Еттинчи боб
Зоҳирий мунқатиълик[1] (мурсал хабар)
Ҳанафийлар ҳадисдаги мунқатиъликни учга ажратганлар:
– Ровийдаги нуқсон ва қосирлик сабабли мунқатиълик;
– Зоҳирий мунқатиълик;
– Ботиний мунқатиълик;
Аввалги қисмни ўтган бобларда зикр қилиб ўтдик. Қуйида “Зоҳирий мунқатиълик”ни баён қиламиз. Ҳанафий усул уламолари оҳод хабардаги мурсалликни санад асносида саҳоба зикр қилинмагани эътиборидан зоҳирий мунқатиълик деб ҳисоблаганлар. Лекин эътибор тортадиган жиҳат бу – мурсал санадни умумий қабул қилишдаги ва у билан ҳужжатланишдаги ҳанафийларнинг манҳажидир. Бу масала юзасидан кейинчалик муҳаддисларнинг мазҳаби билан ҳам танишамиз. Кейинги бобда “Ботиний мунқатиълик”ни баъзи тафсилотлари билан баён қиламиз, инша Аллоҳ.
Зоҳирий мунқатиълик иккита мавзуни ўз ичига олади:
Биринчи мавзу: мурсал ҳадис
Иккинчи мавзу: тадлис
Биринчи мавзу: Мурсал ҳадис
Мурсалнинг таърифи:
Луғатда “У إطلاق [итла́қ] – қўйиб юбориш ва إهمال [иҳма́л] – эътиборсиз ташлаб қўйиш маъносидаги إرسال [ирса́л]дан ясалган исм мафъулдир. Бир қушни қўйиб юбориб холи қўйсангизأرسلت الطير من يدي [арсалтут тойро мин ядий] дейсиз”[2].
Истилоҳда эса “Мурсал санади узилиб қолган, хабардир. Бу узилиш санаднинг бошида, ўртасида ёки охирида, шунингдек, битта ёки кўпроқ бўлиши ҳам мумкин”[3].
Ҳанафийлар мурсални тўртга тақсимлаганлар
1. Саҳобанинг мурсали:
Саҳобанинг мурсалини қабул қилишда ҳанафий уламолар муҳаддислар билан иттифоқдирлар. Чунки саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутлақ ривоят қилган хабарлари у зотдан ёки ўзлари каби саҳобалардан эшитганликларига йўйилади. Улар сидқ ва адолат аҳлидирлар[4].
Уламолар саҳобаларнинг мурсалларини қабул қилишга иттифоқ қилганлар, бу борада шак-шубҳа қилмаганлар[5].
(Давоми бор).
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс
[1] Бунда ҳақиқатда зоҳирда узилиш бор, камида тепада саҳоба йўқ.
[2] Иброҳим Анийс. Ал-Мўъжамул васийт. -Ж. 1. -Б. 344
[3] Ибн Ҳанбалий. Қафвул асар. -Б. 70. Ибн Амир Ҳож. Ат-Тақрир ват таҳбир. -Ж. 2. -Б. 388. Бухорий. Кашфул асрор. -Ж. 3. -Б. 5, 6. Синдий. Имъонун назар. -Б. 99, 100. Баҳорий. Фавотиҳур раҳамут. -Ж. 2. -Б. 216. Хатиб. Ал-Кифоя. -Ж. 1. -Б. 96.
[4] Баздавий. Усулул Баздавий. -Ж. 3. -Б. 3. Мулла Жийван. Ал-Манор маъа шарҳиҳи. -Б. 647. Ибн Ҳанбалий. Қафвул асар. -Б. 67. Сарахсий. Усулус Сарахсий. -Ж. 1. -Б. 359. Алоий. Жомиъут таҳсил лил Алоий. -Б. 47. Ибн Ҳажар. Ан-Нукат. -Ж. 2. -Б. 571.
[5] Айтаманки, Баздавий, Насафий, Ибн Ҳанбалий саҳобанинг мурсалларини қабул қилишга ижмоъ борлигини даъво қилсалар-да, Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ уламолар ўртасида бу масалада иттифоқ борлигини инкор этган. Иттифоқ бор, деган уламоларга устоз Абу Исҳоқ Исфароийни ва бир гуруҳ уламолардан нақл қилинган гапларни келтириб, раддиялар билдирганлар. Нақл қилинган гаплари – саҳобалар мурсаллари қабул қилинмаслигидир. Қаранг: Аввалги манбалар.