Ҳадис санадини ўрганиш йўлида чекилган машаққат

09:00 26.05.2018 575

Уламоларнинг ҳадислар саҳиҳини заифидан ажратиб олиш йўлида чеккан қийичиликлари, сафар машаққатлари жуда кўп ва рангбаранг.

Қуйидаги ҳикоя шунга мисол сифатида бир неча манбаларда келтирилади (ҳадис турлари ҳақидаги мақоладан қирқиб, айрим қўшимчалар билан алоҳида қўйяпман):

Хатиби Бағдодий "Кифоя" китобида (400-401-саҳифалар) ва бошқалар Наср ибн Ҳаммод номли муҳаддисдан шундай ҳикоя қилади:

"Биз Шўъба (ибн Ҳажжож, тобеинлардан ривоят қилган басралик машҳур муҳаддис имом, ҳижрий 160 йилда вафот этган)нинг уйига кираверишда ўзаро ҳадис ўқишиб турар эдик. Мен:

– Бизга Исроил ибн Юнус бобоси Абу Исҳоқдан сўзлаб берди, у эса Абдуллоҳ ибн Атодан, у Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилди, Уқба шундай деди: Биз пайғамбар алайҳиссалом замонида туяларимизни навбат билан боқишга келишиб олган эдик (яъни, бир кун мен боқсам, шеригим дам олар, мен дам олганда шеригим боқар эди). Бир куни келсам, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ўтирар, атрофида саҳобалар ҳалқа олган эди. У зотнинг "Кимки таҳоратни чиройли қилса, кейин масжидга кириб икки ракаат намоз ўқиб, Оллоҳдан гуноҳини кечишни сўраса, Оллоҳ унинг гуноҳини кечади" деётганларини эшитдим.

Буни эшитиб "бай-бай-бай", дедим. Кимдир елкамдан тортди, қарасам, Умар ибн Хаттоб турибди.

– Бундан илгари айтганлари бундан ҳам яхши эди: пайғамбар алайҳиссалом: "Кимки ибодатга лойиқ зот йўқ, магар фақат маъбуд бўлмиш Оллоҳ бор, деб гувоҳлик берса, менинг пайғамбарлигимни тасдиқласа, унга "жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кир" деб хитоб этилади" дедилар, деди Умар ибн Хаттоб", деб ҳадисни тугатдим".

Наср ибн Ҳаммод ҳикоясини давом этиб шундай дейди:

"Шундай деб ҳадис айтиб тугатганимни биламан, ичкаридан Шўъба чиқиб қолди-да, юзимга тарсаки тортиб юбориб, қайтиб уйга кириб кетди.

Қайтиб чиққанида мен йиғлаб турар эдим.

– Нега ҳалигача йиғлайди бу? – деб сўради.

Абдуллоҳ ибн Идрис унга:

– Сиз яхши қилмадингиз, -деди.

Шўъба унга қараб:

– Исроилдан – (Исроил эса) Абу Исҳоқдан – (Абу Исҳоқ эса) Абдуллоҳ ибн Атодан – (Абдуллоҳ эса) Уқбадан бунинг нима ривоятни келтираётганини кўрмадингми? – деди Шўъба норози оҳангда (ва бу ҳадиснинг ривоятлар силсиласи кимга тақалиши қиссасини айтиб берди)":

– Мен бу ҳадисни Абу Исҳоқдан "сизга ким айтган" деб сўраганимда, "Абдуллоҳ ибн Атодан, (у эса) Уқбадан" деб жавоб берди. Шунда мен: "Абдуллоҳ ибн Ато Уқбадан эшитганми?" деб сўрадим. Абу Исҳоқнинг аччиғи чиқиб кетди. Ўшанда ёнимда Мисъар ибн Кидом ҳам бор эди: "Шайхнинг ғазабини қўзғаб қўйдинг, ана, Абдуллоҳ ибн Ато Маккада" деди. Маккага қараб йўл олдим, ҳаж қилиш ниятимда йўқ эди. Абдуллоҳ ибн Атога учраб, ундан (юқоридаги ҳадис ҳақида) сўрадим. "Саъд ибн Иброҳим менга сўзлаб берган эди" деди. Молик ибн Анас (мадиналик): "Бу йил Саъд ҳаж қилмади, Мадинада у" деди. Мадинага бордим ва Саъд билан учрашдим. "Ҳадис сизлар томон (Басра)дан, менга Зиёд ибн Михроқ сўзлаб берган" деди.

"Бу қанақаси бўлди? - дедим ўзимга. – Кўфадан чиқиб турган ҳадис бирдан Мадиналикка ўтиб, яна басраликка қайтиб қолса?!". Басрага қайтдим. Зиёд ибн Михроққа учрадим. Ҳадис ҳақида сўрар эканман, у: "Сизга тўғри келмайди у ҳадис" деди у (йўлининг заифлигига ишора қилиб, чунки Шўъба ҳадисларни текшириш ва танлашда, саҳиҳларини олиб, заифларини ташлашда машҳур эдилар). "Сўзлаб беринг менга"- дедим. "Қўйинг, истаманг" деди у. "Йўқ, сўзлаб беринг" дедим. Шунда у: "Менга буни Шаҳр ибн Ҳавшаб (тобеинлардан, лекин хотирасида заифлик бўлган, шунга кўра хатоси кўп бўлган ровий) Абу Райҳонадан сўзлаб берган, Абу Райҳона Уқба розияллоҳу анҳудан ривоят қилган" деди.

У "Шаҳр ибн Ҳавшаб"ни айтиши билан мен: "Ҳадисни (яъни, заифлиги туфайли ҳадис ривоят этилган йўлни) тилка-пора қилди. Бу каби (қийинчилик билан ўрганилган) ҳадис саҳиҳ бўлганида, менга аҳлу аёлимдан, молу дунёмдан, барча одамлардан ҳам севимли бўлган бўлар эди" деб Шўъба ҳикоясини тугатди". Иқтибос тугади.

Қаранг, биттагина ҳадиснинг санадларидан бирини текшираман, деб, Кўфа (Ироқ)дан Макка, Мадинага бориб қайтган экан.

Оллоҳ таоло Ислом равнақи учун хизмат қилиб ўтган уламоларни раҳматига олсин, улкан ажрлар берсин, омин.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!