(давоми, боши бу ерда)
“У баъзилар гапириб ёки бир ишни қилиб, қолганлари жим турган ҳолатдир. Яъни бир гап ёки феълга баъзи мужтаҳидлар иттифоқ қиладилар, қолган мужтаҳидлар эса сукут сақлаб турадилар ва тааммул муддати ўтгандан кейин ҳам эътироз билдирмайдилар. Тааммул муддати уч кун ёки илмий мажлис вақтидир. Бу сукутий ижмо, деб номланиб, бизнинг наздимизда мақбулдир. Мазкур ижмода мужтаҳидлар шарт қилинмайди. Балки хос ва авомнинг иттифоқ қилиши даркор. Агар ому хосдан қайсидир бири хилоф қилса, ижмо дейилмайди. Қуръонни нақл қилиниши, ракатларнинг адади, закотнинг нисоби, нонни қарзга олиш ва ҳаммомга тушиш кабилар ому хоснинг барчаси иттифоқ қилган ишлар жумласидандир” . Мулла Жийван. Нурул анвор шарҳул манор. 223, 224-бетлар.
Имом муҳаддис Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шу каби ижмода катта бир жамоа фатво бериб, қолганлари жим туриши эътиборга олинади” . Деҳлавий. Изолатул хафои ъан хилофатил хулафо. 3-жилд, 246-бет. Доктор Тақиюддин Надавий таҳқиқи остида.
Аллома муҳаддис ва фақиҳ шайх Ҳабиб Аҳмад Кийронавий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қайсидир замонда бирор фақиҳда қарши фикр борлиги жумҳурга маълум бўлмаган ҳолда кўпчилик тўғри деб билган фикр кенг ёйилиб кетса, бу ижмо қилинган фикр эканига ақлли одам шак қилмайди. Муҳаққиқ усул уламолари таянган фикр, мана шудир.
Бирор фақиҳ хилоф қилган бўлиши мумкин, лекин хилофини ошкор қилмаган ёки нақл қилмаган эҳтимоли туради барибир, дейиш бу ботил ишдир. Чунки мужтаҳид башарти қайсидир масалада аҳли илмни хато қилмоқда, деб билса, ҳужжатини келтирмоқлиги ҳамда ўзи таълим ва тадвин эътиборидан ҳақ деб билган ўринда жумҳур билан баҳс қилмоқлиги зиммасидаги вожиб ишнинг энг камидир. У ўз уйида беркиниб ўтириб ёки мусулмон шаҳарларидан узоққа кетиб, тоғнинг тепаларига чиқиб олиб ҳақни ошкор қилишдан жим ўтириши дуруст эмас. Ҳақни гапирмасдан жим ўтирувчи соқов шайтондир. Шу ишни ўзи билан у мужтаҳидлик мартабасини тугул, гувоҳлиги қабул бўлиш даражасидан ҳам тушиб кетади. Уламолар ҳақ узра турган мужтаҳидларнинг гапларини нақл қилмаслиги одатда маҳол ишдир.
Сўнгра Кийронавий роҳимаҳуллоҳ айтади: Авомлар хослар билан шерик бўлган, яъни балвои омма бўлган иш ҳам ижмодандир. Бунга бомдод икки ракат, пешин тўрт ракат ва шом уч ракат эканлигига ижмо қилганликлари мисол бўлади. Яна хослар, яъни мужтаҳидлар алоҳида иттифоқ қилган масалалар ҳам ижмодандир. Бунга экинлар ва меваларда вожиб ҳақ борлигига ижмо қилишлари, амма билан жиянини ўртасини жамлашликнинг харомлиги мисол бўла олади. Демак, ижмонинг мана шу мартабаси бундан олдингисидан паст эмас. Чунки мужтаҳидлар авомлар уларга қўшилиши билан бирор қўшимча ҳужжатга эга бўлиб қолмайдилар. Ижмонинг баъзи турлари зонний бўлмоқлиги ижмога зарар етказа олмайди” .
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс