Ҳадяни олиш ҳақида

08:00 06.01.2018 549

Ҳазрат Умар (розиаллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) менга (бир нарсалар) бердилар. Мен эса: “Сиз буни мендан муҳтожроқ одамга беринг”, дедим. У зот: “Ол буни. Сен кутмаган ва истамаган ҳолда сенга берилганини ол. Бундан бошқа ҳолларда эса нафсингга эргашма!” дедилар» (Муттафақун алайҳ).

“Ибн Умар (розиаллоҳу анҳу) на бирор нарса сўрарди ва на унга эҳсон қилинган нарсани қайтарарди”.

Шарҳ. Шу маънодаги бошқа ривоятларда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрат Умарга бир хизмати эвазига берганлари айтилган. Демак, бу эҳсон фақирлик сабабли эмас, балки ҳақ сифатида берилган бўлади. Ҳозирги кун таъбири билан айтсак, маош ёки ҳақ тўлашдир. Шунинг учун Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳазрат Умарнинг “Буни мендан муҳтожроққа беринг”, деган сўзларини эътиборга олмаганлар. Ҳадисда бошқарув, қозилик, закот йиғувчилик, садақа тарқатиш каби хизматлар эвазига ҳақ олиш мумкин эканига далил бор. Чунки Расулуллоҳ ҳазрат Умарга ҳақ берганлар. Ибн Мунзир Зайд ибн Собит (розиаллоҳу анҳу)нинг қозилик қилгани учун ҳақ олганини қайд этган. Абу Убайд бу масалада садақа ишларида ишлайдиганларга улуш беришга Қуръони каримдан ҳужжат келтирган: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчиларга... (бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)” (Тавба, 60).

Олимлар бу ҳадисдан келиб чиқиб, ҳадяни олиш ёки қайтариш хусусида мунозара қилишган. Имом Нававийга кўра, агар ҳадя берувчининг молига ҳаром кўп аралашган бўлса (яъни, молининг кўп қисми ҳаром йўл билан топилган бўлса), унинг ҳадяси ҳам ҳаром бўлади. Аммо ҳаром кўп аралашмаган бўлса ва олувчи шунга ҳақдор бўлса, ҳадя мубоҳ бўлади.

Кўпчилик олимларнинг фикрича, бу борадаги энг тўғри сўз шу: ким ўзига берилган молнинг манбаси ҳаром эканини билса, уни олмайди, зеро, у ҳаромдир. Ҳалол эканини билса, қайтармайди, у ҳалолдир. Агар шубҳага тушса, эҳтиёткорлик йўлини тутиб, ҳадяни қайтаради, бу тақводир.

Юқоридаги ҳадисни берилган эҳсонни мутлақ шаклда қабул қилишга асос деб билган олимлар ҳам бор. Улар Пайғамбаримиз аҳли китоб молларининг кўп қисми шароб, чўчқа гўшти ва фосид савдо-сотиқ каби ҳаром йўллар билан топилганини била туриб, улардан жизя олганларини далил келтиришади.

Ибн Баттол: “Сўралмагани ҳолда келган молни олиш қайтаришдан афзалдир”, деган.

Бу ҳадис ушбу ҳукмни ўз ичига олади: давлат бошлиғи, лозим кўрса, бошқа муҳтожроқлар бор туриб ҳам муҳтож бўлмаганларга эҳсон қилиши мумкин. Шунингдек, улуғлар ва раҳбарларнинг ҳадяларини рад қилиш одобдан эмас, айниқса, бу ҳадя Расулуллоҳдан келган бўлса. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинг...” (Ҳашр, 7).

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!