Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳадис илми: шайх Ҳайдар Ҳасанхон Тункий раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашлари

264

(давоми, боши бу ерда)

Салаф солиҳларнинг амаллари ҳужжатлиги тўғрисида шайх Ҳайдар Ҳасанхон Тункий раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашлари

Аллоҳ Ўзининг кенг раҳматига олсин, марҳум шайх аллома, муҳаддис Ҳайдар Ҳасанхон раҳматуллоҳи алайҳ салафларнинг амали ҳужжат экани борасида ажиб бир рисола тасниф этган ва уни гўзал тарзда ифода этган. Аллома, мунаққид, муҳаддис, билимдон, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ муҳаддис Нўъмонийнинг “Ал-Имам ибн Можа ва китабуҳус Сунан” асарига ёзган таълиқининг 86-90-бетларида шу рисолани зикр қилган. Қуйида у зотнинг ибораларини келтирамиз:

“Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида ҳам, саҳоба розияллоҳу анҳуларнинг замонларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимлари тартибли тарзда ёзиб борилмаган, тасниф қилинмаган. Фақат Аллоҳнинг Китоби ёзилган. Улар эътиқод ва аҳкомдан иборат ислом таълимотларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларига суннат асосида амал қилишган ва уни қалбларида сақлашган. 

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Ироқ фатҳ этилиб, мазкур юрт аҳли исломни қабул қилгач, Умар розияллоҳу анҳу ислом ва Набий алайҳиссаломнинг суннатларини ўргатиш учун уларга Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни жўнатдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида суннатни энг яхши биладиган, ҳидоят, сийрат-хулқда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшаш зот эдилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу юрт аҳлига ўз қалбларида сақлаган ва амал қилганлари асосида исломни ўргатдилар. Натижада, у зотнинг таълимлари мана шу Ироқ аҳли ичида жуда кенг тарқалди.

Ироҳ аҳли мавсумларда Мадинаи мунаввара ва Маккаи Мукаррамага қатнар, ўз навбатида саҳоба розияллоҳу анҳулардан иборат Ҳижоз аҳли ҳам Ироққа боришар эди. Ана шу саҳобалар орасида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни Ироққа юборган Умар розияллоҳу анҳу ҳам бўлардилар. Улар Ироқ аҳлининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўргатганидек намоз ўқишлари, рўза тутишларини гувоҳи бўлишарди. 

Ана шу саҳобаларнинг бирортасидан – на Умар ва на бошқалардан “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу намоз ва бошқа аҳкомлардаги таълимида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф қилган” деган асар ҳам, ривоят ҳам йўқ.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари бир кишини суннатга хилоф иш тутаётганини кўриб, бунга кўз юмиб сукут сақлашлари ҳақиқатдан жуда узоқ иш. Бунга шубҳа йўқ. Саҳобалар даврида на Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Ироқ аҳлига берган таълими ва на бу таълимнинг улар ўртасида кенг тарқалиши инкор этилмаган. Натижада, бу иш худди саҳобаларнинг Қуръонни жамлаш ишидаги ижмоълари каби сукутий ижмоъ қилишларидир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан кейин ўринларини икки шогирди: Алқама ва Асвад эгаллади. Улар одамларга динни Ибн Масъуд ўзларига таълим берганидек ўргатишди. Иккиларининг мазкур таълимини ҳам, унга амал қилишни ҳам ҳеч ким инкор этмаган. Бу иш то Ироқнинг фиқҳ ва фатво билан танилган имомлари давригача давом этди. Мазкур имомлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят ва ҳадислар ҳар хиллигига йўлиқишди. У ривоят ва ҳадислар ичида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг таълими ва амалига хилофлари ҳам бор эди. Ана шу вақтда улар мутаворас амалга таянишди ҳамда у, яъни салаф солиҳлар ва жумҳур уламоларнинг амалини ихтилофли ривоят ва ҳадисларни текширишдаги мезон қилиб олишди.

Имомлар айрим ровийларнинг ҳадис ривоят қилиб, ўзи унга амал қилмаётганини, ровийдан бир ҳадис ривоят қилиниб, ўзи бошқасига амал қилгани ривоят қилинганига шоҳид бўлдилар. Шунда ривоят қилинган ҳадисни таъвил қилиб, ўзлари ровийнинг амалини олишди.

Бунга сабаб саҳобалар ва жумҳур тобеъинларнинг уламолари ҳадисни ривоят қилиб, ўзлари унга амал қилмасликлари ҳақиқатдан жуда йироқ экани эди. Зеро, ҳадисга хилоф амал қилиш адолатни соқит қилиб, тушириб юборади. Демак, у ҳадис таъвил ёки насх қилингани учун ёхуд бошқа бир сабабга кўра амал қилинмайдиган ҳадис бўлишдан ўзга чора йўқ.

Саҳоба ва тобеъинлар: والسَّابِقُونَ الْأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُمْ بِإِحْسَانٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ - “Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир” (Тавба сураси, 100-оят) ва

وَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَى وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ وَسَاءَتْ مَصِيرًا

“Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!” (Нисо сураси, 115-оят) оятлари гувоҳлик берган яхши асрда яшаган эдилар. Демак, биз эргашиш, динда ва суннатга амал қилиш масаласида уларга тақлид қилишга буюрилганмиз.

Шу сабабли Ироқ аҳли “Агар ровийдан бир ҳадис ва ўзининг унга хилоф амал қилгани собит бўлса, ҳадисга эмас, унинг амалига амал қилинади”, деган қоида ишлаб чиқишган. Шунингдек, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ҳадисда ихтилоф бўлса, Мадина аҳлининг амалига кўра амал қилганлар.

(Давоми бор).

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлигини ўрганувчи илм

216 21:00 05.03.2021

Ҳадис илми: Насхнинг қисмлари

175 17:31 05.03.2021

Ҳадис илми: Насх ва унинг таърифи

227 21:30 02.03.2021

Рамазон ҳақида ёлғон хабар тарқатиш гуноҳ

500 20:00 01.03.2021

Қиёмат бўлиб қолса ҳам тўхтатилмайдиган иш...

744 20:30 18.02.2021

Мушрикларга таҳдид ҳақидаги ҳадиснинг изоҳи

728 15:05 08.02.2021
« Орқага