Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳажарул Асвад туфайли мусулмон бўлган британиялик жосус

4093

Ислом дини тарихини ўрганаётган шарқшунослар Каъбадаги Қора тош тарихини яхши биладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида Қора тош жаннатдан туширилган тош экани, у энг бошида сут каби оппоқ бўлган-у, кейинчалик инсониятнинг гуноҳлари оқибатида қорайиб кетганини сўзлаганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳажарул Асвад жаннатдан сутдан ҳам оқ бўлган ҳолида нозил бўлган. Уни бани одамнинг гуноҳлари қорайтирган», дедилар» (Термизий ривояти).

Бу ҳақидаги маълумотларни ўқиган Кембриж университети География жамиятининг британиялик шарқшунослари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини инкор этиш мақсадида Маккадан Қора тошнинг бир бўлагини олиб келиш учун жосус жўнатадилар. Бу билан улар мусулмонларга ҳадисларнинг ишончсиз ва асоссиз эканини исботламоқчи бўладилар.

Маккага йўл олган жосус аввало Марокашга бориб етти йил давомида араб тилини мукаммал ўрганади. У ўша ернинг лаҳжасигача ўзлаштириб, марокашлик зиёратчи сифатида Мисрга қараб йўл олади.

Мисрга келган жосус, бу ерда мисрлик мусулмонлар билан бир кемада Ҳижозга сафар қилади. Авваллари зиёратчилар сафарга чиқаётганларида егулик ва зарур эҳтиёж учун нарсаларни ўзлари билан олиб юрганлар. Сафар давомида ўзи билан ҳеч вақоси йўқ бўлган британиялик жосусни мусулмонлар ўз таомлари ва емакларидан меҳмон қиладилар. Улар унга шунчалик ғамхўрлик кўрсатадиларки, буни кўрган жосус ҳайратдан лол қолади. Мадинага етиб келган жосус Мадинанинг гўзаллиги ва файзига маҳлиё бўлиб қолади. Маккага келгач эса, Каъба ва унинг виқори олдида сўз тополмай, ёқа ушлайди. Каъбанинг ҳар томонлама мукаммал қурилиши, шу билан бирга содда ва ўта виқорли кўринишидан таъсирланган элчи “Кўрганларим менинг қалбимни ларзага солди”, дейди.

Шунга қарамай разведкачи ўз ниятидан қайтмайди ва бир иложини қилиб Каъбанинг ичига киради. Ушбу воқеа 19-асрда бўлиб ўтган. Бу вақтларда зиёратчилар ҳозиргидек кўп бўлмаган. Каъба ҳам у даражада қаттиқ қўриқланмаган. Қисқаси, исталган киши ҳаракат қилса Каъбанинг ичига кириши мумкин бўлган.

Каъбага кирган жосус Қора тошнинг бир четидан кичкинагина бўлакчани олишга муваффақ бўлади. Тошни қўлга киритиши билан изига қайтиб, Жиддадаги Британия консуллигига учрашади. Консулликдагилар мазкур воқеадан хабар топгач, ўз вазифасини адо қилган жосус шарафига зиёфат берадилар ва гўёки Ислом дининг расули Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши далил қўлларида тургандек суюнадилар.

Шундан сўнг жосус Австралия кемасига ўтириб Англияга етиб келади ва келибоқ, Ҳажарул Асваднинг қўлга киритилган бўлагини Лондондаги табиий тарих Музейига тафтиш учун топширади. Тафтиш натижасидан маълум бўладики, мазкур тош Ер жисмларига мутлақо ўхшамайди, ҳаттоки унинг сифатига ўхшаши ҳам Ерда мавжуд эмаслиги исботланади.

Ушбу исбот британиялик жосусни лол қолдирди. Ушбу далилга қўшимча бўлган сафар давомидаги мусулмонларнинг гўзал муносабатлари унда Ислом динига муҳаббат уйғотди ва у мусулмон бўлди. Ислом динини қабул қилган жосус ҳаёти давомида “Маккага саёҳат” номли икки қисмдан иборат китоб ёзади. Китобнинг биринчи қисмида у ўзининг мусулмон бўлишидан аввалги ҳолати, Ислом динини қоралаш ниятида қилган ҳаракатлари ҳақида ёзган бўлса, иккинчи қисмида мусулмон бўлганидан кейинги ҳаёти, Аллоҳ ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати ҳақида гўзал тарзда хикоя қилган.
 
Қосимхон Бойханов тайёрлади

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каъбанинг еттита ҳақиқати

3165 08:00 13.02.2020

Ҳажарул асвадни ўпиш - суннат амал

1571 20:20 08.02.2020

Ҳажарул асвадни ўпиш қандай амал?

2920 15:00 14.02.2019
« Орқага