бу ҳам зулматдан. Чунки айби зулматли қилиб қолдирилди. Бир нарса махфий бўлганда إندلسَ الشيءُ [индаласаш шай’у], дейилади. دلَّستُهُ فتدَلَّسَ وتدلَّستُهُ [далластуҳу фатадалласа ва тадалластуҳу] бунинг барчасини маъноси уни сезмади, билмади, деганидир[2].

Истилоҳда эса: тадлис икки катта қисмга бўлинади:

Биринчиси: Ровий бир кишидан ривоят қилади. Ундан эшитувчи шу ровий ҳақиқатда ўша кишидан эшитганлигини ўйлаб қолади. Ҳолбуки бу ровий ўша кишидан эмас, балки бошқасидан эшитган бўлади. Масалан, قال فلان، ذكر فلان – “Фалончи айтди”, “Фалончи зикр қилди” ва шу каби лафзларда ривоят қилади.

Бу имом Жассоснинг берган таърифидир[3]. Ҳанафийлар бундай ривоят қилишни “Тадлис” деб номлашди. Муҳаддислар эса “Тадлисул иснод – Исноднинг тадлиси”, дейишган.

Иккинчиси: Ровий бир шайхдан ундан эшитган ҳадисини ривоят қилади ва ўша шайхнинг номини, ёки кунясини, ёки нисбасини, ёки сифатини одамлар танимайдиган тарзда айтади. Зеро унинг мақсади – бу ровий танилиб қолмаслигидир.

Ҳанафийлар бу қисмни “Талбис”, деб номлашган бўлса, муҳаддислар “Тадлисуш шуюх”, деб номлашган.

Тадлиснинг ҳукми:

Ҳанафий ва муҳаддислар ҳам тадлиснинг ҳукми борасида ихтилоф қилганлар. Қуйида уларнинг мазҳаблари келтирилади:

Ҳанафийларнинг мазҳаби:

Бир ровий тадлис қилганда ривояти қабул қилиниши мумкин бўладиган инсонлардангина тадлис қилиш билан танилган бўлса, бу ровийнинг тадлис қилган ўриндаги ривояти мақбулдир. Агар ровийнинг ҳолатидан унинг сиқа ёки сиқамас кишилардан ҳам тадлис қилаверишда бепарво бўлганлиги сезилса, унинг ривояти қабул қилинмайди. Аммо аниқ эшитганлигининг лафзини келтирган бўлса, унда қабул қилинади[4].

Муҳаддислар мазҳаби:

Улар тадлиснинг ҳукми борасида ихтилоф қилганлар. Қуйида уларнинг икки мазҳабини келтирамиз:

Биринчи мазҳаб: Тадлиси собит бўлган ровий адолатлик бўлса, унинг ҳадисидан шайхи ҳадис айтганлигини очиқ-ойдин айтган ривоятигина қабул қилинади.

Иккинчи мазҳаб: бу борада тафсилот (ажратиш, ўрганиб чиқиш) бор. У ҳам бўлса мудаллиснинг муъанъан тарзида қилган ривояти мақбулдир. Бироқ икки ҳолат мустасно:

А) Ровий муъанъан тарзида кўп ривоят қилиб, унинг ривоятларидан шу тарзидагиси ғолиб бўлиб кетган бўлса.

Б) Ровий заиф ва матрук шахслардан тадлис қилиш билан танилган бўлса.

Мана шу мазҳаб (яъни, қабул қилинмаслиги) саҳиҳроқдир. Мунаққид имомларнинг амалларига ҳам мувофиқдир[5].

Биринчи мазҳабнинг гапларидан барча мудаллислар битта табақада эканлиги, бир ёки икки марта тадлис қилган кимса ҳадиси қабул эмаслигида, модомики, шайхи бунга ҳадис айтиб берганини очиқ айтмаса, юз ёки икки юз марта тадлис қилган инсонга тенг туриши келиб чиқади.

Мана шу биринчи мазҳабнинг гаплари машҳур қавлнинг хилофидир. Машҳур қавлда: мудаллислар бешта табақада бўлиб, ҳар бири ҳукмда бир-биридан фарқлидир, дейилади. Чунки бунда кимдир кўпроқ тадлис қилган бўлса, кимдир камроқ тадлис қилган. Шу гапни Ҳофиз ибн Ҳажар “Табақотул мудаллисийн”да келтириб ўтган.

(Давоми бор).

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс


[1] Ибн Форис. Муъжаму мақойисил луға. دلس [д, л,с] моддаси. 2-жилд, 296-бет. 

[2] Ибн Манзур. Лисонул араб. دلس [д, л,с] моддаси. 4-жилд, 387-бет.

[3] Жассос. Ал-Фусул фил усул. 2-жилд, 61-бет. Бухорий. Кашфул асрор. 3-жилд, 146-бет. Бобартий. Ат-Тақрир. 4-жилд, 411-бет. Ибн Нужайм. Фатҳул Ғаффор. 2-жилд, 108-бет.

[4] Жассос. Ал-Фусул фил усул. 3-жилд, 189-бет. Бухорий. Кашфул асрор. 3-жилд, 73-бет. Мулла Жийван. Шарҳул Манор. 664-бет. Сағноқий. Ал-Кофий. 3-жилд, 1361-бет. Ибн Ҳанбалий. Қафвул асар. 71-бет. Таҳонавий. Қавоид фий улумил ҳадис. 158-бет. Туркмоний. Ад-Диросот. 463, 465-бет.

[5] Ибн Салоҳ. Улумул ҳадис. 67, 69-бет.

УЛАШИНГ:

« Орқага