Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳадис илми: шайх Ҳайдар Ҳасанхон Тавнакийнинг қарашлари 

248

(давоми, боши бу ерда)

Салаф солиҳларнинг амаллари ҳужжатлиги тўғрисида шайх Ҳайдар Ҳасанхон Тавнакий раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашлари (давоми)

Мутааххирлар, яъни замонлар ўтиб, тобеъин ва уларга асрдош бўлган қадимги имомлар вафотидан кейин ўша табақанинг амалини тўғридан-тўғри кўрмаган – иккинчи асрнинг охири ва учинчи асрнинг бошида яшаган имомлардир. Уларнинг фиқҳи мазкур табақанинг амалларига гувоҳ бўлмаган, балки ривоятлар уларга турлича йўллар билан етиб келган. Шунинг учун улар ривоятларни ровийга қараб текширишга мажбур бўлишди. Шу сабабли рижол-ровийларни жарҳ ва таъдил, сиқага чиқариш ва заифга чиқариш борасида қоидалар ишлаб чиқишди. Мана шу қоидалар “Асмоур рижол” (ровийларнинг таржимаи ҳоллари) деб номланди. Бу давр уламолари “Асмоур рижол” мезони асосида адолатли деб билишган кишиларнинг ривоятига амал қилдилар. Ривоятларни текширишида мутааххир уламоларнинг тутган йўли шундоқ эди. 

“Асмоур рижол” китобларини мутолаа қилган киши яхши биладики, ровийлар ичида бир имом наздида адолатли, бошқа имомнинг наздида адолатсиз бўлганлари бор. Бунга сабаб – жарҳ ва таъдил борасидаги асл иш ровийга замондош бўлган кишиларнинг у борасидаги гапларидир, ундан кейингиларники эмас. Чунки инсон ўзи билан замондош бўлмаган шахсларни яхши танишининг иложи йўқ. Шубҳа йўқки, бир кишининг замондошлари унинг умумий ҳолатидан адолатли, деб ҳисоблайди-ю, унинг адолатга тўғри келмайдиган жиҳатларидан бехабар қолади. Бошқа бири эса мазкур ровийнинг жарҳга сабаб бўладиган ишларидан бохабар бўлган ва шунинг натижасида ўша ровий борасида бошқа замондоши тарафидан жарҳ юзага келган. Натижада жарҳ ва таъдил борасида икки замондошнинг сўзлари турлича бўлиб чиққан. Шунинг учун уламолар “Жарҳ таъдилдан муқаддам туради”, деган қоидани ишлаб чиқишган.

Мана шу мезон сабабли фақиҳлар ўртасида: мутақаддимларнинг фиқҳи ва мутааххирларнинг фиқҳи деган ихтилоф келиб чиққан. Мутааххирлар ўзлари адолатли деб билган ровийларнинг ривоятини олиб, зиддидаги ривоятларни эса тарк этганлар. Ҳолбуки, ўша тарк этилган ривоятлар мутақаддимларнинг даъвоси бўйича адолатли ровийлар билан қилинганлиги учун саҳиҳ бўлиб эди. Шунга қарамасдан, мутақаддим фақиҳлар амал қилган ривоятлар, гарчи уларни заиф деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, биринчи асрдаги жумҳур олимларнинг амали уни саҳиҳ қилиб юборади. Бу қоида “Амал заиф ривоятни саҳиҳга чиқаради”, деган усул қоидаларидан биридир. 

Маълумки, исломий ақидалар китобларда икки хил, яъни салафларнинг ва халафларнинг йўли тарзида келади. Ҳар кимнинг ўз нуқтаи назари бўлиб, ўша томонга йўналади. Уламолар ичида айрим сабабларга кўра биринчи тарзни, бошқалари бошқа сабабга кўра иккинчи тарзни маъқул кўришган. Шундан сўнг истаган киши бу бобга чуқур назар солади, икки тарз борасида фикр юритиб, назари ва фикри етаклаганига қараб иккисидан бирини танлайди.

Икки тоифа фақиҳлар: салафлар фиқҳи ва халафлар фиқҳи ўртасидаги фарқ ҳам шунингдекдир. Аввалгиларнинг мезони биринчи аср амали бўлса, иккинчиларнинг мезони ровийлар борасидаги жарҳ ва таъдил сўзларидир.

“Асмоур рижол” китобларига кенг назар солган киши унда турли ажойиботларни кўради. Масалан, дин устунларидан бўлмиш шундай ровийлар борки, уларнинг жарҳи борасидаги гаплар талайгина. Рижол китобларига қарсангиз, улар динни хароб қилган деб ўйлайсиз. Гўёки у мусулмон умматини хароб қилишда Абдуллоҳ ибн Саба даражасидаги кимсадек. Шунингдек, яна айрим ровийлар аслида мўътазилийликда ғулувга кетган, шиалик, рофизийлик ёки нопок бидъатларга муккасидан кетган дин душманларидан, уларнинг ривоятини уламолар саҳиҳ ҳисоблашади. Бу мавзуни яхши ўрганган, икки мезон − салафларнинг амали ва ровийларнинг хабари ўртасидаги фарқни ажратган киши истаган мазҳабини танласин, икки фиқҳдан назари ва фикри етаклаганини ўргансин”. Шайх Ҳайдар Хасанхоннинг рисоласидан иқтибос келтириш тугади.

Бироқ бугунги кунда ажойибот (ҳеч ким айтмаган ва эшитмаган гап)ларга шўнғиган, ўзларининг бармоқ ила санарли нодир кишилар бўлишларини истаган кимсалар жамоаси пайдо бўлиб, улар имомлар иш юритган доираларда ёш бўлишига қарамай ўзлари ҳам худди етук имомлар каби ижтиҳод қилишни исташмоқда.

Улар имомларнинг мазҳаби ва маслагини инкор этиб, қавл ва мазҳабларни шарҳлашни, уларни саҳиҳ-у заифга чиқаришни, бузиб-қуришни бошлаб юбордилар. Натижада, шубҳаларга жавоб қайтара олмайдиган, эътиқодни ҳимоялай олмайдиган, усти ялтироқ, ичи қалтироқ қаср барпо этиб, уни имомлар тарафидан бунёд этилиб, асрлар оша турли талотўпларга бардош берган, бугунгача соғ-омон етиб келган мустаҳкам қалъаларга алмаштиришди.

У кимсалар бу қилғиликлари ила ҳар қандай инсон учун “ижтиҳод” номи остида шаръий насслар билан ўйнашиш эшигини очиб бердилар. Ҳатто улардан бири жума хутбасида минбарда туриб олиб: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалон деганлар”, десам, сизлар “Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад бундай деганку”, дейсизлар-а?!” иборасини айтишгача бориб етди. Бу иши билан фиқҳий мазҳабларга эргашувчиларни бут-санамга ибодат қилувчиларга тенглаштирди. Ла́ ҳавла ва ла́ қуввата илла́ билла́ҳ.

(давоми бор)

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳадис илми: Насх ва унинг таърифи

70 21:30 02.03.2021

Рамазон ҳақида ёлғон хабар тарқатиш гуноҳ

416 20:00 01.03.2021

Қиёмат бўлиб қолса ҳам тўхтатилмайдиган иш...

685 20:30 18.02.2021

Мушрикларга таҳдид ҳақидаги ҳадиснинг изоҳи

714 15:05 08.02.2021

Агар шошмаса...

2550 08:00 16.01.2021

Ҳадис илми: Ҳанафийлар оҳод хабар ақл тақозосига зид келишини икки шарт билан қайдлаганлар

237 22:15 12.01.2021
« Орқага