Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳаж – ибодат, мартаба эмас!

4634

“Шум бола” фильмида Қоравойга юмуш буюрган чол “Хўп бўлади, бобо” деган жавобга, “Бобо эмас, ҳожи бобо” деган гапи халқ тилида юмор бўлиб айланиб юрарди. Бу энди ўтган аср бошидаги гаплар. Бизнинг асримизда ҳаж ва умра сафарларига бориб келган одамлар орасида бошқа бидъатлар ҳам урф бўлмоқда. 

Яқинда юмуш билан қўшнимизникига чиқсам, бошқа бир қўшнининг қизи қарз сўраб чиқди. Онасининг умра зиёратидан келишига зиёфат дастурхони ёзиш учун пуллари етмаётган экан. Қўшним ичкари кириб эридан пул олиб чиқиб берди... Ўйлаб қолдим, қарз-қавола қилиб зиёфат бериш шартми? Оналарини ўзлари кутиб олиб, чарчаб келган одамга дам олгани шароит қилиб қўйишмайдими? Кейин бундан ҳам қизиқ гап эшитдим. Қўшни республикадаги танишларидан бири ота-онасини умра зиёфатига юборган экан. Катта ўғли ота-онасининг қайтадиган кунида узоқ вилоятдан хизмат сафаридан келибди. Кичик ўғиллари ота-онани аэропортдан уйларигача кортеж қилиб олиб келишибди. Кўчани бошига келгач, онасини туширамиз дейишса, қариндошлар қўймапти. Катта ўғил ярим соатдан кейин сафардан етиб келиб онасини кўтариб туширибди. Янги “удум”ни қаранг, кичик ўғиллар катта аканинг изнисиз онасини олиб кирмас эмиш. Йўлдан ҳориб келган она совуқ кунда яна ярим соат машина ичида ўтиришига тўғри кепти. 

Ижтимоий тармоқларда ота-оналарини ҳаж ва умра зиёратига юбораётган фарзандлар ҳақида хабарлар чиқиб туради. Буни яхшиликка йўямиз. Зеро, бошқаларга ўрнак бўлиши мумкин. Лекин уларни кутиб олиш маросимини тантанага айлантириб, ҳар хил маросимлар ўтказаётганлар ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Вилоятлардан бирида кўчанинг бошидан уйгача 10-15 метр ерга қизил гилам тўшалган. Зиёратчилар келиб тушди. Қатор турган аёллар уларнинг пойига бошидан рўмолини олиб ёзди. Зиёратчилар босиб ўтишгач олиб қайта бошига ташлаяпти. Бу ишни тўхтатинглар, деб на зиёратдан келганлар, на бирор ҳамқишлоқ чиқмаяпти. Бемалол рўмолларни босиб кириб келишяпти. Баъзилар уларнинг елкаларини тавоф қиляпти!

Аслида ҳаж Аллоҳ буюрган фарз ибодатларнинг бири. Биз шу ибодатни адо этган одамга чин дилдан ҳавас қиламиз. Ўзимизнинг ҳам қадамимиз етишини орзу қиламиз. Аслида ҳавасимиз ибодатни адо этган инсонга эмас, ибодатга бўлганда эди. Бандани тавоф қилиш, унинг йўлига пойи патак бўлишга тушиб кетмас эдик. 

Зумрад деган тутинган синглим бор. Баъзи масалаларда менга устоз. Яқинда ҳаж зиёрати ҳақида суҳбатлашиб қолдик. “Аллоҳ насиб этиб, ҳаж зиёратига борадиган бўлсак, оиламиздагилардан бошқа ҳеч кимга айтмай бориб келамиз, бўлмаса одамлар орасида ҳар хил ишлар ёйилиб кетибди”, дейди. Илоҳим, қалбларимиз соғинган жойга Аллоҳ қадамимизни етказсин. Аммо ибодатимиз ўзимиз учун, кўз-кўзлаш учун эмас. Ахир ибодат билан мақтаниб бўлмайди-ку!

Бир опамиз “Ҳожи онанинг вафотидан кейин анча ўзимни олдириб қўйдим” деди. Истиҳола билан қайси ҳожи она десам, ўзининг онаси ҳақида гапираётган экан. Аввало ҳавасдамиз, оналарининг фарз ибодатини амалга ошириб келиб, омонатларини топширганларидан. Бироқ... тўғри онам деса нима қиларкан. Аслидаку, кимни қандай атамоқ ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Лекин ибодатни мартаба билиш ҳоллари кўпайиб кетаётгани хавотирга солади. Шунинг ортидан бидъат ва хурофотлар кўпайгани янаям кўпроқ хавотирли. 

Ҳар ким ҳар хил орзу ҳавас қилади. Бунга аралашишга, қайтаришга ҳақимиз йўқ. Ахир ким истамайди ҳаж ибодатини бажаришни? Фақат ибодатнинг охирини ҳабата қилиб қўйиш яхши эмас.

Манзура Шамс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эрон-Саудия Арабистони келишувининг геосиёсий аҳамияти: АҚШ ўйиндан чиқарилдими?

81 20:30 22.03.2023

Таровеҳ муносабати билан Тошкентдаги айрим кўчалар вақтинча ёпилади

250 19:42 22.03.2023

Энг яхши табиб

333 19:15 22.03.2023

«Пекин Ашхобод билан муносабатларга катта эътибор беради» — Си Цзинпин

282 18:40 22.03.2023

РЎЗАГА ОИД ФАТВОЛАР

30 18:05 22.03.2023

Асад режими Ҳалаб аэропортига ҳаво ҳужуми юзасидан Исроилни айбламоқда

248 17:10 22.03.2023
« Орқага