(давоми, боши бу ерда)
Тўққизинчи бўлим
Имом саҳобаларни хабарга хилоф қилишлари
Ҳанафий уламоларимиз наздида оҳод хабарни қабул қилиш шартларидан яна бири бу – ҳадис саҳобаларнинг имомларига махфий бўлиб қолмаслигидир. Яъни, агар саҳоба розияллоҳу анҳуларнинг имомларидан айримлари ҳадисга хилоф амал қилса, ана шу зотлар бу каби ҳадислардан бехабар қолмаслиги маълум зотлардан бўлишса, бу ҳолат ҳадисни ҳужжат бўлишдан чиқариб юборади. Сабаби “ҳадис у зотларга етиб бормаган”, деган эҳтимол узилгач ва улар борасида ровий ўзи бўладими ёки бошқаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлган ҳадисга хилоф қилишиларига эҳтимол берилмагач, бу борадаги энг яхши изоҳ – у зот ҳадис насх қилинганини ёки ҳадисда айтилган ҳукм вожиб эмаслигини билган бўлишидир. Натижада, юқоридаги ҳолатни ана шунга йўйиш вожиб бўлади[1]. Чунки саҳобалар сўзларини аниқ билгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилишлари тасаввур қилинмайди. Саҳобаларнинг адолатли эканларига ижмоъ қилинган. Демак, ҳадисни аниқ билгач, унга хилоф қилишлари мумкин эмас.
Имом Сарахсий бу миқёсни нақадар гўзал тарзда равшанлаштириб бундай деган: “Исо ибн Абон роҳимаҳуллоҳнинг зикр қилишича, саҳобалар икки хил бўлишади:
1. Айрим имом саҳоба розияллоҳу анҳуларнинг ҳадисга хилоф тарзда амал қилиши ва у зот бу каби ҳадислардан бехабар қолмаслиги маълум бўлиши. Бу ҳолат ҳадисни ҳужжат бўлишдан чиқариб юборади. Сабаби “ҳадис у зотларга етиб бормаган” деган эҳтимол узилгач ва улар борасида ровий ўзи бўладими ёки бошқаси Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлган ҳадисга хилоф қилишиларига эҳтимол берилмагач, бу борадаги энг яхши изоҳ – у зот ҳадис насх қилинганини ёки ҳадисда айтилган ҳукм вожиб эмаслигини билган бўлишидир. Натижада, юқоридаги ҳолатни ана шунга йўйиш вожиб бўлади.
2. Саҳобадан ҳадисга хилоф амалнинг зоҳир бўлиши ва у зотнинг шу ҳадисдан бехабар қолиши мумкин бўлиши. Мана шундай саҳобанинг ҳадисга хилоф иш тутиши уни ҳужжат бўлишдан чиқариб юбормайди. Чунки саҳиҳ ҳадисга амал қилиш вожиб. Агар унинг амалини гўзал таъвил қилиш имкони бўлса, айрим саҳобаларнинг ҳадисга хилоф қилиши уни ҳужжатликдан чиқариб юбормайди. Бу ўринда “У зот нассдан бехабар қолгани учун унга хилоф тарзда амал қилган ёки фатво берган. Агар нассни билганида, ундан қайтарди”, дейиш мумкин. Чунки саҳиҳ тарзда ҳадис етиб борган киши унга амал қилиши вожиб[2].
(Давоми бор).
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс