Ҳадис шарҳи: “Ибодатларингизда ҳаловат топмоқчи бўлсангиз...”

15:00 09.03.2019 1334

Жарир ибн Абдуллоҳ Булжий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу деди: «Мен ўзи истамаган ҳолдаги (номаҳрамга кўзнинг тушиши) қараш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол қилдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга кўзни олиб қочишни буюрдилар ва яна, киши бир аёл кишига ногоҳон қараганда, ундан лаззат ҳиссини ва ўзига жалб қилишни сезса, унга қайта қараш ҳалол эмас», дедилар.

Чунки бунда фитнага чақирувчи, фаҳш ишларга чорловчи иллат бор. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қарашни кўз зиноси деганлар. Шунингдек, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган бир ҳадисда шундай дейилади:

كُتِبَ عَلَى اِبنِ آدَمَ حَظُهُ مِنَ الزِّنَى ادْرَكَ ذَلِكَ لَا مُحَالَةَ فَزِنَى الْعَينِ اّلنَّظَرُ وَزِنَى اللِسَانِ الاَنُّطقُ وَزِنَى الْاُذنى الْاسْطمَاعُ وَزِنَى الْيَدَينِ البَطْشُ وَزِنَى الرِّجْلَينِ الْخُطَى وَالنَّفْسُ تَمَنَّ وَتَشَتَهِى وَالْفَرْجُ يُصَدِّقُ ذَلِكَ اوَيُكَذِّبُهُ (رواه البخارى ومسلم).

«Одам фарзандининг номаъи амалига зино қилувчи деб ёзиб қўйилади. Албатта, унинг азобини тортади. Зеро, кўзнинг зиноси (номаҳрамга) қарашдир; тилнинг зиноси (номаҳрамга) гапиришдир ва қулоқларнинг зиноси (номаҳрамдан) эшитмоқдир ва қўлларнинг зиноси (номаҳрамни) ушламоқдир ва оёқларнинг зиноси (ношаръий ишларга) юрмоқдир ва нафс (шаҳват) қилади ва фарж эса ношаръий ниятни амалга оширади ёйинки инкор қилади».

Биз яхши билишимиз керакки, мўмин киши кўзини ҳаромдан юммоғи ёки четга олмоғи ҳам бир ибодат бўлиб, албатта, алоҳида бир савобга эришади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

قال: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَنْظُرُ اِلَى مَحَاسِنِ اِمْرَأَةٍ ثُمَّ يَغُضَّ بَصَرَهُ الاَاخْاَف اللًهُ لَهُ عبَادَةً يَجِدُ حَلاَوَتَهَا (رواه الامام احمد).

«Қайсики, бир мусулмоннинг бир хотинга кўзи тушиб қолса ва у кўзини (Аллоҳдан қўрқиб юмса) четга ўгирса, бунинг эвазига Аллоҳ унга шундай бир ибодатни берадики, унинг ҳаловатини албатта, топажак» (Имом Аҳмад ривояти).

Бу ҳадисни Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича шарҳлаган: «Биринчи назар солиш – бу руҳнинг назари, иккинчи назар солиш эса нафснинг назар солишидир. Биринчи қарашда, кўз аёл кишининг зийнатларига тушса, унга кўзни қуйи қилиш вожиб бўлади. Кўзни қуйи қилиш кўзнинг иши, шу учун савоб олади. Иккинчи бор очиб қараш ҳам кўзнинг иши, бу учун жазосини олади. Айтишларича, кўзнинг қараши руҳнинг қараши билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам “ҳаё икки кўзда” дейдилар. Чунки ҳаё руҳнинг иши. Яна айтадиларки, кўзи кўрдан ҳожатингни сўрама. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: «Кўзи кўрдан ҳожатингни асло сўрама, агар кишидан ҳожатингни сўрасанг, унинг афтига юзлан, зеро ҳаё икки кўздадир. Шунингдек, тунда ҳам асло сўрама, ҳожатингни тонгда сўра! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эй Аллоҳ, умматимга уларнинг тонгларида барака бер!».

Агарда киши кўзини ҳалол бўлмаган нарсадан қуйи қилса, руҳини ифлосланишдан сақлаган бўлади. Нафсини эса шаҳватдан лаззат олишдан сиқиб қўйган бўлади ва шу сабабдан унга бу дунёда савоб нури берилади, оқибатда у ибодат ҳаловатини топади. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аёл зийнатларига қараш, шайтоннинг ўқларидандир». Кимки кўзини четга олса, Аллоҳ унга ибодатида ҳаловат беради” («Наводир ал-усул» асари, 327–328-бетлар).

Манбалар асосида Тошкент шаҳридаги “Коҳ ота бузрук” жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!