Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳадис илми: Мутаворас амалнинг ҳужжат экани борасида фақиҳ ва муҳаддис имомларнинг айтган гаплари (давоми)

263

 (давоми, боши бу ерда)

Мутаворас амалнинг ҳужжат экани борасида фақиҳ ва муҳаддис имомларнинг айтган гаплари (давоми)

Имом Заҳабийнинг “Сиярул аъламин нубала” асарида имом Авзоъийнинг таржимаи-ҳоли борасида қуйидагилар келтирилган:

“Исҳоқ ибн Роҳавайҳ: “Агар бир иш устида Саврий, Авзоиъй ва Молик жамлашса, у суннатдир”, деган. Заҳабий айтади: “Балки суннат у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотдан кейинги рошид ҳалифаларнинг суннатидир. Ижмоъ эса олдинги ва кейинги уммат уламолари зонний ёки сукутий тарзда бир ишга жамлашганларидир. Кимки тобеъин ёки табаъа тобеъинларнинг ижмоъсидан ўз ижтиҳоди билан бўлган гап сабабидан ажралса, бу гапи ўзига юкланади.

Энди ким мазкур уч катта имомларга хилоф қилса, на ижмоъга ва на суннатга хилоф қилган, деб аталмайди. Исҳоқ юқоридаги гапидан “Агар учаласи бир масалада жамлашса, кўпинча у ҳақ бўлади”, деган маънони назарда тутган. Бу худди бугунги кунда “Тўрт мужтаҳид имом иттифоқ қилган масаланинг хилофида ҳақ бўлмайди”, деган сўзимизга ўхшайди. Ҳолбуки, биз у тўрт зотнинг бир масалада иттифоқ қилиши умматнинг ижмоъси эмаслигини эътироф этамиз. Бироқ у тўрт зот иттифоқ қилган масала борасида “Ҳақиқат бунинг хилофи”, дейишдан ҳайиқамиз”[1].

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан имом Моликнинг мана бундай деётганини эшитганини ривоят қилади: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки ихтилофли ҳадис келиб, бизга Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулар мазкур иккита ҳадиснинг бирига амал қилиб, бошқасини тарк этишгани етиб келса, бу иш ҳақ икковлари амал қилганида эканига далил бўлади”[2].

Абу Бакр Хатиб “Тариху Бағдод” асарида бундай дейган: “Менга Азҳарий ҳадис айтиб берди”. У айтади: “Бизга Али ибн Умар Ҳофиз ҳадис айтиб берди”. У айтади: “Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Ҳаммод зикр қилади: “Бизга Яҳё ибн Муҳаммад Абулқосим Даққоқ ҳадис айтиб берди”. У айтади: “Бизга Муҳаммад ибн Солиҳ ҳадис айтиб берди”. У айтади: “Бизга Исмоил ибн Довуд Ал-Жавзий (устози) Молик ибн Анасдан айтдики, Молик: “Агар бу ҳадис амал қилинадиган бўлганида имомлар – Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳулар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин имом ўтириб намоз ўқиганда ортидагилар ҳам ўтирарди, ҳадисига амал қилишар эди”, деган”[3].

Буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбал бир масала борасида уни исботловчи далил келмаган бўлса ҳам Имом Шофеъийнинг гаплари борлиги учун уни олар эди. Сабаби, у зот Имом Шофеъий далили собит бўлмаган масалани айтмаслигига ишонар эди. Демак, мужтаҳид имомларнинг гаплари далил тақозоси билан бўлганини англатади.

Ҳофиз Абу Нуаъйм “Ал-Ҳуля” асарида бундай деган: “Бир масала юзасидан музокара-баҳс бўлиб турган чоғда бир киши имом Аҳмадга “Эй Абу Абдуллоҳ, бу борада саҳиҳ ҳадис йўқ”, деди. Шунда у зот: “Гарчи бу борада ҳадис бўлмасада, у борасида Шофеъийнинг сўзи бор. Унинг бу масаладаги ҳужжати жуда собит”, деди”[4].

Имом Абу Довуд “Сунан”да: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки хабар ўзаро қарши келса, саҳобалари қайсисини олганига қаралади”, деган[5].

Аллома Байҳақий Усмон Доримийдан нақл қилади, Усмон айтади: “Бобнинг ҳадислари ихтилофли бўлиб, улардан рожиҳи билинмагач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг рошид халифалар қай бирига амал қилганларига қарадик. Шунга кўра икки тарафдан бирини устун қўйдик”[6].

(Давоми бор).

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс


[1] Заҳабий. Сияру аъламин нубала. 7-жилд, 116-бет.

[2] Ибн Абдулбарр. Ал-Истизкор. 1-жилд, 175-бет, 4-жилд, 59-бет. Ат-Тамҳид. 3-жилд, 353-бет. 59-рақам. Зайд ибн Асламнинг ҳадиси муснад саҳиҳ ҳадис.

[3] Хатиб. Тариху Бағдод. 6-жилд, 247-бет.

[4] Абу Нуъайм. Ал-Ҳуля. 9-жилд, 102-бет.

[5] Абу Довуд. Сунан Абу Довуд. 2-жилд, 232-бет. 1851-ҳадис.

[6] Ибн Ҳажар. Фатҳул Борий. 1-жилд, 313-бет. Ибн Можа. Сунан Ибн Можа. 85-бет.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳадис илми: Насх ва унинг таърифи

173 21:30 02.03.2021

Рамазон ҳақида ёлғон хабар тарқатиш гуноҳ

471 20:00 01.03.2021

Қиёмат бўлиб қолса ҳам тўхтатилмайдиган иш...

720 20:30 18.02.2021

Мушрикларга таҳдид ҳақидаги ҳадиснинг изоҳи

716 15:05 08.02.2021

Агар шошмаса...

2554 08:00 16.01.2021

Ҳадис илми: Ҳанафийлар оҳод хабар ақл тақозосига зид келишини икки шарт билан қайдлаганлар

240 22:15 12.01.2021
« Орқага