Ҳадис илмининг катта захираси

11:05 06.08.2019 250

Аллома Ибнул-Ҳумом Ҳанафий (Ҳидоя шарифга битган машҳур шарҳи “Фатҳул-Қадийр” асари орқали аҳли илмлар танийдилар) роҳимаҳуллоҳнинг «Зодул-Фақийр» номли асарига Девбанд уламоларидан Мавлоно Бадр Олам Миртаҳий роҳимаҳуллоҳ арабчада «Ал-Мустазодул-Ҳақийр» номли ниҳоятда фойдали илмий ҳошия битган.

Саккизинчи ҳижрий санада Имом Ҳофиз Жамолиддин Зайлаъий роҳимаҳуллоҳ Аллома Бурҳониддин Марғиноний роҳимаҳуллоҳнинг «Ҳидоя»сида келтирилган ҳадисларни тахриж қилиб ёзган «Насбур-Роя» номли асарида ҳадис илмининг катта захираси жамланган. Ушбу илмий бойлик узоқ йиллар давомида ноёб китоблардан саналган. Девбанд уламолари бу китобни нафақат чоп қилишди, балки унга «Буғятул-Алмаъий фий тахрижиз-Зайлаъий» номли кучли ҳошия битиб, ҳадис олимларига катта хизмат қилишди. Бу китоб Мисрда кўп тиражда босилиб чиққан. Девбанд уламоларининг ушбу илмий ишлари ҳам ҳанафий фиқҳи ва ҳадис илмига қилинган буюк хизмат бўлган.

Улуғ муҳаддис, фақиҳ аллома Мулло Алий Қорий роҳимаҳуллоҳнинг «Нуқоя»га (Мухтасарул-Виқояга) ёзган шарҳи «Фатҳу бобил-ъиноя» китоби ҳам ҳанафий фиқҳи ва ҳадис илмида катта бойлигимиз саналади. Китоб қўлёзма шаклида бўлиб, ҳануз чоп этилмаган эди. Дорулулум Девбанд илмий даргоҳининг устозларидан Шайхул-адаб Мавлоно Эъзоз Алий роҳимаҳуллоҳ ушбу асарга «Маҳмудур-Ривоя» номли гўзал ҳошия битган. Кўп тиражда босилган. Бу китоб Шом (Ҳалаб)да мукаммал китоб шаклида босилган.

Худди шундай Мавлоно Эъзоз Алий роҳимаҳуллоҳнинг ҳанафий фиқҳи матнларидан саналган машҳур китоб «Канзуд-Дақоиқ» ва фиқҳда мўътабар китоб ҳисобланган «Мухсарул-Қудурий» ва машҳур бошланғич фиқҳий китоб «Нурул-Ийзоҳ» асарларига ҳам араб тилида битилган ҳошиялари мавжуд. Ҳатто «Нурул-Ийзоҳ»га форс тилида ҳам ҳошия ёзган. Бу ҳошиялар уламолар орасида ниҳоятда мақбул бўлган. Қайта-қайта чоп қилинган.

Бу ҳали Девбанд уламоларининг фиқҳ илмига қилган хизматларининг бир қисмидир холос. Агар бу мавзуда ёзаверсак, катта китобга айланади.

Аллоҳ муваффақ қилса, яна ёзамиз, иншааллоҳ!

Абдулвоҳид Иброҳим Ҳисорий

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!