«Уларга меҳру шафқат ила боқинг ва Ҳаж савобига эга бўлинг»

11:00 14.05.2019 364

Қуръони Каримнинг йигирмадан ортиқ ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топишга амр қилинади. Жумладан, «Анкабут» сурасининг 8-оятида:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا

«Инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюр­дик...» дейилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қи­лишни ҳар бир мусулмон кишига фарз қилган. Шу са­бабли уларга яхшилик қилиш ака-ука, ёру дўстларга ва ҳатто фарзандга яхшилик қилишдан ҳам устун туради.

Ота-онага зинҳор озор бермаслик ва уларнинг сўзу феълларидан ҳеч малолланмасликка буюриб, қуйидагича хитоб қилади:

 

وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا.وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қили­шингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гў­даклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам улар­га раҳм қилгин!» («Исро» сураси, 23-24-оят).

«Уларга ёқимли сўз» деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки «отажон, онажон» каби сўзлар билан ёш гўдаклардек авайлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (Имом Насафий ва Хозин тафсирлари).

Этибор беринг, Ҳақ таоло ота-оналар ҳақларига дуо ва истиғфор айтиб туришга буюриб, марҳамат қиляпти:

وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِوَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

«Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қано­тини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!».

 

Бошқа бир оятда эса:

رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ

«Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўмин­ларни мағфират қилгин!» дейилади(«Иброҳим» сураси, 41-оят).

Фарзанд ҳар доим ота-онасининг сўзларига қулоқ солиши ва уларга итоат қилиши лозим. Аммо ота-она бирор гуноҳ ишга буюришса, уларга итоат қилинмайди. Масалан, ота ўз ўғлига дўконга бориб маст қилувчи ичимлик олиб келишни буюрса, бу ҳолатда отага итоат этилмайди, балки қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик ва мулойимлик билан тушунтирилади.

Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида фарзандларни ота-оналарга яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топиш учун ҳаракат қилишга буюрганлар. Жумладан:

رِضَى الرَّبِّ فيِ رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فيِ سَخَطِهِمَا

«Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг но­розилигига қараб бўлади», дейилади (Имом Табароний ри­вояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамба­римиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:

 

مَا مِنْ وَلَدٍ بَارٍّ يَنْظُرُ إِلىَ وَالِدَيْهِ نَظَرَ رَحْمَةٍ إِلاَّ كَتَبَ اللهُ لَهُ بِكُلِّ نَظْرَةٍ حَجَّةً مَبْرُورَةً. قَالوُا: وَإِنْ نَظَرَ كُلَّ يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ ؟ قاَلَ: نَعَمْ. اللهُ أَكْبَرُ وَاَطْيَبُ

«Қайси бир солиҳ фарзанд ўз ота-онасининг юзларига меҳру шафқат назари ила боқса, Ҳақ таоло у кишининг ҳар бир қилган назарига бир ҳаж қилганнинг савобини бергай». Шунда саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бир кунда юз марта боқса ҳам, юз ҳажнинг савоби ёзилаверадими?» Онҳазрат: «Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай», деб жавоб бердилар.

Абдуллоҳ ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Бир киши йиғлаб қолган ота-онасини ташлаб ҳижрат қилиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига байъат беришга келганида, Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларнинг олдига қайтгин ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар.

Яна бир ҳадиси шарифда бир киши келиб жаноби Сарвари оламдан сўради: «Ота-онам вафот этдилар. Энди уларга нима қилсам, зиммамдаги ҳақларини адо этган бўламан?» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота-она вафот этгач, фарзандларнинг зимма­ларига вожиб ишлар, аввало, уларга жаноза намози ўқиш, вақти-вақти билан дуою истиғфорлар айтиб туриш, қилиб кетган барча васиятларини бажариш, уларга яқин бўлган ёру дўст, қариндошларини иззату ҳурмат қилиш, ота-она тарафидан бўлган қавму қариндошларга силаи раҳм бажо келтириш, қабрларини зиёрат қилиб туриш, бировлардан қарз ёки омонат олган бўлишса, уларни эгаларига етказиш», деб жавоб қилганлар.

Ўтиб кетган ота-оналарнинг руҳлари шод бўладиган амалларнинг энг улуғи улар қолдириб кетган фар­занд­ларнинг солиҳ ва қобил бўлишларидир. Агар фарзанд ўзини ёмон йўллардан, гуноҳ ишлардан сақлаб, рушду ҳидоят, тоат-ибодатда юрадиган бўлса, бунинг савоби­дан ўзи ва зурриётларигина эмас, балки ўтиб кетган ота-оналар ҳам албатта баҳраманд бўлишади.

 

Шайхонтоҳур тумани, «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом-хатиби, Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!