Илм

Ҳадисларни англаш учун еттита нарсани билиш керак

559

1.  Араб тилини яхши билиш.

Ҳадиси шарифлар луғавий, балоғат ва фасоҳат ҳамда адабий жиҳатдан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Шунинг учун ҳадиси шарифларни тўғри англаб етиш учун энг аввало араб тилини яхши билиш керак. Олий мақом каломни яхши тушуниш, нозик маъноларини тўла англаб етиш, уларданги шаръий ҳукм, ваъз-иршод ва ибратларни мукаммал ўзлаштириб олиш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатидан яхши хабардор одам бўлиш керак.

2.  Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш.

Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Чунки, Қуръони Карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Агар ҳадис саҳиҳ (ҳақиқий) ҳадис бўлсаю, маъноси Қуръони Карим таълимотларига зид кўринаётган бўлса, унда сиз билан биз уни тўғри тушунмаётган бўламиз. Бундоқ ҳадиснинг нозик нуқталари бўладики, уни мутахассис олимларгина баён қилиб беради.

3. Бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб солиштириб кўриш.

Агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки ўша ғайри оддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзуъдаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз.

4. Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш.

Қуръони Карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарурлиги маълум ва машҳур ҳақиқат! Ҳудди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам таълуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабаларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шунингдек, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади.

5. Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажрата билиш.

Ҳадиси шарифларни фаҳмлаб етиш, уларга амал қилишда хатога сабаб бўладиган нарсалардан бири ҳадисдан кўзланган мақсад қолиб, кўпроқ мақсадга эришиш йўлидаги воситага эътибор беришдан келиб чиқади.

6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билиш зарурлиги.

Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг эқори чўққисида бўлгани учун мазкур нарсалар ҳам керагича У зотнинг сўзларига кирган. Буни араб тилида мажоз, дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади.

7. Ғойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш.

Кўпгина ҳадиси шарифларга ғойиб олами ҳақида сўз юритилган. Булар биз яшаётган оламда кўзимизга кўринмайдиган, масалан, фаришталар, жинлар, шайтонлар, иблиснинг лашкарлари, Арш, курси, лавҳул маҳфуз каби нарсалардир. Шунингдек, барзах ҳаётига (ўлим билан қиёмат орасидаги ҳаётга) тегишли, қабрда савол бўлиши, қабр азоби ёки неъмати ҳам ғойиб нарсаларга киради. Ғойиб нарсалар ҳақидаги гаплар асосан охират ҳаётига боғликдир. Қиёмат қоим бўлиши, қайта тирилиш, маҳшарга йиғилиш, қиёмат куни даҳшатлари, улкан шафоат, тарозу, ҳисоб-китоб, Сирот кўприги, жаннат ва унинг неъматлари, дўзах ва унинг азоблари, одамларнинг улардаги даражалари ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғойибдандир.

Ушбу мавзуъда собит бўлган саҳиҳ ҳадисларда келган маъноларга ишониб уларни тасдиқлаш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Ўйлаймизки, юқорида зикр қилинган мулоҳаза ва қоидаларни билиш ҳадис ўрганмоқчи бўлган ҳар бир кишига зарурдир. Албатта, ҳадис илми билан шуғулланиб мутахассис бўлмоқни ният қилганлар юзлаб китобларни ўқиб-ўрганишлари керак. Биргина қоидани яхши ўзлаштириб олиши юзлаб ҳадисларни осон ва тез тушунишга сабаб бўлади. Агар бу мулоҳаза ва қоидаларни бир-икки ўқиганда ўзлаштириб олиш имкони бўлмаса, қайта-қайта ўқиш керак.

Қудратуллоҳ Аҳмад тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рашк таомга солинадиган тузга ўхшайди

715 18:00 21.10.2019

Аксириш неъмати

1498 22:00 26.09.2019

Маънавият дарсида Бухорий ҳадислари ўргатиляпти

997 11:05 19.09.2019

Адабиёт дарсида ҳадис ўрганишибди...

1760 10:53 17.09.2019

Ашуро куни оиласига кенгчилик қилиб бериш

4047 08:55 08.09.2019
« Орқага